Боқий хотира

18.02.2021 18:02:28

  Ш О Д И М А Т   О Т А   Ф А Р З А Н Д Л А Р И

 

О Н А М И З РОҲАТОЙНИ ЭСЛАБ

туғилган кунига бағишланган

ФОТОАЛЬБОМ

 Тошкент - 2021

 СЎЗ  БОШИ

Онамиз Роҳатой Алметова Ҳусан қизи 1927 йил 18 февралда Жанубий Қозоғистоннинг  Сайрам  тумани Сайрам қишлоғида деҳқон оиласида туғилган.

Отаси Ҳусан отанинг катта боғи (75 сотих) бўлиб, асосан узумчилик билан шуғулланар эди. Боғида турли навдаги қатор-қатор ёғоч ишкомларга кўтарилган узумлар бўлар эди. Бувамиз ниҳоятда узумчиликни миришкори, меҳнаткаш киши эди.

Унинг “Ҳусан узумчи” деган лақаби ёки  “Ҳусан  махсум” деб чақиришарди. Янги алфавитларни билмаганлигига қарамасдан бобом  эски ўзбек ёзувидаги ва арабча  китобларни яхши ўқиган. Ойим  болалигида бобом турли “эски китобларни” кўп ўқиб беришини айтиб берган.

Чимкентга Қўқон аравада узум олиб бориб сотган. Ойим каттароқ бўлганида бозорга ёнида  бирга борган. Бир куни арава ағдарилиб, ойим яшикларни тагида қолиб кетган, аммо у ҳеч бир жароҳат олмаган.

 Уруш йиллари анча қариб қолган бобом колхозда пахта бригадасида “звеновой” бўлиб ишлаган. Бажарилмаган режани “бажарилди”,  деб қўл қўйишни талаб қилган колхоз фаоллари кейин айбни бобомга “тўнкаб”  қўйишган. Бобомни ноҳақ жазодан сақлаб қолишда ойим катта фаоллик кўрсатган. Шу йиллари тоғаларим урушда бўлишган.

1932-1933 йиллари, очарчилик йилларида бобом  оиласи билан Тошкентда яшаган, кейин Сайрамга қайтиб келган. 1960-йилларгача Тошкентда Шайҳонтоҳур мавзесида, (Тошкент эски телеминорасининг атрофида) бобомнинг ҳовлиси бўлган экан (бу ҳақида Ҳайитмат тоғам айтиб берган).

Бувим – Бувайша (Бибиойша) – асли Фарғона водийсидан бўлган. Телевизорда Фарғонача усулда ўйнайдиган  раққоса  қизлар чиқишса, ойим “Мени шуларга ўхшаб кийинтирарди, худди шунақа тақинчоқлари ҳам бўларди”. “Андижон ва Қўқондан қариндошларимиз келиб туришарди”. Қўқонда бувимнинг бир иниси райком бўлиб ишлаган, исми Юсуфжон бўлган экан. Бувимдан кейин, фарғоналик қариндошлар билан борди-келдилар узилган.

“Чақалоқ пайтимда тунда эмаклаб ойимни ёнидан чиқиб кетибман ва уйимиз ҳовлисидаги ҳовузга томон эмаклаб борибман. Ойим уйғониб кетса, ёнларида йўқ эканман. Бир зумда ҳаммани уйғотиб, дод-фарёд солишибди. Сўнг мени ҳовуз ёнидан топишибди. Жин-пин уриб қўймадимикан, деб саволлар бериб кўришибди, кейин соғ-омон эканлигимга ишонишибди”, - дейди ойим.

“Бир куни Фарғонадан қариндошлар келишди. Ойинг қани? дейишганида, мен ойим қўшнимизни кўйлагини сўраб олиб, кийиб худойига кетди”,  - дедим. Қариндош опалардан бири менга хат ёзиб берди ва тезда ойингга олиб бориб бер, меҳмонлар уйда кутиб ўтиришибди дегин, – дейишди. Мен югуриб хатни олиб бориб бердим. У ерда кўп аёллар ўтирган эди. Ойим ўқишни билмасди. Аёллардан биридан хатни ўқиб беришини сўради. “Бувайша опа. Мен меҳмонга борадиган бўлиб қолдим, Кўйлагимни тез олиб келсангиз”...  Аёллар қаттиқ кула бошладилар. Ойимнинг ранги ўзгариб, қизариб кетди.

Уйга келган заҳотиёқ, паранжисини улоқтирди... Дадам келгандан кейин айтиб йиғлади. Дадам ҳам аччиқланиб, бозордан бир ўрам беқасам мато ўрамини олиб келди. Мана кий, деди.  Ойим мен лўлиларга ўхшаб шуни кияманми, қараб олмайсизми, деди. Аччиқланган дадам  бир ўрам матони оловга улоқтирди”...

Камолжон акам бувимни кўрган экан, уни “ниҳоятда меҳрибон, келишган чиройли, қадди букилиб қолган бўлсада, эпчил аёл эди.  Бизни уйимизга ойимни ва бизларни кўргани кўп келар эди. Зайнаб холамнинг уйига отга миндириб олиб чиқиб қўйганман” - деб эслайди.

Ойим бобомнинг фарзандлари – ака-укалари ва опа сингиллари ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берганди:   Ҳусан бобомнинг биринчи турмуши Бозоржон (адамнинг аммаси бўлган) онадан Усмон тоға, Турди ҳола ва Заҳро холалар. 

Усмон тоға  Ленгер шаҳридан урушга кетган. Охирги марта “Боку шаҳридамиз, тишим оғрияпти”,  деб хат ёзган.  1942 йил  “қора хат”  келган. Усмон тоғамни урушдан кейин Ҳайитмат тоғам, балки тирикмикан, агар ҳалок бўлган бўлса қаерда кўмилган деб,  кўп излаган. Натижасини билмайман.

“Бир куни “9-май Ғалаба байрами” арафасида университетда илмий бўлимга ҳужжатга имзо қўйдиришга кирганимда, компьютер олдида ўтирган қиз “Оға Сизнинг урушда қатнашган яқинларингиз борми?  Сайтдан кўриб бераман”,  -  деди. Эсимга Усмон тоға келди ва фамилияси билан айтиб бердим. 10 минут атрофида бояги қиз, менга тоғам ҳақидаги ҳужжатни нусха (распечатка) қилиб берди. Унда,  1942 йил. “Хусанов Усман. Пропал без вести. Родственники – Хусанов Умар – брат. Южно-Казахстанский край, Сайрамский район, колхоз имени Ленина”, - деб ёзилган эди. Мен ғалати бўлиб кетдим. Лекция ўқишга киришим керак эди, унга киришдан ўзимни қўлга олиш учун корпус атрофини уч марта  айландим деб, -  ҳикоя қилади Неъматжон.

Бувайша бувим билан бобомнинг фарзандлари: Умар деган акаси, Зайнаб деган опаси, Ойим, Маҳбуба деган синглиси, Ҳайитмат ва Расулмат деган укалари, Ҳикоят  деган энг кичик синглиси бор эди.

Ойим 1941 йили 14-ёшида адам – Шодимат Алметовга турмушга чиққан экан. Адам тўрт йил урушда бўлган ва 1944 йилда  оғир яраланиб қайтиб келган. Уруш йиллари ойим фронт ортида фаол меҳнат қилган. Урушга озиқ-овқат, кийим-кечак юборишда фаол иштирок этган. Фронторти фахрийси сифатида ойимнинг  бир неча медаллари бор (расмда). Бу мукофотлари -  СССР даврида ва Мустақиллик йиллари берилган.  Урушдан кейин адам Чимкент гидромелиоратив техникумида ўқиган. Сайрам райони сув ҳўжалиги  маҳкамасида гидротехник бўлиб ишлаган. Барибир урушдаги оғир жароҳатнинг таъсири бўлган.

“1953 йилда Сталин ўлган йили эди. Қаттиқ касал бўлдим. Ҳеч нарсани танимайдиган бўлиб қолдим. Касалим ҳам, уни давоси ҳам дўхтирлар учун ноъмалум эди. Зоҳида опанг чақалоқ эди. Унга умуман қарамай қўйганман. Охири касаллик сабабини “эскичадан” топишди. Қўшни Ҳўжааҳмад домла (улар турадиган жойда  пирлар  бор дейишарди) дам солди, уйнинг остонасига бош эгганман. Касаллигимнинг сабаби,

 Ойим Ҳайтмат тоғам ва Зоҳида қизи билан

ҳовлимизда авлиё (мозорат) борлиги ва унга қаралмай,  босиб кетганлигида, дейишди. Ҳақиқаттан ҳам ҳовлимизда авлиё бўлган ва қаралмай қолган экан. Ҳайитмат тоғанг аравада ғишт олиб келди ва авлиёни қайта тикладик. Шундан кейин мен аввалги ҳолатимга қайтиб, тузалиб кетдим. Авлиёни чироғини ёқадиган бўлдим”, -  деган эди ойим.

Ҳозир ҳам  боғимиздаги ушбу авлиёга шу атрофда ўтганларнинг авлодлари атаганини олиб келишади. Чироғини ёқишни мен давом эттириб келяпман. Турли фолбинлар ва экстрасенслар бизнинг ҳовлимиздаги авлиё  борлиги тўғрисида айтиб беришган.

1963 йилда янги уй қураман деб яхши ният билан кришган адам  бироз қарздор бўлиб қолган. Уйимиз сотилиш даражасига етган. Қарздан қутулиш учун  оиламиз тоғ ёнидаги Ленгер тумани Георгиевка қишлоғи атрофида подчилик (мол боқишга) кўчиб

кетишган. Шароит жуда оғир бўлган. Қариндош уруғлар ёрдам беришнинг ўрнига, биздан  юз ўгиришган. Ойимнинг бошига тушган қийинчиликларга чидай олмаган бувим касалга чалиниб, вафот этган. Пода кўклам пайтидан бошлаб боқилган. Қор аралаш ёмғирлар, совуқ, қорнимиз тўймайди. Куни бўйи молни кетида юриб чарчаб келамиз.  Мол боқишда тажрибамиз оз. Қорнимиз тўймайди. Тонг отмаса деймиз”, - эсларди ойим йиғлаб.

Сайрамда Роҳат исмли аёллар кўп эди. Ойимнинг сочи узун бўлгани учун – “қайси Роҳат” деса, “сочи узун Роҳат”  дейишган.  Пода боқишга борганда бир куни адангга “Мени сочимни қирқасиз, сочимга қарашга иложи ҳам йўқ, менга ҳалақит беряпти”, -дедим. Аданг зўрға рози бўлди. Сочимни қирқтириб ташладим. Қолпоқ кийиб, эркакларга ўхшаб юрадиган бўлдим. Юзим бир бурда бўлиб кетган (жуда озиб кетганди) эди. Ўзимни бу ҳолатимни ҳеч кимга кўрсатмадим. Бир марта Сайрамда уйга келиб, бошимга рўмол ташлаб юрганимда, Шарифа исмли қўшнимиз кўриб,  бошқаларга айтиб берган”. 

“Атрофда руслар яшарди. Одамга жуда меҳрибон эдилар. Бизларга қўлдан келган ёрдамни беришга ҳаракат қилар эдилар. Бир куни мол боқиб кетаётганимизда Камолжоннинг қаттиқ қорни оғриб қолди. Оёғи яланг, усти юпин, кун эса совуқ эди. Шу ерда қолдириб кетишга тўғри келди. Мен уни ўлиб қолмаса эди, деб қўрқдим. Шунда  бир  рус аёлнинг учраган, унга раҳми келиб, унга  қараган”, деб, - эсларди  ойим.

Яхши кунлар келаркан, қисқа вақтда ўзимизни ўнглаб олдик. Шу йили Ленгер томонларда ғалла жуда яхши битди. Бошқа ерларда эса ғалла муаммо эди. Уйга бадавлат бўлиб қайтдик. Қарзларни бердик. Болаларга суннат тўйини қилдик. Аммо адангни соғлиги борган сари  ночорлаша бошлади. Охирги йиллари водхоздан бўшаб, бироз Чимкентдан темир олиб чиқиб сотиш билан шуғулланди”.

1966 йил 24 январда адам вафот этган. Ойим 8 нафар фарзанд ва давлатдан  янги  уйимизни қуриш учун олинган  “ссуда” қолди. Уйда бор бир ҳужжатда 152 сўм ёзилган ( Совет  рубли алмашган 1960-йилларда бу катта пул эди).  Ойим тез орада бу қарзлардан қутилган.

“Аданг вафотидан кейин сельсовет раиси Равза опа келиб, “Роҳат бу болаларни барини бир ўзинг қандай боқасан. Уларни интернатга  топшир, деган. Мен рози бўлмадим. Шунда қўймай Маъмуржон ва Закиржонни интернатга олиб кетди. Зокиржон

интернатда қолмади ва уйга қайтиб келди. Маъмуржон 9-синфгача ўқиди”.

38 ёшли ойим бир ўзига катта маъсулият олди. Боғимиз катта. Колхоздан унинг ярмини бўлиб олиш учун келганларга ойим қаттиқ қарши турган, болта кўтариб чиққан. Сўнг келганлар индамай ортга қайтиб кетишга мажбур бўлганлар. Еримиз сақлаб қолинган.

“Адангдан кейин “совчилар” пайдо бўлди. Бола-чақа сенга нима қилиб беради, ўзингни ўйла, деганлар ҳам бўлди. Бир куни тушимда мен узатиб кетишаётган экан. Сен (Неъматжон) йўқолиб қолибсан. Сени излаб қаттиқ йиғлаяпман. Уйғониб кетсам сени қучоқлаб ётибман. Қаттиқ бағримга босдим. Нима қийинчиликлар бўлса ҳам барини кўраман, болаларни оёққа турғизаман, бировга хор-зор қилмайман,  дедим”, - айтиб берган эди онам.

                                                                                      Ойим Неъматжон ўғли билан

“Аданг ўлгандан кейин Чимкатдаги эски шаҳарда (старий городда) Маҳбуба холангни бир қўшниси, қари кампир мен чақирди. У мени ўз онасидай қабул қилишимни ва менга болалари ва келинлари ҳам ёрдам беришни айтди. У ҳўжа эди, жуда меҳрибон, болаларини сизлаб гапирарди. Ўғлини чақириб  машинасида мясокомбинатдан чалма (лигнин)  олиб келишни ва Сайрамга олиб етказиб беришни буюрди. Ўғли билан машинада Сайрамга олиб келиб чалма сотдим (ундан таппига ўхшатиб, гўвала қилиб, ўтин сифатида ишлатилар эди) . Кейинчалик   пахта олиб чиқиб сотдим...

Уйга келиб, сени эмизиб кетардим. Агар кечиксам, Зоҳида опанг Саида кеннойингга (қўшнимиз)  олиб чиқарди. Унинг ҳам чақалоғи (Мурод деган ўғли) бор эди. У сени эмизаман деса, ҳеч эммас экансан. Уйга келганимда Саида кеннойинг йиғлаб айтиб берарди, мен қўшилиб, йиғлардим”. Ундан сўнг сут сотишга ўтдим...”.

“Ойимни сут сотаётган пайтини яхши эслайман” дейди -Неъматжон. Чимкентга 60-йиллардаги “Лаз” автобуслари қатнарди. Сайрам қалъаси баланд, катта кўча юқоридан пастга тик тушганди. Катта ҳовуз, Хонкўприк атрофида чиройли дарахтлар ўсарди. Катта ариқда сув тинмасди. Янги уйимиз деразасидан Зулфия опам билан ойимни кутиб ўтирардик. Ҳар куни сут сотадиган идишда менга  албатта  бирон бир нарса егуклик олиб келарди. Бизларни ҳурсанд қилиш учун ҳар хил қизиқ  буюмлар, ўйинчоқлар олиб келарди. Сут оладиган руслар эски, аммо тоза кийимлар беришарди.

Ойим оиламиз, уйимизни, катта боғимизни сақлаб туриш учун узоқ йиллар атрофдагиларга қарши тураолди (“даб кела билди”). Биронтамизни бировларни қўлида хизматкор бўлиб, ишлашимизга йўл қўймади. Барча қийинчиликларни ўз зиммасига олди. Агар ойим  иродаси  бўш аёл бўлганида бизга жуда қийин бўлар  эди. Биз питраб, тарқалиб кетган, балки, болалар уйида ўсган бўлардик.

“7 ноябрь (у пайтларда катта байрам) куни  ҳали ёш бола Маъмуржон (акам – авт.) билан колхоз даласида пахта пўчоғини машинага ортяпмиз.  Ишчи эркаклар бизга ёрдам берай демайди. Шу пайт далада қора “Волга” пайдо бўлди. Ундан тушган шляпали кишига бояги дам олаётганлар югуриб боришди ва қўлини олишди.  Шляпали киши “Нега бу аёл билан бола байрам куни ишлаяпти. Нега сизлар дам олиб ўтирибсизлар?”, - деб ёнидагиларни уриша  бошлади. Тезда машинани тўлдириб юкни уйига олиб бориб  боринглар”, – деди. Чамамда бу киши район раҳбарларидан бири эди”.

Ойим барча фарзандларини ўқишини хоҳлади. Бобом урушдан олдин боқиб олган қиз Ҳабиба опанинг касридан ўзининг барча қизларини ёш турмушга бериб юборган. Шу сабабли ойим ҳам фақат етти йиллик мактабда ўқиган, ўзи олий таълим ололмаганидан афсусланарди. Шу сабабли ҳаммамизни ўқитиш учун бор кучини аямади.

“Камолжон ўғлим мактабни битириб, биринчи йили ўқишга кира олмади. Заводда ишлайди. Совуқда эрталаб кетиб, кеч қайтади. Йиғлагим келади. Сўнг уни Тошкентга “подкурс” (тайёрлов курсига) ўқишга юборишга қарор қилдим. Камолжон Тошкентга кетгач, сельсоветдан  армияга повестка чиқа бошлади. Сельсоветдаги Абдулқосим ака повестка кўтариб келарди. “Ўғлинг қани”,-  дейди.  “Ўғлим яхши чиқмаган, шаҳарга кетиб қолган, қаерда юрганини билмайман”, - дейман. Тушунтириш хати ёз дейди. ”Отасиз қаровсиз (беспризорный) бола бўпти”, - дейди.

Ёзда Камолжон институтга кириб кетди ва студент эканлиги  тўғрисида справка олиб келди. Сельсоветга бирга бордик.  Абулқосим ака  ҳайрон бўлиб қолди,  ўғлимни табриклаб,  менга “офарин” , - деди”.

Умар тоғам “болаларингни ўқишга юборма, олдингда ишласин, сенларни боқсин”, - деган. Аммо ойим унга кўнмаган.  Зоҳида опам Тошкент пединститутига ўқишга кирганида қаршилик қилган учун ойим Умар тоғам билан қаттиқ уришиб қолган. Ака-сингил  беш йил юз кўришмаган. Зоҳида опам ўқишни битириб келиб, қуда қилинганида тоғам кеннойи билан келиб кечирим сўрагани эсимда.

Адамдан кейин ойим мол боқди, шаҳарга сут олиб бориб сотди. Бир куни  магазиндан мато ўрами олиб, уни нотўғри ҳисоблаб берган рус қизига молини қайтариб берган. Магазинчи рус қизи қаттиқ миннатдорчилик билдириб, магазинга келиб туришни ва мато сотиб бола-чақа боқиш   фойдали эканлигини тушунтирган. Шундай қилиб, ойим мато сотишга ўтган.

Совет даврида мато сотишни “савдогарчилик”, “чайқовчилик”, “капитализм сарқитлари”, деб аташарди. Савдо қилиш қийин эди. Мана ҳозирга келиб ҳамма савдогар!

Ойим тез орада Сайрамда “Роҳат савдогар” номини олган. Катта авлод сайрамликларнинг бари ойимни яхши танишади. У пайтларда магазинларда “дефицит” деган бўларди. Камёб моталарни бизга магазин мудирлари, автолавка ҳайдовчилари, савдо ходимлари ўзлари олиб келар, ойим ҳар метрига озгина пул қўйиб сотарди. Ойим қандай  матолар яхши ўтишини яхши “прогноз” қиларди. Одамлар билан жуда яхши муомала қиларди. Янгича тил билан айтганда маркетинг ва савдо маданиятини амалда яхши ўзлаштирган эди. Келган мато олувчиларнинг аҳволига қараб сотарди. Бировни ҳақига хиёнат қилмасди. Матолар олишга турли, ҳатто таниқли одамлар ҳам келарди. Колхоз раислари, тошкентлик доцент ва профессор аёллар, мактаб директорлари, артистлар ойимдан матолар олиб кетишарди. Энг ноёб матолар ойимда бўларди. Уларнинг номларини ҳозир ҳам ёддан  биламан. Тўй қиладиган одамлар катта баҳога “оптом” савдо қилиб, бир неча ойлардан  кейин пулини тўлашарди. Хуллас, бозор иқтисодиётига ойим собиқ Иттифоқ шароитида  1970-йилларнинг бошларида бошлаган эди.  

