Янгиликлар 1254
“Шапатчи куёв” бизга нималарни англатмоқда?
Ижтимоий тармоқлар ҳаттоки, халқаро ижтимоий тармоқларини портлатган воқеа, “Ўзбекистонда қўрқинчли тўй” номи остида миллатимиз, мамлакатимизни жаҳон ҳамжамиятида шармандали ном билан танитган ўша “Шапатчи куёв” видеосини кўрдиму “Баъзи инсонлар 80 ёшда ўлсаларда, 20 ёшида кўмилади” деган гап ёдимга тушди. (Тўғриси ҳайратдаман, ҳуддики, ўзини тутиши боғча болаларникига ўхшайди, кимдир қўлидан уйинчоғини олиб қўйса, аразлаб, жаҳл қиладиган боғча боласидан кам жойи йўқ.)
Аёл кишига қўл кўтарадиган эркак, бу кучсиз, заиф эркак. У ўзидан кучлиларга шунақа кучини кўрсата олмайди, ўйлаб, ҳисоблаб, қўл кўтарган одами ўзига нисбатан қайта ҳужумга ўта олмаслигини билгани учунгина шундай “баҳодир”лигини, зўрлигини кўрсатади.
Мени уйлантиргани шундай савия билан оила қураётган эркак рўзғорни қандай эплайди. Ахир на масъулият, на оила нима эканлигини билмайдиган кишигина бундай ҳунар билан ўзини кўрсатади. Албатта бу борада келинчакни айбдор қилаётганлар, “эркакни ўрнини билсанг бўларди” деган гаплар ҳам бўляпти.
Ота-боболаримиздан азалдан “кичикка иззатда, каттага ҳурматда бўл” деган ҳикматни онгимизга сингдириб, ҳимоясиз, кучсизларга мурувват кўрсатишни ўргатишган. Нима бугун бу ўгитлар ўз моҳиятини йўқотиб, эскилик сарқитига айландими? Ҳар ишни ҳам куч билан ҳал қилиб бўлмайди ахир.
Шу ўринда таклифимни билдириб ўтишни жоиз деб билдим. Нима учун бирор олий таълимга кириб, битта мутахассисликни эгаллаб, дипломли бўлиш, олий маълумотга эга бўлиш учун ёшлигимиздан (олдинлари 7 ёшдан эди, ҳозир 4-5 ёшдан) тайёргарлик кўрамиз-у, оилага, турмуш қуриш санъати, оила тутиш сирларига тайёрланмаймиз. Менимча, ёшлар учун оила институти ташкил этилиш керак, ҳар бир ёш ушбу институтда оила маданияти, оила эстетикаси, оила ҳақидаги тасаввурларини шакллантириб ҳам руҳан, ҳам жисман улғайиши, тайёр бўлгандагина оила қуриши керак. Чунки, ватанимиз келажаги ёшлар қўлида деб такрор-такрор айтишдан чарчамаймиз, ахир юқоридаги каби оилаларда дунёга келган фарзандларга ота-оналар нима бера олади, ўзида бор тарбия, савия, салоҳиятни. Келажак авлодни дунё ҳамжамиятидаги тенгдошлари билан ҳар соҳада беллаша оладиган бўлиб вояга етишлари, ЁРУҒ келажагимизнинг чинакам эгалари бўлиши учун биологик ёши, биологик ўсиши билан бирга ақлий, руҳий жиҳатдан ҳам юксалишига эришишимиз зарур.
Лола Сайидова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари
Фикрингизни қолдиринг