Янгиликлар 3798
Шарафли касб эгалари доим ҳурматда
Маълумки, 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда “шифокорлар байрами” сифатида кенг нишонланади. Ушбу муносабат билан Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан партиямиз электорати бўлган тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг касб байрамларини кўтаринки кайфият ва юксак савияда ўтказиш мақсадида 2019 йил 8 ноябрь куни Чирчиқ шаҳрида “Тиббиёт ходимлари - эътиборимиз марказида” мавзусида байрам тадбири ўтказилди.
Унда Чирчиқ шаҳридаги тиббиёт муассасалари ходимлари, партиямизнинг фаол аъзолари, Халқ депутатлари Тошкент вилояти, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят Кенгаши вакиллари, туман, шаҳар Кенгаш раислари, Чирчиқ шахар ҳокимлиги ва кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда сўнгги бир неча йил ичида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, унинг салоҳиятини ошириш, тиббий хизмат кўрсатишнинг сифатини яхшилаш бўйича ҳуқуқий асослар яратилди. Бу халқ саломатлигини сақлашдек масъулиятли вазифада ишлаб келаётган тиббиёт ходимларига кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин кўринишидир.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят Чирчиқ шаҳар Кенгаши раиси Равшан Дастиров тиббиёт ходимларини самимий табриклаб, сўнгги йилларда тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида халқ саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом, маънан етук баркамол авлодни тарбиялаш, тиббий хизмат кўрсатишни янги босқичга кўтариш, даволаш муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганлигини таъкидлади. Шунингдек, тиббиёт соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, “ақлли тиббиёт” тизимини яратиш, сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларининг олдини олиш каби муҳим вазифаларга қаратилган партия лойиҳаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Қайд этиш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан дунёда биринчилардан бўлиб юртимизда хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди. Бу ўз навбатида оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш ва ногирон фарзандлар туғилишининг олдини олишда аҳамияти катта бўлмоқда.
Тадбир ташкилотчилари энг олий бойлигимиз бўлмиш халқимиз саломатлигини сақлашдек ўта масъулиятли ва шарафли ишда бор касбий маҳоратини, билим ва тажрибасини, инсонийлик фазилатлари ва фидойилигини аямасдан, тун-у кун меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларига юксак эътибор ва эҳтиром кўрсатиб, эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Ўзбекистон “Адолат”СДП
Тошкент вилояти Кенгаши Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг