Сессияда депутатлар нега норози бўлди?

19.05.2021 22:05:26

Фарғона вилояти Фарғона туман ҳокимлигининг мажлислар залида туман Кенгашининг VI чақириқ 34-сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда масалага даҳлдор ташкилот раҳбарлари ва туман ҳокимлиги ахборот хизмати ходими иштирок этди. Уни  халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Р.Каримов олиб борди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан туман ҳокими ўринбосарлари, туман маҳалла ва оилани кўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари, фуқаролик ишлари ва иқтисодий ишлар бўйича туманлараро суд раислари, молия бўлими мудири, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг ахборотлари ва ҳисоботлари тингланди. Туман маҳалла ва оилани кўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Х.Абдуғаниевадан "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларни молиявий таъминотини яхшилаш орқали дафтардан чиқариш бўйича ўз саволларига жавобни тўлиқ ололмаган туман Кенгаши депутатлари мазкур масалани узоқ давом этган баҳс-мунозарадан сўнг тасдиқламай навбатдаги сессияга қолдириш бўйича таклиф бердилар. Навбатдаги сессияда тўлиқ, очиқ ва шаффоф маълумотлар тақдим этилиши зарурлиги билдирилди.

Кун тартибидаги яна бир масала –  тумандаги фермер хўжалиги томонидан агротехник тадбирлар ўз вақтида олиб борилмаганлиги сабаб 2021 йил ҳосили учун ғалла ҳам сифатсиз экилганлиги тўғрисида огоҳлантириш берилганлигига қарамай, “Фар Чимён Қорасув” ММТП ҳудудидаги “Муҳаммад Холхўжаев” фермер хўжалиги зарур чора-тадбирларни амалга оширмаган. Шунинг учун хўжаликнинг ер майдони туман заҳирасига қайтарилиши бўйича масала киритилди ва депутатлар томонидан  тасдиқланди.

Шунингдек, сессиядаги масалалар юзасидан  туман Кенгаши депутатлари –О.Дадажонова, З.Аҳмедова, Н.Исақов, И.Абдураҳмонов, В.Аҳмаджонов, А.Исроилов, А.Эминовлар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича саволлар бериб, сессияга кириталаётган масалалар юзасидан депутатларга олдиндан  маълумот берилиши лозимлиги, улар мавзу доирасида тайёргарлик кўриб, ўрганишлар олиб бориши кераклигини айтиб ўтдилар. Шунда ҳудуддаги мавжуд муаммолар янада ойдинлашиши ва муҳокама этилиб, ҳолат юзасидан таклиф ва тавсиялар бериш имконияти ошишини  билдирдилар.

 

Нодиржон КАРИМОВ,

 Ўзбекистон "Адолат" СДП Фарғона туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+