Янгиликлар 1932
Шифокорлар ҳақиқатан ҳам Гиппократ қасамёдини қабул қиладими?
«Шифокор Аппалон, Асклепий, Гигиэя, Панакея ва бутун маъбудлару маъбудалар номи билан уларнинг гувоҳлигида ўз кучим ва ақлимга мос тарзда қуйидагича қасамёдим қиламан ҳамда ёзма равишда тасдиқлайман: менга шифокорлик санъатини ўргатган устозларимни ўз ота-онамдек кўраман, бутун борлиғимни улар билан ҳам баҳам кўраман ва зарур бўлганида ёрдамимни аямайман; уларнинг фарзандлари менинг қон-қариндошларимдир ва бу касбни, санъатни, агар улар хоҳлашса, ҳеч қандай моддий манфаатларсиз ўргатаман; устозлик қиламан, оғзаки дарслар ва барча-барчасини ўз фарзандларимга, устозларимнинг фарзандларига, шогирдларимга мажбуриятим ва тиббиёт қонунларига асосан ўргатаман.
Беморларга ўз ақл-заковатимга таянган ҳолда фақатгина уларга фойдали бўладиган тавсиялар бераман, турли виждонсизликлар ва уларга зарар келтиришдан ўзимни тияман. Ҳеч кимга, ҳатто сўраса ҳам, ўлим келтирувчи воситани тавсия қилмайман ва шу фикрга етакловчи йўлни кўрсатмайман; худди шунингдек, аёлларнинг соғлом ҳомиладорлигини тўхтатиш учун “ёрдам” бермайман.
Ҳаётим ва касбимни тоза ҳамда соф ўтказаман. Ҳеч қачон тош касаллиги билан оғриётган беморларни операция қилмайман, шу иш билан шуғулланаётган одамларни бу йўлдан қайтараман. Мен ҳар қандай хонадонга фақатгина беморларнинг фойдаси учунгина кираман, бемор хоҳ аёл ёки эркак, хоҳ қул ёки озод киши бўлсин, ундан ҳеч нимани таъма қилмайман.
Беморни даволар эканман (муолажадан кейин ҳам), унинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни сир санаб, ҳеч қачон ошкор қилмайман»
Мазкур сатрлар Гиппократ қасамёднинг XI асрдаги қўлёзма нусхасида акс этган.
Бу маълумотларни бежизга келтирмадик. Кўплаб юртдошларимиз шифокорларни ҳали ҳам Гиппократ қасамёдини қабул қилади, деб ўйлайдилар. Кўплаб ҳолатларда буни таъма қилиш билан шифокорнинг мажбуриятларини эслатиб қўймоқчи бўлади. Аслида-чи? Аслида, инсон ҳаёти билан боғлиқ касб эгаларининг сўзи, фаолияти инсонпарварлик тамойилларига тўлақонли асосланиши лозим. Бунинг учун бирор ҳужжат ёки қонун талаб қилинмайди. Ҳақиқий тиббиёт ходимининг биринчи қонуни унинг виждонидир. Гиппократ қасамёди эса тиббиёт вакилларининг фаолиятига оид мажбуриятларини акс эттирган ўзига хос дастлабки мезон бўлган. Шифокорнинг инсонларга сифатли хизмати ва унинг инсонийлик, холислик, фидойилик ғояларига содиқлиги билан уйғун ҳолда тушунилган. Вақт ўтиши билан бутун дунё мамлакатларида мазкур қасамёд асосида замон талабларига мос меъёрлар ишлаб чиқилиши йўлга қўйилди, тиббиёт соҳасига замон нафаси билан янгича қарашлар сингдирилди. Кўплаб давлатларда ўз жамияти шароити ва талабларидан келиб чиққан ҳолда қасамёдлар ишлаб чиқилган. Жумладан, бизнинг давлатимизда ҳам. Мамлакатимизда шифокор дипломини олаётган шахслар 1996 йил 29 августдаги “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан қасамёд қабул қиладилар.
Мазкур ҳужжатнинг 44-моддасида қуйидагилар тилга олинади.
«Шифокор деган юксак унвонни олиб, тиббиёт фаолиятига киришар эканман:
ўзимнинг бор билим ва маҳоратимни беморни даволашга ҳамда инсон соғлиғини сақлашга бағишлашга;
ёши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир беморга куч-ғайратим ва вақтимни аямай тиббий ёрдам кўрсатишга;
беморнинг соғлиғини шахсий манфаатларимдан юқори қўйишга, камтар ва ҳалол бўлишга, ўз билим ва маҳоратимни доимо ошириб боришга;
шифокор сирини сақлашга;
кишиларга ҳамиша меҳр-мурувват ва шифо топишларига ишонч ҳадя этишга;
Буқрот, Абу Али ибн Сино сингари улуғ табибларнинг шонли анъаналарини давом эттиришга тантанали қасамёд қиламан.
Ушбу қасамёдга умримнинг охиригача содиқ қолишга қасамёд қиламан».
Шифокорлар қасамёдни бузганлик учун қонунда белгиланган жавобгарликка тортиладилар.
Бўлажак шифокорлар буюк бобокалонимиз, тиббиёт илми алломаси Абу Али ибн Сино номи билан қасамёд қиладилар. Шундай экан, тиббиёт вакилларига “Гиппократ қасамини ичгансан” дея ҳуда-беҳуда гап қотишлар ўринсиз, балки айрим кимсаларнинг эски стреотиплардан ҳалос бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Азамат АБДУРАҲМОНОВ,
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси,
“Ёшлар парламенти” аъзоси
Фикрингизни қолдиринг