Савдогарлик жамият мафкурасига тўғри келмаслигига қарамасдан, кўпчилик одамлар бизга хайриҳоҳлик билан қарашарди. Бир куни милиционер қўшнимиз Исоқвой акани отиб кетишди. Шу

масалада милиция маҳкамасига ойимни чақиришди. Биз баримиз қаттиқ қўрқдик. Ойим маҳкамага борганида сўрашмасада, ўзининг савдогарчилик билан шуғулланиши, буни етим болаларни асраш учун қилишини айтган. Буни эшитган бошлиқ манкентлик Эшонқул ака кўзига ёш олган: “Синглим, мен ҳам етим ўсганман. Етим болаларни боқиш қандайлигини ўз онам ҳаётидан биламан. Бемалол савдо қилаверинг. Бизнинг ходимлар орқасига қараб,  сизни кўрмай ўтишади”, - деган.

Мактабда ота-онасиз, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар болаларига кийим-кечак, оёқ кийимлар беришарди.  Ҳатто қиз болалар мактаб томонидан берилган катта ботинкаларни кийиб келишарди. Ойим ҳеч қачон уларни олдирмаган. “Мен тирик эканман, сен ундай кийинмайсан”, – деган. Синфга тизим тузишга кирган завучларга мен қатъий “кераги йўқ”, - деб айтардим. Ойим ҳеч қачон моддий ёрдам сўраб бирон-бир маҳкаманинг эшигини тақиллатиб бормаган. Барибир ойимга қийин эди.

Ойимни ажойиб хислатлари бор эди. Қўрқмасди. Катта ишларни иккинланмасдан бошлаб юборарди. Бизларни эркалатмасди. Қаттиққул эди. Тиним билмасди. Адамдан кейин қарзларни тўлиқ йўқ қилди, ремонти битмаган уйларни ўша замонни нормал даражасида битирди. Пишган ғиштдан ва оғ тунукали  катта уй қурдирди. Бир пайтлар Алмат бобом пайтида бўлган  икки қаватли чойхона ўрнига икки қаватли иморат қурдирди. Сайрамда уч акамга уй солдириб берди ва уйли-жойли қилди.

Ойим қариндош-уруғларнинг муаммоларида  “судья” бўларди, уларни ечишга ёрдам берарди. Кўп аёллар ойимга ўхшашга ҳаракат қилишарди, ундан маслаҳат олишарди. Сайрамда анча қийналган одамларга ойимни ёрдамлари бор. Мактабда ўқитувчиларимиз ойимни намуна қилиб кўрсатишарди.

Биз барчамиз олий маълумот олдик. Институтни битирганимдан кейин  Сайрамга қайтиб келиб ишлашини айтдим. Ойим “ўқи, ўқимасанг мендан кейин қийналасан. Ҳаққинги ажрата оладиган бўласан. Аспирон (аспирант) бўл”, - деди. Мен аспирантурага кирдим.

1982 йилда ойим Тошкент шаҳрида касалхонага ётқизилди. 1984 йилда иккинчи марта операция бўлганини эслайман. Юсуфжон акамнинг хизматлари орқасида ойим омон қолди ва яна бироз  йиллар умр кўрди.

1999 йил Тошкентга бориб-келганидан кейин ойимнинг соғлиги ёмонлашди. 9 сентябрь куни  мени иккинчи қизим туғилди. Турмуш ўртоғим Ҳалимани касалхонага  туғуруқхонага юборишдан 

олдин ойим нимагадир розилик сўраб, йиғлади. 10 сентябрь куни шаҳардаги бувисиникига юборган бир яшар қизимни олиб келишимни буюрди. Куни бўйи набирасини  коляскага солиб  етаклаб юрди. Тунда туш кўргани, бир чол келиб олиб кетмоқчилигини айтди. Мен “ойи тушга нималар кирмайди, қўйсангизчи! - дедим. Тунда аҳволи оғир бўлиб қолди. Ойимни тепасида жияним Марҳамат икковимиз бор эдик.

Ойим вафотидан кейин, маъракаларининг бирида ойимнинг холаларидан бири, узоқ йиллар мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган 80 ёшларни оралаб қолган Унсиной хола мени чақириб, “Роҳат ўлмаган, Роҳат тирик,  бешикда ётибди, йиғлаяпти”, - деди. Хола  менинг яқинда туғилган иккинчи қизимни айтаётган экан. “Қизингни отини Роҳат қўясан”, - деди.

Хуллас, Шодимат ака Алметов сулоласидаги кейинги авлод ёшларининг  мени ойим – Роҳатой   Ҳусан қизидан оладиган  намунали томонлари  жуда кўп. Ойимни қийин, аммо шарафли ҳаёт йўли ҳаётда катта-кичик қийинчиликларга дуч келиб саросимага тушаётган, нолиб яшаётган юзлаб аёлларга   она, аёл  қандай бўлиш кераклиги бўйича сабоқ бўлади, деб ўйлайман.

Неъматжон  Шадиметович Алметов

7 февраль 2021 йил

Ойимнинг адам билан турмуши қуриши ҳақидаги ҳикояси

Ойим ҳаёт пайтида укам Неъматжонга қуйидагиларни ҳикоя қилиб берган экан: “Урушдан олдинги йилларда, 1-май байрами арафасида, Чимкентдаги қариндошимизнинг уйига меҳмонга (жумалаб) бордик. Мен билан бирга синфдошим, энг қалин дугонам ҳам бор эди. Байрам ўтгач, уйга қайтиш учун эски шаҳардаги автобекатга келдик (ҳозирги Таштракт ёнида). Пассажирни (ойим автобусни шундай номларди) кутиб турганимизда олдимизга бир чол келиб, “Қизлар, келинглар сенларга бир фол очиб қўяй”, - деди.  Билмайман, чол жуҳут (яҳудий) ёки лўли эди.  Менинг қўлимга қараб, “Сен кўрга тегасан, кўп болаларинг бўлади. Ҳаётда кўп қийинчиликлар кўрасан. Бироқ, бахтли-тахтли бўласан. Фарзандларинг сенинг номингни чиқаради”, - деди.  Дугонамга қараб, “Сен топарман-тутарман эрга тегасан, эринг кўп бойлик топади, бироқ баракаси бўлмайди. Болаларинг инжиқ чиқади”, - деди.  Биз чолнинг гапидан ҳайратландик ва “аҳмоқ чол, айтаверади-да”, -  деб ортга қайтдик...

Орадан кўп вақт ўтмай, мен 7-синфни ҳали битирмасдан (у пайтда мактабда ўқиш етти йиллик бўлган), ўн тўрт ёшимда турмушга бериб юборишди. Дадам бизни ёш турмушга беришига, ўгай эгачим Ҳабиба исмли опамиз (дадам боқиб олган),  сабабчи бўлган. Етим қолган Ҳабиба опамни, дадам ҳаммадан кўра, кўпроқ эътибор бериб, эркалаб ўстирган эди. Уни дадам узоқ шаҳарга ўқишга юборган эди. Ҳабиба опам у шаҳарда дадамнинг рухсатисиз турмушга чиққан. Бундан қаттиқ хафа бўлган дадам, бошқа қизларини мактабни битирмасимдан, турмушга бериб юборганди. Агар шундай қилмаганида, мен ўқишимни давом эттириб, ўқимишли бўлар эдим, чунки мен билим олишни жуда хоҳлаган эдим.

