Янгиликлар 2650
Шарафли касб фидойилари
Ҳар йили мамлакатимизда шифокорлар байрами сифатида кенг нишонланади. Ушбу муносабат билан Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти ташаббуси билан партиянинг Чирчиқ шаҳар Кенгаши биргаликда партиямиз электорати бўлган тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг касб байрамларини кўтаринки кайфият ва юксак савияда ўтказиш мақсадида бугун Чирчиқ шаҳрида “Тиббиёт ходимлари эътиборимиз марказида!” мавзусида байрам тадбири ўтказилди.
Унда Чирчиқ шаҳридаги тиббиёт муассасалари ходимлари, партиямизнинг фаол аъзолари, Халқ депутатлари Тошкент вилояти, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаш вакиллари, туман, шаҳар Кенгаш раислари, Чирчиқ шахар хокимлиги ва кенг жамоатчилик ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, тинчлик ва соғлиқ – бу ҳар бир инсон, бутун аҳолимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъмат. Фақат соғлом инсон ва халқ мислсиз ишларга қодир бўлади. Шу маънода, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларимиз саломатлигини мустаҳкамлашга, уларнинг ҳаётдан, бугунги давр ислоҳотларидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда сўнгги бир неча йил ичида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, унинг салоҳиятини ошириш, тиббий хизмат кўрсатишнинг сифатини яхшилаш бўйича ҳуқуқий асослар яратилди. Бу халқ саломатлигини сақлашдек масъулиятли вазифада ишлаб келаётган тиббиёт ходимларига кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин кўринишидир.
Тадбирда сўзга чиққан “Адолат” СДП Чирчиқ шахар Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати Равшан Дастиров тиббиёт ходимларини самимий табриклаб, сўнгги йилларда тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида халқ саломатлигини, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом, маънан етук баркамол авлодни тарбиялаш, даволаш муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганлигини таъкидлади. Шунингдек, ақлли тиббиёт тизимини яратиш, сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларининг олдини олиш каби муҳим вазифаларга қаратилган партия лойиҳаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Тадбир ташкилотчилари энг олий бойлигимиз бўлмиш халқимиз саломатлигини сақлашдек, ўта масъулиятли ва шарафли ишда бор касбий маҳоратини, билим ва тажрибасини, инсонийлик фазилатлари ва фидойилигини аямасдан, тун-у кун меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларига юксак эътибор ва эҳтиром курсатиб, эсдалик совғалар билан такдирладилар.
Фотима САТТАРОВА,
Ўзбекистон “Адолат”СДП
Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг