“Самосуд” қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ!

28.07.2021 17:07:11

Ижтимоий тармоқлар орқали “Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги “Қизилсой”да чўмилган аёл “самосуд” қилинди” сарлавҳаси  остида видеороликлар тарқалиб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ушбу видеодаги аёлни шавқатсизларча дўппослаётган “аёл” ва уни видео тасвирга олаётган “эркак”нинг оиладаги, жамиятдаги ўрни қандай бўлиши мумкин? Уларни аёл ва эркак деб аташ мумкинми? Улар ўз оиласида фарзандларига қандай тарбия беришлари мумкин? Бошқаларга нисбатан ҳурмат-иззат, меҳр-оқибат кўрсатиш ўрнига зўравонлик қилиш, бирор кишининг сирини билса ҳаммага тарқатиш каби масалаларни ўргатармикин оиласида?

Бу каби ҳолатларнинг ижтимоий тармоқларда биринчи марта бўлмаётганлиги жамиятимизда қонунларга бефарқлик ҳолатларининг ошиб бораётганлигидан далолатдир.

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, аёлларга нисбатан бўлаётган зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг асосий мақсадларидан биридир.

Юртдошларимиз орасида тобора ортиб бораётган ўзаро ҳурматсизлик, инсоннинг, айниқса аёлнинг қадр-қиммати, шаъни ва обрўси топталишининг олдини олиш бир ёки икки вазирликнинг зиммасида эмас. Бу масалага давлат миқёсида тизимли ёндашиш лозим.

Биринчидан, Республика Маънавият-маърифат маркази, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари Қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини янада кучайтириш, фуқаролар, айниқса хотин-қизларга нисбатан бўлаётган зўравонликларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларнинг оқибатларини ўрганиб, таҳлил қилиниши;

Иккинчидан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мазкур ҳолатларни танқидий ўрганиши, бундай ҳолатларнинг давом этмаслиги учун керакли чора-тадбирларни аниқ кўрсатиб бериши;

Учинчидан, Дин ишлари қўмитаси мамлакатимиз аҳолисини зўравонликларнинг олдини олишга чорлаш борасида жума намозларида ва бошқа диний тадбирларда ўз муносабатини билдириши ва ушбу муносабатини кенг оммага тарқатиши;

Тўртинчидан, Республика Маънавият ва маърифат маркази аҳоли билан мунтазам равишда инсонийлик, меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, оиладаги қадриятларни улуғлаш, жамиятда аёлларга она, рафиқа, қиз, сингил сифатида эътибор қаратиш, эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш, қадрлаш бўйича тарғибот тадбирларини кучайтириб, жамиятда келиб чиқиши мумкин бўлган салбий воқеа-ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлари ҳақида аҳоли ўртасида ҳисобот бериш тизимини йўлга қўйишлари;

Тўртинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мазкур турдаги ижтимоий хавфи юқори бўлган жиноятларнинг олдини олиш мақсадида профилактик ишларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда бу борада ҳар қандай ҳуқуқбузарликка қонуний жазо муқаррарлигини фуқароларимиз онгига сингдириши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Шу билан бирга Ўзбекистон “Адолат” СДП юқоридаги каби зўравонликни қўллаётган ва уни тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштириш орқали инсон, айниқса аёл шаънини топтаётган, уларга нисбатан қонуний жазо турини қўллаб, бундай ҳолатларнинг такрорланмаслиги учун судларни очиқ тарзда ўтказиш ва уларни ижтимоий тармоқлар, умуман барча турдаги ОАВ орқали намойишини ташкил этишни лозим деб ҳисоблайди ва ўзининг сайловолди дастурида инсоннинг шаъни, унинг қадр-қиммати ҳар нарсадан устунлигини белгилаган.

Конституциянинг 24-моддасида белгиланганидек, “яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир”.

Зеро, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси англаб етиши лозимки, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари амалдаги қонунчиликда белгиланиб, қонунан ҳимояланади.

Гулнисо САИДОВА,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

Марказий аппарати бошқарма бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+