Шахс шаъни ва қадр-қимматига эҳтиёткорона ёндошув зарур

05.07.2021 11:07:56

Фарғона  шаҳрида суд фаолиятини  ёритиш  масалалари бўйича журналист ва блогерлар учун семинар-тренинг бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раисининг матбуот котиби Азиз Абидов,  юристлар малакасини  ошириш маркази  кафедра мудири, юридик фанлари доктори Бобоқул Тошев, Олий суд матбуот хизмати ходими  Акром Ариповларнинг “Суд органларининг ОАВ ва жамоатчилик билан мулоқот олиб боришининг ҳуқуқий асослари”, “Ахборот тарқатишда шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда жавобгарлик масалалари”, “Суд ишларига оид материалларни тайёрлашнинг муҳим жиҳатлари” мавзуларида маърузалари тингланди.

Семинар давомида бугунги кунда ОАВ ва судларнинг ўзаро ҳамкорлиги, ёпиқ ва очиқ судлар ва уларда  журналист ва блогерларнинг иштирок этиш тартиби масалаларида сўз борди. Шу билан бирга, кўпчиликни  қизиқтирган судда иштирок этиш учун чақирилган иштирокчилар, ОАВ вакиллари ҳамда блогерларнинг соатлаб кутиш ҳолатларига ойдинлик киритилди.

“Кутиш ҳолати билан боғлиқ масала кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлаётган бизга маълум.  Аммо, бу ҳолат атайлаб қилинмайди, балки  судда кўрилаётган ишнинг чўзилиб кетиши, баъзан кутилмаган далилларнинг ишга киритилиши ёки  тарафларнинг бири кечикиб келиш ҳолатлари сабаб юзага келади. Бу эса навбатдаги  кўриладиган  иш вақтига ўз таъсирини кўрсатади. ”,  дея  изоҳ берди суд вакиллари.

Шу билан бирга,  семинар тренинг давомида журналист ва блогерлар   ҳуқуқий мавзудаги материалларни ёритишда  инсон шаъни, қадр-қиммати ва шахсий ҳаёт дахлсизлигига эҳтиёткорона муносабатда  бўлишлари зарурлиги таъкидланди. Афсуски,  бугунги кунда   соҳа вакиллари  томонидан  мазкур тартиб-қоидаги риоя қилмаслик, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда   инсонларнинг розилигисиз шахсий ҳаётига тегишли маълумотларнинг берилиши жамоатчиликда турли муносабатлар шаклланишига олиб келмоқда. Натижада кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари  ўз шахсий ҳаётига  оид маълумотларнинг  тарқалишига оид ҳуқуқбузарликдан жабр кўряпти.  

Мутахассислар томонидан ахборотни  узатаётганда инсон шаъни ва ишчанлик обрўсига путур етказмаслик учун сўзлардан эҳтиёткорона фойдаланиш,  суд-ҳуқуқ тизимига оид терминларни тўғри қўллаш  ва бошқа масалалар юзасидан  зарур тушунчалар берилди.

Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари  университети доценти  Беруний  Алимов  томонидан иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб,  “Шов-шувли иш бўйича  суд мажлисининг ОАВда ёритилиши” мавзусида симуляцион ўйин  ўтказилди.

Семинар-тренингни жиноий, иқтисодий маъмурий судлар судьялари иштирокида суд ва ОАВ ўртасидаги муаммоли масалаларга бағишланган  савол-жавоб асосидаги  мулоқот  якунлади.

 

 Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+