Шу даврда мен ҳали жуда ёш қиз эдим. Қайнонам Ўғилжон она (расмда)  – Сайрамнинг “Пахтакор” деб аталадиган мавзесида яшайдиган, мулла Расулмат бобонинг қизи бўлиб, “қўрғончилар”  авлодидан эди. Ҳали ёш қизча бўлганим учун, қайнонам ҳар куни мактабга боришимдан олдин сочларимни тараб, мактабга кузатиб қўярди. Қайнонам билан бирга ётардим.  Мени  ўз қизидек кўриб, ўз онамдан ортиқ  кўрарди.

У қайнотамни 30-йилларда вафот этганлигини айтиб берганди. Қайнотам Алмат аканинг, ҳовлимиз олдида жуда чиройли қурилган икки қаватли чойхонаси бўлган экан. 30-йилларда колхозлаштириш даврида Алмат аканинг бор мулкини тортиб олишган, аёли эса очарчиликдан вафот этган экан. Очарчилик йиллари сайрамликларнинг кўпчилиги  ҳар томонга тарқалиб кетиб, уйлар ташландиқ ҳолатга келган.  Мен келин бўлиб тушганда, атрофда бузилган тупроқ уйлар, қуриган дарахтлар, қуш учиб келса, қўнадиган биронта яшил дарахт йўқ эди.  Хонкўприкдаги ариқдан сув ташиб, дарахт кўкартирардик.

Аданг Шодимат ака (расмда) 21 ёшда, жуда келишган йигит эди. Феъл-атвори юмшоқ, босиқ, гап-сўзлари жуда ақлли эди.

Мен келин бўлиб тушганда оила жуда ночор турмуш кечирарди. Тўй ўтгандан кейин, қўшнилардан олинган кигизлар, идиш-товоқлар эгаларига қайтариб берилганидан кейин уй деярли бўм-бўш бўлиб қолганди. Бадавлат оиладан чиққаним учун менга бу ҳолат жуда ҳунук кўринар эди. Бир сафар отамнинг уйига борганимда, унга арз қилганимда, “қизим, ҳали сен турган жойларнинг тупроғи олтинга татийдиган бўлади, сабр қил, меҳнат қил”, - деганлар. Аччиқланиб дадамнинг уйига бир ой бормай кетганман. Кейин дадам (ойим адасини “дада” деб атарди)  бизнинг уйга  сигир  етаклаб келган.

Хуллас, турмушга чиққан йил уруш бошланди. Аданг урушга кетди. Ҳар сафар дастурхон атрофига ўтирганимизда бувинг ўғлини эслаб йиғларди. Шароит жуда оғир эди. Колхозда ишладим, қўшимча фронтга озиқ-овқатлар, кийим-кечаклар юборишда фаол қатнашдим. Уруш ортида (тыл) жуда қаттиқ меҳнат қилдим. Шунинг учун шу даврда  ва Мустақиллик йилларида олган бир нечта мукофотлар (медаллар) га сазовор бўлдим.

1944 йилда отанг урушдан ярадор бўлиб қайтди... Унинг икки кўзи  кўрмасди... Польшадаги бўлган жангларнинг бирида, немисларнинг бомбаси портлаб, аданг окопда тупроқ остида қолиб кетган экан. Адангни тупроқ остидан олиб чиқишган. Сўнг госпиталга ётқизишган (1970-йиллари уйимизда томнинг тунука билан ёпишда ишлаган бир уста йигит, отаси адам билан урушда бирга жанг қилганлиги, отасининг Польша ерида адамни тупроқ остидан олиб чиққанлигини айтиб берганди).

Урушдан қайтган адангни кўрганимда, ўша пайтдаги чолнинг фоли эсимга тушди. Кўзи кўрмайдиган адангни, икки-уч йил етаклаб юришга тўғри келди. Маҳалладаги қўшни болалар “Шодака” деб, адангни етаклаб юрарди. Адангни Чимкент шаҳридаги Рошадаги касалхонага (ҳозирги 2-шаҳар касалхонаси) олиб борардик. Ўрис дўхтир аёллар, бошига қандайдир симларни ўрнатиб, электр аппаратини қўшишарди. Бу аппарат адангни бошини қаттиқ  тебратарди. Аданг қаттиқ қийналарди. Мен эса кўриб, йиғлардим...

1945 йили  март ойида ушбу ЗАГС қоғозини олганмиз.

Икки-уч йил деганда, аданг озгина кўрадиган бўлди. Кўзи бироз очилди. Кўзойнак тақадиган бўлди.  Саломатлиги бироз яхшилангач, аданг Чимкентдаги гидромелиорация  техникумида ўқиди.

Адангни Сидиқмат деган укаси ва иккита  синглиси бўлган. Бири Жаҳонбуви деган, жуда чиройли аёл эди. Жаҳон бийимнинг эри урушдан қайтмаган экан. Унинг Нишонбой исмли ўғли, ногирон туғилган бўлиб, Жамбул шаҳридаги ногиронлар уйида яшарди. У ҳар йили бир марта келиб, қариндошларни кўриб кетарди.

Адангни яна бир синглиси бўлган. Уни мен кўрмаганман. Айтишларича, 30-йиллари пахта теримида бир бойнинг мусодара қилинган уйида жойлашган шийпонни қасддан ёқиб юборишган, унда пахта терими ётоғида бўлган ўқувчи қизлар ҳалок бўлган. Уларнинг орасида адангнинг ўша синглиси ҳам бўлган экан.

Аданг кўп йиллар Сайрам тумани сувдан фойдаланиш участкаси мироби (водный объездчик)  бўлиб ишлади. Чордара сув омбори гидроэлектростанцияси қурилишида ҳам қатнашган. Бироз муддат, “Казпотребсоюз”нинг дўкон(магазин)ида сотувчи бўлиб ҳам ишлаган. У жуда саранжом-саришта кийинар, рус тилини яхши биларди. Янгиликларга қизиқар, энг янги нарсаларни олиб келишга ҳаракат қиларди. Уйимизга ҳар хил “оқ ёқали” меҳмонлар келарди. “Альметов” деб адангга ҳурмат билан мурожаат қилишарди.

Аданг ёлғиз эди, уни қўллаб-қувватлайдиганлар бўлмаган. Шу сабабли, фарзандларини ўқиб, илмли, етук одамлар бўлишини жуда хоҳларди ва умрининг охиригача шунга ҳаракат қиларди.

Аданг 1960 йиллари эски, тупроқ томли  уйимиз ўрнига янги уй қилишни ҳавас қилиб, етарлича маблағ бўлмаса-да, уй қурилишини бошлаб юборди. Аммо, ўзининг соғлиги яхши эмасди. Уруш асоратларининг таъсири сезилар эди. Охирги йиллари  кундуз куни ҳам кўп бетоб бўлиб ҳолсизланиб ётадиган, офтобда кўп юролмайдиган бўлиб қолганди.

