Янгиликлар 1241
Шифокорлик касбининг мақоми ва нуфузи янада ошади
Инсон учун бу дунёда саломатликдан кўра муҳим бойлик бўлмаса керак. Шу боис ҳам бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, турли касалликларнинг олдини олишга муҳим эътибор қаратилмоқда. Зеро, “инсон қадри учун” деган эзгу тамойил замирида ҳам унинг соғлиғига бўлган эътибор мужассам.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 24 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “очиқ мулоқоти” да белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши соҳадаги кўплаб муаммоли масалаларнинг ечимига қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Президентимиз 18 март куни тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказиб, муаммо ва таклифларни эшитди. Булар бўйича мазкур фармойиш қабул қилиниб, еттита йўналишда вазифа ва масъуллар белгиланди. “Йўл харитаси” да бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш ва уларнинг тармоғини кенгайтириш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилаш, уларни замонавий тиббий ускуналар ва дори воситалари билан таъминлаш сингари масалалар ўрин олган.
Жорий йилда 136 та, 2023 йилда 140 та янги поликлиникалар фаолияти йўлга қўйилади. Олис ва чекка маҳаллаларга махсус контейнерлар ўрнатилиб, маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш режалаштирилган. Тиббиёт соҳасини рақамлаштириш жадаллаштирилиб, замонавий технологиялар ва жиҳозлар билан таъминланади. Шифокорлик касбининг мақоми ва нуфузини ошириш, уларнинг ҳуқуқий-ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Жорий йил 1 июндан бошлаб, соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг ойлик маошини малака тоифасига қараб 15 фоизгача ошириш, юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга 25 фоиз миқдорида устама тўлаш жорий этилади. Тиббиёт ходимлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашган, уларнинг ишига тўсқинлик қилган ҳамда тажовуз кўрсатган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгилаш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасида жиддий ислоҳотларга киришилди. Ҳудудларда маҳаллабай тизимда ишлаб, сифатли тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, одамларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тўғри овқатланиш, жисмоний машқлар, касалликлар профилактикаси бўйича қўлланмалар ишлаб чиқиб, оилаларга тарқатиш тадбирлари кўрилмоқда. Эътиборли жиҳати, юқори технологик жарроҳлик амалиётлари эндиликда вилоятларда ҳам йўлга қўйилмоқда. 2016 йилгача ихтисослашган марказлар 10 та ва ҳудудлардаги филиаллари 2 та ташкил қилинган бўлиб, бугунги кунда жами 24 та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, уларнинг ҳудудлардаги 269 та филиаллари ташкил қилинди.
Натижада ҳудудлардаги юқори технологик операциялар улуши 55 фоизгача етказилди. Марказлар томонидан 2021 йилда илмий изланишлар натижасида 100 турдан ортиқ юқори технологик ташхислаш ва даволашнинг янги услублари ишлаб чиқилиб амалиётга татбиқ этилди. Имтиёзли тоифага кирувчи беморларни марказларда даволаниши учун Давлат бюджетидан 600 миллиард сўм яқин маблағ ажратилиши 80 минг нафар беморларга даволаш имкониятларини яратди. Натижада хорижий давлатлар тиббиётига мурожаат қилаётган беморлар 29 фоизга қисқаришига эришилди. Жарроҳлик амалиётларининг турлари республика марказларида 350 турга, вилоят марказларида 130 турга, туман марказларида 60 турга кўпайди. Аҳолига кўрсатилаётган ихтисослашган тиббий хизматлар кўлами кенгайтирилди. Сўнги беш йилда хирургия ва шошилинч тез ёрдам марказларида буйрак ва жигар трансплантацияси жарроҳлик амалиёти йўлга қўйилди ва 700 нафардан ортиқ беморда буйрак, 17 нафар беморда жигар трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди. 2021 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 8 нафар, Самарқанд ва Наманган вилоятларида 11 нафардан, Сурхондарё вилоятида 5 нафар, Навоий вилоятида 4 нафар, Бухоро вилоятида 3 нафар, Хоразм вилоятида 2 нафар жами 44 нафар беморда буйрак трансплантацияси бажарилди.
Шунингдек, 2022 йил якунига қадар барча ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилади, жумладан, куни кеча Фарғона вилоятида ҳам ушбу амалиёт ўтказилди ва ижобий натижаларга эришилди. Мамлакатимизда йилига 500 нафар юрак туғма нуқсонли бемор болаларни замонавий усулда (окклюдер) даволаш ҳамда гематология маркази, Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунология марказида суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Натижада кўп йиллар давомида аҳолимизни қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топди, чунки бу каби амалиётлар катта маблағ эвазига хориждаги клиникаларда бажарилар эди. Энг муҳими, аҳолининг барча қатламига малакали тиббий хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилди. Тиббиёт соҳаси учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган мазкур фармойиш соғлиқни сақлаш соҳасини бутунлай янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Зеро, бу каби ислоҳотлар Янги Ўзбекистон тараққиётида инсон қадрини улуғлашдек эзгу мақсаддан дарак бермоқда.
Манзура Салимова,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Фикрингизни қолдиринг