Сессияда депутат мактаб ва ҚВПдаги ҳолат юзасидан эътироз билдирди

23.12.2020 15:12:17

Фарғона вилоятининг Сўх тумани ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари Сўх туман Кенгашининг навбатдаги йигирманчи сессияси бўлиб ўтди. Сесияга туман ҳокими Сайидбаҳрон Сайидмусаев раислик қилди ва олиб борди.

Сессияда таҳлил натижаларига  кўра, ўқувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи энг паст (ёки умуман кирмаган) бўлган умумтаълим мактаблари ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари, қишлоқ ва оилавий поликлиникалар мудирлари фаолиятларига оид масъулларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Сўх тумани халқ таълими мудири А.Темировнинг  ҳисоботидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати С.Нишонов ўзи сайланган 8-Ҳазрати Али сайлов округида жойлашган 5-сонли умумтаълим мактабида ҳамда “Баркамол авлод” марказида иситиш тизими қониқарсиз аҳволда эканлиги ҳамда мазкур муассасалардаги сифатсиз кўмирни сифатлисига алмаштириш зарурлигини айтиб, эътироз билдирди. Умумтаълим мактаби битирувчиларининг олий ўқув юртига  кира олмаслик сабабларидан бири сифатида айнан уларнинг сифатли таълим олиши учун етарлича шароит яратилмаганлиги, қишда хоналар совуқ эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг ҳисоботида келтирилган маълумотлар ҳам партия депутати эътиборидан четда қолмади.

-Сариканда қишлоқ врачлик пунктида ишлаётган шифокорлар 11 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатишади – деди депутат. – Аммо ҚВПдаги шароит умуман талабга жавоб бермайди. Уч йилдан буён иссиқ-совуқ ҳамда ичимлик суви мавжуд эмас. Бу ўз навбатида санитария қоидаларининг қўпол равишда бузилишига олиб келмоқда.

Шу билан бирга депутат ўз сўзида туманда тўй маросимлари ўтказилишида карантин қоидаларига тўлиқ амал қилинмаётганлиги, тегишли тартибда чора кўрилиши зарурлигини билдириб,  бу  масала келгуси сессия кун тартибига киритилишини таклиф қилди.

 

     Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+