Иморатни қураётиб аданг бироз қарздор бўлиб қолди. Уйнинг томини ёпишга эса умуман маблағ қолмади. Иложсиз иморатнинг томи, сандиққа ишлатиладиган оддий тунукалар билан ёпилди. Кейин эса... аданг қарзларини тўлаш учун иморатни савдога қўйишга мажбур бўлди.  Бир неча одам уйни сотиб олишга келган эди. Уй савдоси кетарди... Мен энди нима қиламиз, шунча бола–чақа билан қаёққа борамиз, деб ўйлардим... Шу пайт, қўшни чоллардан бири – Ҳожиҳон почча (Ҳожиҳон ота) келиб қолди ва атрофдагиларни қаттиқ койиб берди: “Иморат олган эр, иморат сотган қаро ер!”. Уялмайсанларми, бировнинг қийин аҳволидан фойдаланиб уйини олмоқчимисанларми?. Болаларини чирқиратмоқчисанларми?. Қайси бирингга бу уй буюради, деб ўйлайсанлар?. Худодан қўрқмайсанларми!” –деди. Шундан кейин келганлар бирин-кетин индамай, тарқалиб кетишди. Ҳожихон ота, адамга қарата “Иморатни сотмайсан. Ҳаракат қилларинг. Арзимас пул экан, Қутулиб кетасанлар. Иморат  ўзларингга, болаларингга буюрсин”, - дедилар.

Ҳозирги ҳисоб билан қарасам, қарз унчалик катта эмасди. Шундай оғир кунларимизда, имкони бор қариндош-уруғлар, ошна-оғайнилар ҳам бизга ҳеч қандай ёрдам беришмади. Ҳатто баъзилари биздан юз ўгирди (Ойим ҳақиқатгўй, бўлгани учун бошқа қариндошлари, барча ака-укалари, опа-сингиллари билан шартта-шартта, очиқчасига гаплашарди. Агарда холаларим уйга меҳмон бўлиб, келсалар, ойим оғир кунлари эсига тушиб, уларни жеркиб ташларди).

Шу вақтда адангни аҳволидан хабар топган Қорабулоқлик Нишон ака деган раис қариндоши, қарзларни тўлаш учун вақтинча пул ўтказиб берди. Шундан сўнг, биз пул тўплаш учун Георгиевка қишлоғига пода боқишга кетдик...

1963 йил эрта баҳордан Георгиевка (ҳозирги Ленгер районида, тоғ бағридаги  Кўксайек қишлоғи) атрофида аҳолининг моли ва қўйларини боқиб беришга киришдик. Баҳор, кунлар совуқ, бир зумда қор, ёмғир ёғиб кетади. Уст-бошимиз юпин. Қорнимиз тўйиб овқат ейишга имконият йўқ..  Куни бўйи совуқда мол боқиб келамиз. Яйловда  мол боқишга тажрибамиз йўқ. “Қани эди тонг отмаса”, -  деймиз.  Атрофда асосан руслар яшарди. Улар бизга жуда меҳр-муруват кўрсатишиб, егулик, ва иссиқ кийим-кечаклар беришарди..

Ушбу аҳволимиздан хабардор бўлган Бувайша бувинг, қаттиқ  азият чекиб, оламдан ўтди.

Лекин шунча қийинчилик билан қилган меҳнатимиз бесамар кетмади, ишимиз ўнгидан кела бошлади. Натижада, 1963 йил кузда катта даромад ва ғалла билан қайтдик. Шу йили Сайрамда қурғоқчилик, ғалла танқислиги йили бўлди, бизга яна имконият пайдо бўлди. Ортиқча ғаллани одамларга сотдик. Қарзлардан қутулдик.  Яхши кунлар ҳам келди. Неъматжонни суннат тўйини ҳам қилдик.

Аммо адангни соғлиги ночорлаша бошлади. Уруш асоратлари яна  ўзини кўрсата бошлади.  Бир куни  қаттиқ мазаси қочиб қолган адангни тоғанг келиб, опичиб касалхонага олиб кетди...Бироқ, афсуски, аданг вафот этди.

Адангдан кейин турмушимиз яна қийинлашди...”. Шунда эски шаҳардаги бир хўжа аёл менга яхши ёрдам берди ва ўзимизни тиклаб олишга йўл-йўриқ кўрсатиб турди. Аввалларига сигиримизнинг сутини сотдим. Кунларнинг бирида мен билан шаҳарга сут олиб борадиган дугонам Чернишевскийда (Чимкентдаги кўчанинг номи) мота (газлама) сотаётганлигини айтди. Сутдан тушган арзимаган пулга мен ҳам бир ўрам мато сотиб олдим. Уйга келиб ўрамдаги матони ўлчасам, сотувчи қиз берганидан анча кўп эди. “Нима қилсам экан”, - деб бошим қотарди. Тунда тушимда, бир чол мени матога ўраб думалатиб борарди.

Эрталаб сутни сотиб, биринчи навбатда магазинга бордим. Сотувчи ўрис қизга ортиқча мато берганини тушунтириб беришга ҳаракат қилдим. У мени тушунмасди ва эшитишни хоҳламасди. Бир пайт бошқа бир сотувчи қозоқ қиз келиб қолди, мен унга нима учун келганимни айтиб бердим. Қиз рус тилида тушунтириб берди. Сотувчи ўрис қиз қайта-қайта “Спасибо апа!  Спасибо апа!”, - деб миннатдорчилик билдирарди. Кейин унинг гапларини ёнидаги қиз таржима қилди. “Опа келаси ҳафта янги газламалар келади. Албатта келинг. Мен сизга мато бериб тураман. Устига озгина қўйиб сотсангиз, болаларингизга ёрдам бўлади”... Шундай қилиб, мен савдо билан шуғуллана бошладим...”. Барча қийинчиликларга қарамай, болаларимни оёққа қўйдим, Уларнинг ҳаммаси ўқиб, олий маълумотли бўлишди, касб эгаллашди Ўларини ҳаётини мустақил бошқариб, Сайрамда ва Тошкентда яшаб, ишлаб юришибди. Мени улардан кўнгли тўқ, Мен билан бирга катта уйда яшаб қолган Мен эса энг кичик ўғлим Неъматжон ва келиним ва неваралар қучоғида бига бахтли яшаяпмиз. Бошқа фарзандларим мендан келиб ҳабар олиб туришибди, ўзим ҳам ҳоҳлаган пайтда уларникига бориб тураман. Улар билан фахрланиб юрибман, ардоғида яшамоқдаман. Соғлигим яхши”.  

ОЙИМ ҲАҚИДА

Ўғили Камолжоннинг ҳикояси...

“Онам 7 фарзанд билан (акам ўша пайтда Самарқандда институтда ўқиётган эди) қолди”- деб ҳикояни давом эттиради Камолжон ака. Энг кичик укам Неъматжон ҳали ёшига ҳам тўлмаган эди. Шунда ойим тушкунликка тушиб қолмасдан, уддабуронлик, тадбиркорлик билан бизни оч-наҳор қолдирмай, вояга етказди, устимизни бутлади. Қурт боқиб, ҳовлимиздаги боғда мева-сабзавот етиштириб, сигиримизнинг сутини сотиб, шаҳардан ўрами билан матолар, кийим-кечаклар олиб келиб сотиб, болаларини бировга хор-зор қилмай, барча эҳтиёжларимизни таъминлаб берди. (Мана энди билсам, ойим шу пайтларда, уддабурон, тадбиркор бўлган экан).

