Янгиликлар 1623
Сенат раиси 3 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлга уйларнинг калитини топширди
Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигида ишчи гуруҳ вакиллари Фарғона вилоятидаги ўрганишларини дастлаб Қўштепа туманидан бошлади. Туманнинг “Истиқбол” МФЙда «маҳаллабай» ишлаш тизими, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга кўрсатилган тиббий, моддий ва маънавий кўмак, уларнинг бандлигини таъминлаш, томорқалардан мақсадли фойдаланиш бўйича олиб борилган ишлар билан танишиб, С.Умарова, М.Мирзаева, М.Турғунова хонадонида бўлдилар.
“Фарғона сув таъминоти” МЧЖга қарашли собиқ, қаровсиз ва ташландиқ бино туман ҳокимлиги кўмаги билан тадбиркор томонидан таъмирланиб, яшаш учун керакли шароитлар яратилган. Уйга зарурати бор, кўп болали аёлларга фақатгина коммунал хизматлари учун тўловлар амалга ошириб бориш шарти билан янги уйларнинг калитлари тақдим этилди. Сенат раиси томонидан 3 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлга уйларнинг калити тантанали равишда топширилди.
20 йилдан буён уйсиз яшаётгандим, – дейди Зуҳра Турғунова. – баъзан мавсумий ишлар билан шуғулланиб, кимларнингдир уй ишларига кўмаклашиб кун кечирардим. Энди менинг ҳам ўз уйим бор. Қувончим ичимга сиғмаяпти. Маҳалла аёллари кўмагида ҳунар ўрганиб, муқим иш билан шуғулланмоқчиман. Давлатимиз раҳбарига, бизга кўмак берган барча инсонларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Сенат раиси ва тадбир иштирокчилари хонадонларда яратилган шароитлар билан танишдилар.
Шунингдек, туманда ёшларни иш билан таъминлаш, “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларнинг деҳқончилик билан шуғулланишлари учун ер майдонлари ажратиш масаласида ибратли ишлар амалга ошириляпти. Бобоқум массивидаги ерлар янги ўзлаштирилган. “Абдуҳамид Абдурашид Файзи” МЧЖга қарашли ёшлар корпорациясидаги 7.2 гектар ер майдони “Ёшлар дафтари”га киритилган 24 нафар йигит-қизларга 30 сотихдан ажратиб берилган. Қумликлардан иборат бу ерларда суғориш тизими йўлга қўйилди ҳамда полиз экинлари экилди. Ҳозирда тарвуз-қовунлар баравж ривожланмоқда.
Бизларга берилган имкониятдан жуда ҳам мамнунмиз, – дейди Моҳларой Тўхлибоева. –Меҳнатимиз ортидан даромад топаётганлигимиздан ҳурсандмиз. Келгусида олий ўқув юртига кириш ниятим бор, шу билан бирга, деҳқончилик орқали даромад топиш кўламини ҳам кенгайтирмоқчиман.
Учрашувлар “Fergana Global Textile” МЧЖ пахта тўқимачилик кластерида фаолият юритаётган хотин-қизлар ва ёшлар иштирокида самимий давом этди.
Т. Нарбаева халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгаши депутатлари ва туман фаоллари билан мулоқот ўтказиб, уларни ўйлантираётган муаммолар бўйича тумандаги соҳа раҳбарлари билан алоҳида суҳбатлашди.
Тошлоқ тумани "Тошлоқ" маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган "Марташ спец одежда" МЧЖда ҳозирда 200 дан ортиқ хотин-қизлар фаолият кўрсатмоқда. Сенат раиси саноат корхонасининг фаолиятини янада кенгайтириш, маҳсулотлар турларини кўпайтириш, экспорт ҳажмини ошириш бўйича ҳам ўз таклифларини берди.
Мазкур учрашувларда Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Сенатнинг “Ёшлар парламенти”га сайланган А.Абдураҳмонов, Ф.Мирзаев, Ҳ.Атабаев, А.Тавакаловлар ҳамроҳлик қилмоқда.
Ўрганишлар Фарғона вилояти ҳудудларида давом этяпти.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг