Янгиликлар 956
Самарқандда ўтказилаётган нуфузли саммит дунё эътиборида
15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги мажлиси қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
Бундай юқори нуфузли анжуманни Самарқанд шаҳрида ўтказилишининг бир қатор ўзига хос жиҳатлари бор. Тарихдан Самарқанд дунё халқларининг маданияти ва цивилизациялари туташган шаҳарлардан ҳисобланади. Иккала Ренессанс даврининг юзага келиши ва ривожида Самарқанд шаҳри муҳим роль ўйнаган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мазкур нуфузли анжуман олдидан муҳим фикр-мулоҳаза ва таҳлилларни ўз ичига олган «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» номли мақоласи саммитдан кутилаётган натижалар Ўзбекистон ва дунё ҳамжамияти учун қандай имкониятлар яратиб берилиши акс этганлиги билан аҳамиятли.
Хусусан, мақолада, «Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади» шиори асносида ўтказилаётган ушбу саммит бугун дунёда содир бўлаётган хавфли муаммолар ва уларнинг гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – бу конструктив мулоқот эканлиги, мамлакатлар, улар хоҳ катта, ўрта ёки кичик бўлсин, ўзларининг тор доирадаги манфаатларини устун қўймасдан, аксинча, асосий эътиборни глобал ҳамжиҳатликка қаратишлари лозимлиги ҳамда ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиши ва ҳурмат қилиши лозимлиги баён этилган.
Аслида ҳам 2001 йилда ташкил этилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти айнан мана шундай мақсад ва вазифаларни кўзлаган ташкилот ҳисобланади. Боиси, ушбу ташкилот маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилма ҳисобланади.
Бугун глобал даражада давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг чуқур таназзулга юз тутаётганлиги боис, дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар, глобал иқлим ўзгаришлари табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортишига, хавфли юқумли касалликлар тарқалишига ва глобал муаммолар бу аввало инсоният тақдирига бевосита дахлдор бўлган муштарак бўлган қадриятларнинг емирилишига олиб келиши, улар ҳаёти ва фаолиятига таҳдид солаётганлиги мақолада келтириб ўтилган.
Шу боисдан ҳам Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олгач, асосий эътиборни ҳамкорликнинг янги уфқларини очишга ва ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг фойдаланилмаган резервларини ишга солиш орқали Ташкилотни жадал ривожлантириш стратегиясини белгилаб олишга ундамоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкин-ки, 15-16 сентябрь кунлари азим Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган ШҲТ саммити мамлакатлар учун ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишларида янги платформаларни яратишга ва ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга улкан ҳисса қўшади.
Гулнисо САИДОВА
«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати
Бошқарма бошлиғи
Фикрингизни қолдиринг