Адам вафот этган йили мен 9-синфда ўқирдим. Уйдаги ака-ука ва сингиллар ичида каттаси бўлганим учун ойимга яқиндан ёрдам бердим, пилла қуртлари боқишда барглар етказиб бериб турдим. Қишлоқда уй қураётганлар учун хом-ғишт қуйиб бердим. Таътил кунларида колхоз даласига чиқиб, бригадада пахта парваришида кетмон чопдим. Оиламиз қийинчилигини ҳис этишган ҳолда,  пахтачилик бригада даласи фойдаланилмай келинган бир чекасидан 10 сотих ер ажратиб, беришди. Унга картошка экишим учун ерни ҳайдаб, минерал ўғитлар билан ёрдам беришди. Картошкани ёз давомида парваришлаб, яхши ҳосил олиб, сотиб, оила харжати учун ойимга олиб келиб бердим.  

Ота-онам болалигимиздан бизга ўқиб, билимли инсонлар бўлишимиз кераклигини уқтиришарди. Ойим шу даврда оиламиз камбағал бўлишига қарамай, барчамизни (8 ўғил-қизларни) тўлиқ Самарқанд, Тошкент шаҳарларида кундузи ўқишимизга шароит яратиб берди. Мен унга ёрдам бўлсин деб, Тошкентда ўқишим давомида, ойимдан пул олмай, степендиям, кечаси “Ташсельмаш” заводида ишлаб, олийгоҳдаги ўқишим давомида амалиётда Сирдарё хўжаликларида бажарган ишларимизга берилган маошлар ҳисобига, ўзимни-ўзим эплаб, яхши ўқиб, олий маълумотли бўлдим.

 Мана ҳозир биз фарзандлардан 2 нафари фан доктори, профессорлар, 1 нафари академик, 3 нафар фан номзоди, олий маълумотли бўлишди ва халқимизга хизмат қилиб келишмоқдамиз.

Тоғаларим Ҳайитмат ва Расулмат акаларга ойимни ҳурмати бошқача эди. Чунки, ҳар иккиси олий маълумотли, катта лавозимларда ишлар, обрўлари баланд эди. Доимо бизларга ойим иккаласини, ибрат қилиб кўрсатишар, яхши ўқиб, олий маълумотлибўлсаларинг,        тоғаларингга    ўхшаб, кучли мутахассис, катта-катта ишларни                                 

бошқарадиган бўласизлар дер эди. У пайтда Ҳайитмат тоғам  колхозда партком, Расулмат тоғам совхоз директори эди. Кейинчалик улар йирик раҳбар, бири катта давлат хўжалик раҳбари, иккинчиси Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири, фан доктори, академик даражасига етдилар. Биз жиянлар улардан ўрнак олиб, маслаҳатлари билан изидан бориб, улар каби инсонлар бўлиб етишишга ҳаракат қилдик.

Адам ва ойимнинг уларни бизга ўрнак қилишлари ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Барча ака-укалар, сингиллар, мактабда чуқур билим олишга интилдик, яхши ўқидик ва олий таълим олишга муваффақ бўлдик. Қизиғи, 4та ака-укалар яъни, мен, Маъмуржон, Зокиржон, Неъматжон Расулмат тоғам битирган ирригация институтида (ТИИИМСХ) ўқидик. Агар адам орамизда бўлганларида эди, биз унинг орзуларини рўёбга чиқарганимизни кўриб, қанчалар қувонар эди.  

Эндиликда, орамиздаги  Юсубжон ака ва Неъматжонлар фан доктори, профессор, мен  иқтисод фанлари номзоди, академик. Сингилларим Зоҳида ва Зулфия  нуфузли институтларнинг тарих ва чет тиллар ўқитувчиси; ва укаларим

Ойим ўғиллари Юсубжон, Камолжон ва Неъматжон

ҳамда келинлари Мавжуда ва Фароғат билан

Ғофуржон, Маъмуржон, Зокиржонлар олий маълумотли, ветеринар, инженерлик мутахассислари  бўлиб, хизмат қилдилар.

Ойимнинг яхши кўрган неваларидан бири, ўғлим Илҳомжон АҚШнинг Мичиган университетида  таълим олди, иқтисод фанлари номзоди, келинимиз Дилноза ҳам иқтисод фанлари номзоди. Турмуш ўртоғим Фароғат Педагогика ва Иқтисодиёт университетларини битириб, укаларим ва сингилларим ҳам олий маълумотли, нуфузли институт ўқитувчилари бўлиб ишладилар. Адам ва ойим бизлардан кутганларидек, яхши билим олиб ва яхши бахтли ҳаёт кечириб, элга хизмат қилишга муваффақ бўлдик.

Бундан буён ҳам шу каби ҳаёт тарзимизни муносибликда  давом эттириб, ойимизнингнинг улуғ сиймосини кўз ўнгимизда гавдалантириб, руҳларини шод этиб, авлод шажарасини шакллантириб, авлодимизнинг издошларини ойимни ҳайти ва унинг матонатини ибрат қилиб фойдаланишга сари чорлаймиз..

Ойим ниҳоятда талабчан, уддабурон, ҳисоб-китобни яхши биладиган, доно, меҳрибон аёл эди. У ўзи ҳам ота, ҳам она бўлиб, барча фарзандларни уйлантирди, узатди, оилалик бўлишларига бош бўлди.

У ўз фарзандларини ўқимишли қилишига ҳаракат қилиб эришиши билан бирга, Сайрамдаги укалар Ғофуржон, Зокиржон, Маъмуржон ва Неъматжонни уйли-жойли бўлишига бош-қош бўлди. Улар ўзлари яшаши учун

Ойим тўйда аёллар билан “лапар” айтаётган пайти

қулай ҳовлили бўлишди. Неъматжон билан бирга катта ҳовлида бирга қолиб, ота уйини  кенгайтиришга, таъмирлаш, боғ-роғни парваришида ўз маслаҳатини  бериб турди.

У шунча ташвиш, қийнчиликларга қарамай, кўп касаллика чалинмади. Фақат бир неча бор Тошкентга келиб, даволаниб кетди. Уни буйрагида тош борлиги учун ҳолсизланиб юргани,  Тошкентдаги касалхонада аниқланди. Уни В.Воҳидов шу даврдаги ушбу Республика кардиология марказий касалхонаси Бош врачи ўзлари оперция қилиб, олиб ташлади ва соғлиги шундан кейин тикланиб, яхши бўлиб кетди.

Сайрам қалъаси кўп урушларни бошидан кечирганлигини ўқиб, эшитиб, шунга гувоҳ ҳам бўлганманмиз, яшаган уйларимиз ён-атрофларида ва қалъанинг бошқа ерларида вайрона, дўнгликлар бўлар эди (расмдаги ҳолатда). 

 

Ўшани адам катта С-100 бульдозери бошлаб келиб, ана шу дўнгликларни текислатди. Жуда катта ҳажмдаги тупроқларни қалъани пастига сургизди. Текислатган 20 сотихга яқин майдонни катта боғга мўлжаллаб, атрофига пахса урдирди. Кейинчалик қалъага насос орқали чиқариладиган сув эвазига, шу ўзлаштирилган ерда кўчатлар экиб, катта боғ яратишди. Мана боғда экилган дарахтлари дарахтларни ойим укалар билан  парваришлаб, яқин-яқингача ҳосили истеъмол қилинди ва бозорга чиқарилди.

Ойимнинг орзуларини амалга ошириш  йўлида яхши ўқидик, тинмай ҳалол меҳнат қилиб келмоқдамиз, ва ойим-адам кутган марраларни эгаллаб, маълум  натижаларга эришдик.

