“Севимли ўйинчоғим” истеъдодларни кашф этди

05.07.2021 10:07:05

Бир неча йилдирки, мамлакатимизда мактабгача таълимни ривожлантириш ва унинг ҳозирги замон талаблари даражасида фаолият кўрсатишига эришиш юзасидан қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Кўпдан-кўп янги муассасалар қурилмоқда, бунда хусусий сектор имкониятларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Натижада болалар қамрови кўрсаткичи ҳам ошиб бормоқда.

– Бугунги кунда мактабгача таълим соҳаси ходимлари орасида ҳам сафдошларимиз кўпайиб бормоқда, - дейди “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгашининг раиси Заҳрохон Аҳмедова. – Ҳар гал улар билан суҳбатлашганимизда, тарбиявий ишларни такомиллаштириш тўғрисида ҳам гап очилади. Бу борада анчагина ибратли ишлар амалга оширилаётгани тилга олинади.

Масалан, яқинда бўлим миқёсида “Севимли ўйинчоғим” кўрик-танлови ўтказилди. Унда барча мактабгача таълим ташкилотларининг тарбиячилари қатнашдилар. Тақдим этилган ўйинчоқларни кўриб, биринчидан, уларнинг бола тарбиясига, дунёқарашини шакллантиришга, тафаккурини бойитишга қанчалик катта таъсир ўтказиши мумкинлигига ишонч ҳосил қиласиз. Иккинчидан, тарбиячиларимиз орасида ҳар томонлама истеъдодли инсонлар кўплигига тан берасиз. Ахир, чиқиндига ташланаётган латта, қоғоз ёки пластмассадан қўлбола қўғирчоқ тайёрлаш осонми? Боз устига унинг дизайни устида бош қотириш лозим. Яна ҳамма нарсага бола назари билан боқиш талаб этилади.

Масалан, услубчи Дурдона Набижонова бошчилигидаги 1-мактабгача таълим ташкилоти тарбиячилари ўз қўллари билан «Бахт» номли маҳалла барпо этишибди. Унда юртдошларимизнинг шу кунлардаги дориломон ҳаёти акс этган. Сердарахт боғ ва гулзор орасидаги боғча 1-МТТнинг кичрайтирилган нусхаси экан. 34-МТТ тарбиячиси Покиза Имомованинг ҳаракатланувчи ўйинчоқлари, 33-МТТ  тарбиячиси Умида Эргашеванинг миллий урф-одатларимизни тасвирловчи қўл ишлари ҳам кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди.  Танлов иштирокчиларининг елим идиш қопқоғи, данак, дуккакли мевалар, яроқсиз ҳолга келган диск каби чиқиндилар ва хамирдан ясаган буюмларига ҳавасингиз келади.

Ҳакамлар ҳайъати тарбиячилар тайёрлаган 7 хил йўналишдаги ўйинчоқларни белгиланган мезонлар асосида баҳолади. Вилоят босқичига йўлланма олган ғолиблар эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+