“Шанхай руҳи” - ҳамкорликнинг ноёб тажрибаси

11.11.2020 18:11:11

Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасида Ўзбекистон мустаҳкам хавфсизлик, изчил ва бақувват иқтисодий тараққиёт учун энг қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳоли турмуш даражасини кўтариш, конституцион тузум асосларини мустаҳкамлаш, миллатлар аҳиллигини, халқлар дўстлигини таъминлаш, фуқаролар эркинликлари ва ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш республикамиз ташқи сиёсатининг асосий мақсадлари ҳисобланади. Ана шу мақсадларни рўёбга чиқариш жараёнида жаҳон ҳамжамияти билан алоқаларни йўлга қўйиш учун ташқи сиёсий фаолиятнинг миллий механизмлари ташкил қилинди.

Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти ва давлатлараро хавфсизлик тизимида муносиб ўринни эгаллаши, мамлакат миллий хавфсизлигини таъминлаш эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда давлатлараро ташқи сиёсатни ривожлантириш, барча хорижий давлатлар билан ҳар томонлама ўзаро ҳамкорлик қилиш, миллий манфаатларни ифодалаш ва ҳимоя қилиш каби йўналишлар асос қилиб олинди.

Тан олиш керакки, ҳар қандай халқаро ва давлатлараро муносабатларда Ўзбекистоннинг ўз ўрни бор, унинг қарашлари доимо эътиборга молик, ҳар қандай халқаро муаммоларни ечишда Ўзбекистоннинг рўйи-хоҳиши эътиборга олинмоқда. Албатта, тарих нигоҳида бу ақл бовар қилмас тараққиёт, олдинга интилиш, инсон салоҳиятининг яратувчилик куч-қудратини намоён бўлиши, фидойилик ва бунёдкорликнинг олий намунасидир.

Марказий Осиё давлатлари иштирокидаги минтақавий ташкилотлардан энг истиқболи ва ҳозирги кундаги катта аҳамиятга эга бўлгани Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)дир. ШҲТда минтақа давлатларининг иштироки ташкилотнинг асл мақсадларини амалга оширишда аъзо давлатларнинг сиёсий, савдо-иқтисодий,  илмий-техникавий ва маданий соҳаларда, таълим, энергетика, транспорт, сайёҳлик, атроф муҳитни  муҳофаза қилиш борасида самарали ҳамкорликни таъминлаш, ҳарбий ресурсларини Марказий Осиё ҳудудига жалб қилиб, диний экстремизм ва терроризм каби таҳдидларга қарши тура олиш имкониятини беради.

Куни кеча Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси  видеоанжуман шаклида ўтди.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин раислигида ўтган мажлисда Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғиз Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Бош вазири Садир Жапаров, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди иштирок этдилар.

Бундан ташқари, саммит ишида ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи давлатлар вакиллари – Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Мўғулистон Президенти Халтмаагийн Баттулға, Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний, Беларусь Республикаси Бош вазири Роман Головченко қатнашдилар.

Учрашув кун тартибидаги янги глобал хатар ва таҳдидларнинг кучайиши шароитида ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари саммит иштирокчилари томонидан кенг ва атрофлича муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида айнан мана шу устувор йўналишларда кўп томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиб, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўз тараққиётининг принципиал жиҳатдан янги босқичида турганини алоҳида таъкидлар экан, яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш анъаналарини асраш ва кўпайтиришга чақирди.

Бир қарашда таклиф этилаётган тавсиялар оддийдек туюлади. Қалқиб турган дунё тинчлиги, халқлар осойишталиги ҳақида гап кетар экан, ҳар қандай кучли давлат, гегемонликка даъвогар мамлакат “ман-манликни” четга суриб, “умумий қадриятимиз, биргаликда ривожланишга интилишимиз, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурматимизни ифода этиш бугун ҳар қачонгидан муҳим” эканини эътироф этмоғи лозим.

