Сенатор фаолияти: Фаол хотин-қизлар рағбатлантирилди

16.08.2021 14:08:36

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси Манзурахон Салимова Қўштепа, Ёзёвон, Учкўприк туманида бўлиб,  маҳаллий Кенгаш депутатлари,  фаол хотин-қизлар билан учрашди.

 Қўштепа,  Ёзёвон туманларида Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати Ш.Каримов билан биргаликда Сенатнинг 17-ялпи мажлисида муҳокама қилинган масалалар юзасидан депутатлар ва кенг жамоатчилик ўртасида тарғибот ишларини олиб борди. М.Салимова ялпи мажлисда муҳокама қилинган 19 та масала,  7 та қонун лойиҳаларига тушунтириш ва изоҳлар бериб, айниқса “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги амалдаги қонунларда санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар доирасида профилактик эмлашлар ўтказишни жорий этиш чоралари назарда тутилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритилганлигини таъкидлади. Сенат раиси Т.Нарбаева томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб нишонлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати чора-тадбирлар режаси”нинг 6 ва 11 бандлари ижроси тўғрисида тушунтиришлар бериб ўтди.           

 Жумладан, мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан "Мустақиллик – улуғ неъмат" мавзусида маъруза қилиб, Ҳаракатлар стратегиясининг 2017-2021 йилларда амалга оширишга қаратилган давлат дастурларида фан ва таълимни ривожлантириш ва аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилган вазифалар ижроси юзасидан бажарилган амалий ишлар ва кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда уларнинг натижалари, "Инсон манфаатлари- ҳамма нарсадан устун" ва "Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" тамойиллари асосида фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича эришилаётган натижалар ҳақида батафсил маълумот берди.

   Ўзбекистон “Адолат " СДП вилоят кенгаши раиси Шерзоджон Каримов депутатларни барча соҳада фаол бўлиш, ҳудудларда айёмни кўтаринки кайфиятда нишонлашга ўз ҳиссасини қўшишга чақирди.

Учкўприк туманида мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Сенатор вилоят ҳокими маслаҳатчиси Тўлқиной Тожиева билан биргаликда  маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг ўринбосарлари, фаол хотин-қизлар, нуронийлар ва ёшлар вакиллари  билан суҳбатлашди.    

Тадбирда сўз олган М.Салимова мустақиллик аталмиш бебаҳо неъматнинг қадр-қиммати, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўлами ислоҳотлар, одамлар ҳаётидаги туб ўзгаришлар ҳақида тўхталиб, кўплаб амалий мисолларни келтириб ўтди. 

– Шу кунларда халқимиз қутлуғ сана – Ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллик байрамига катта тайёргарлик кўрмоқда. Ҳудудларда ўтказилаётган маънавий-маърифий, тарғибот тадбирлари ҳам ушбу айёмни муносиб нишонлашга қаратилган, – дейди  сенатор. – Мазкур тарғибот тадбирларини ташкил этишдан асосий мақсад, халқимизда шукроналик ҳиссини шакллантириш, Янги Ўзбекистонда янгича дунёқарашни уйғотишдан иборат. Гувоҳи бўлганимиздек, халқимиз ўз ҳаётидаги ўзгаришлардан рози бўлиб, ўтаётган ҳар бир кунига шукрона келтирмоқда. Яратгандан Ватанимизнинг тинчлик ва барқарорлиги бардавом бўлишини сўраб, дуо қилмоқда.

Тадбир давомида бир гуруҳ фаол хотин-қизларнинг самарали меҳнатлари эътироф этилиб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Ҳудудда мурожаатлар юзасидан ўрганишлар олиб борилиб, мутасаддилар  эътибори қаратилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+