Бинобарин, савдо-иқтисодий алоқаларнинг кескин қисқариши, ишлаб чиқариш ҳажмларининг камайиши, ишсизликнинг ортиши, дунёнинг айрим минтақаларида ҳарбий-сиёсий вазиятнинг кескинлашуви, миллатлараро ва динлараро зиддиятларнинг кучайиб бораётган бир даврда Евроосиё маконида хавфсизлик, барқарор тараққиётни таъминлашнинг бирдан бир шарти - ўзаро қўллаб-қувватлаш ва биргаликда муроса излашдир. Бошқа йўл йўқ. Бунинг учун ШҲТнинг барча аъзо давлатлари кучли бўлиши, муаммолар ечимида якдил бўлиши, эзгу мақсад йўлида ҳамфикр бўлиши лозим.

Шу муносабат билан, Президентимиз томонидан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор долзарб ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, пандемия салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида ШҲТнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва саноат кооперациясини рағбатлантириш бўйича узоқ муддатли ҳужжатларини қабул қилиш орқали савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кучайтириш таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари иқтисодий ўсишни таъминлашда ахборот технологияларининг роли ортиб бораётганини қайд этиб, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва аҳолини ўқитишга қаратилган ШҲТнинг рақамли саводхонликни ривожлантириш бўйича дастурини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.

Таъкидлаш жоизки, пандемия даврида эҳтиёжманд аҳолининг сафи янада кенгайди. Уларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш ва камбағалликни қисқартиришнинг мақсадли аниқ тизимини яратиш вақт талаби бўлиб қолди. Чунки, пандемия чегара билмас, миллат танимас, тиббиёт, иқтисодиёт, сиёсатни тан олмас кутилмаган, талофатли жараён эканлигини исботлади.

Мазкур масалада илмий изланишларни олиб бориш, ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистонда халқаро форумни ўтказиш таклифининг берилиши ҳукуматнинг хавфли инфекцион касалликларнинг тарқалишига қарши ҳамкорликни янада фаоллаштириш, юқумли касалликлар бўйича тиббиёт муассасалари тармоғини яратиш, Телемедицина соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқишга тайёр эканлигини билдиради.

Ўзбекистон доим тинчлик тарафдори бўлган. Азал азалдан халқимиз “Қўшнинг тинч- сен тинч” мақолига риоя этиб келган. Йиллар давомидаги Афғон халқининг фиғони, отишмалар “алласи”да вояга етган авлоди узоқ кутилган тинчиликка эришиш бўйича тарихий имкониятини қўлдан бой бермаслиги ҳар қачонгидан муҳимдир. Тинчликка эришиш, Афғонистон халқига иқтисодий ёрдам кўрсатиш, минтақавий савдо-иқтисодий жараёнларга жалб этилиши, шубҳасиз, ушбу мамлакатнинг тинч, барқарор тараққиётига хизмат қилади.

Шу мақсадларда, Ўзбекистон Президенти “ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи доирасида Афғонистонга унинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турувчи кўприк сифатидаги тарихий ролини қайтаришга хизмат қиладиган транспорт йўлакларини барпо этиш ташаббусларига алоҳида эътибор қаратди ва 2021 йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Хатар ва имкониятлар” халқаро конференциясини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Саммит якунида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг Москва декларацияси қабул қилинди ҳамда ташкилот доирасидаги ўзаро манфаатли кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Ўзбекистон ташаббуси билан саммитда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги баёноти қабул қилинди.

XXI аср воқеалари шундан далолат бермоқдаки, бугун бирор бир давлат ёхуд минтақа ўз хавфсизлиги,барқарорлиги ҳамда тараққиётини фақат ўз имкониятларига таянган ҳолда узоқ муддатга таъминлаши қийин. Бундан келиб чиққан ҳолда, глобал хавфсизликнинг асосини ташкил этадиган минтақа доирасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бу муаммоларни ҳал этишнинг энг самарали йўли сифатида эътироф этиш мумкин.

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий  Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+