Мен ойим-адам Расулмат тоғага ҳавас қилганидек, мен институтини тугаллаб, инженерлик касбида ишладим, мени вилоят касаба уюшмаларига тавсия қилишди, шу лавозимда 20 йил раис бўлиб,  20 йил хизмат қилдим. Шу оралиқда номзодлик диссертациясини ёқладим. Ундан сўнг Тошкент вилоятининг бир қатор бошқарма, бўлинмаларида раҳбарлик лавозимларида ишладим. Шулардан, 8 йилини Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Тошкент вилояти Кенгашига раислик қилдим, вилоят депутати бўлдим ва 67 ёшимда пенсияга чиқдим. Шунга қарамай, Тошкент шаҳрининг “Камолон Дарвоза” маҳалласига раислик қилдим. Мана ҳозир қарилик гаштини суриб, фарзандлар ва невара эвалар билан бирга яшаб, ижодий ишлар, ҳовлидаги боғ, теплицада дарахтлар ва экинлар экиб, парваришлаб, рўзғорга яраша ҳосил олишда ўғлимга кўмаклашиб келмоқдаман. Шунингдек, соғлигимни “Скандинавча усулида юриб, тиклаб, ижодий ишлар билан бандман ва бўш вақтимни кўнгли хушлик билан ўтказмоқдаман. Энг  муҳими ойим қилган орзуларига эришдим, Фароғатхон, невара ва эваралар билан бахтли ҳаёт кечирмоқдамиз.

Шу даврда оралиғида ойим энг кичик укамиз Неъматжон билан уни уйлантириб, бирга катта уйда яшади. Бориб ҳол-аҳволидан хабар олиб, кўриб келиб турдик, Ўзи ҳам бизларнинг яшаб турган уйларимизга келиб турар эди. Туғилган кунларимизда, барча ўғил қизларимизни тўйларида ўзлари энг азиз меҳмонимиз бўлар эди.         

Ойим синглим  Зоҳида билан бизнинг меҳмонимиз

Унинг 8 нафар фарзандлари неварали ва эварали бўлишди. Уларнинг ҳам эслайдиган воқеалар кўп, расмлар сақланган, Бизда ойим расмлари ва тўйда рақсга тушган, лапар айтган ва Фароғат келинининг 40 ёш туғилган куни деярли барча қариндошлар ва яқинлар билан ва сўзлаган сўзлари видеолар сақланиб қолган (иловада).

Онам хақида Зокиржоннинг хотиралари

Мактабни тамомлагач бошқа акамлар қатори мени хам онам Тошкентга ўқишга юборди. Лекин бир балл етмай мен институтга кира олмай, қишлоққа қайтдим. Онам жуда хафа бўлди. Мен қишлоқдаги РМЗ заводига кириб ишлай бошладим. Бу қиш кунларига тўғри келганди. Мени қийналаётганимни онам сезарди. Бир куни   катта акам келганда, эсимда онам, укангни ўқишга кирита олмасаларинг нима қилиб юрибсанлар Тошкентда, деб қаттиқ урушган. Шу сабаб, Мен Тошкентда тайёрлов курсига кириб, олти ой   ўқишга тайёрланиб, институтга кирганман.

Уйлангандан кейин ойим билан ўн йил бирга турдик. Ойим жуда мехнаткаш, хаётдаги янгиликларни тез қабул қиладиган аёл эди. Уйда ўндан ортиқ қорамол боқилар эди.

Аренда хаётимизга кириб келгач, биринчилар қаторида колхоздан пул олиб мол сонини 50 дан оширганмиз. Эсимда маҳалла бошидан охиригача 20 тележкага яқин мол учун бир кунда самон туширилган эди. Онам мана Энди Ғофуржон аканг билан бирга ишлайсанлар,унга хам иш бўлди деб хурсанд бўлганди.У бу вақтда уйи бўлак турар эди.

Айниқса, онамни баъзи содда томонларини ҳам эслайман. аренда учун пул олишга колхоз идорасидаги кассага бориш керак эди.  Ойим бизларга жуда эхтиёт бўлларинг, 100,0 минг жуда катта пул биров орқаларингдан тушмасин деб, роса тайинлади. Ғофуржон акам, мен уч киши бўлиб машинага ўтирдик. Ойим катта сумка берди, эҳтиёт бўлишни яна тайинлади.

Кассага бордик, уч киши катта сумка билан, дарчадан чекни бердик. Кассир Мирзахмат ака, Бир пачка пул берди ва мана 100,0 минг саналган деди. Биз пулни чўнтакка солиб сумкани беркитиб кўрсатмай қайтганмиз.

Ойим боғни парваришига жуда эътибор билан қарар эди. Уни суғориш учун деярли, бир кун кетарди (уйимиз қалъада жойлашгани учун унга сув қалъа пасстидан оқадиган Хон ариғидан насослар ёрдамида чиқарилар ва навбат билан тақсимланарди.), суғориб бўлгунгача, қўшнилар билан тортишувлар, келишмовчиликлар (айримлар сув танқислиги, чиққанидан фойдаланиб навбатсиз экинини суғориб олишга интиларди) бўларди. Боғимизни суғорадиган куни Ойим бошқа барча ишларни унитиб, хаммамизни барча дов-дарахтни, экинларни суғориб олишга жалб қиларди.

Чунки, боғимиз катта даромад манбаи эди. Адам ҳаёт пайтида экилган 11 туп нок бирма – бир терилиб, хоналарга  жойлаштирилар ва димланиб, куз давомида Чимкентдаги бозорда сотилиб, кўп пул маблағи келтирар эди.

Боғга , даладаги участкага картошка экилиб , қишга ва сотишга кўп хосил олинар эди.

Ойим китоб ўқишга қизиқарди, “китоб бор уй баракали, тартиб, интизомли уй”- дерди. Китобларни авайлаб, юқорига олиб қўяр эди.

“Болаларинга тилла эмас , китоб бер, ўқит аравасини ўзи тортади” - дер эди.

Онам шу пайтда хам савдо қилишни  давом эттирар, “савдода гап кўп” дер - эди. “Москвич” машинамда кунора Сайрам ва унинг чекаларига бориб кийим, матолар сотиб қайтар эдик. Яхши ҳурмат қиладиган харидорлар кўп эди. Молларини сотиб олишар, бир пиёла чой ичиб гаплашиб қайтар эди.

Ховлини  тўлдириб, менинг фарзандларим, неваралари қиз болалар эди, Ойим  манашу ховлида бир этак ўғилларим юрар эди деб, менга қараб қўярди.

Рўзғоримиз бўлак бўлгач, кун оралаб, мактабдан ишдан қайтишда унинг олдига кириб, бироз гаплашиб ўтирар эдим. Алоҳида

Ойимни 1996 йил неваралари билан  тушган расми (Зокиржон фотоси)

туриш тушунчаси менда йўқ эди, зўрға кўникканман.

Кўпинча, Ойим Тошкентга тўй ва бошқа сабаблар билан кетганида бир-иккида кунда тез орқаси қайтиб келар эди. Бир сафар, бир ойга яқин қайтмади, шунда  “ичикиш” нималигини бошимдан ўтказганман.

Шу орада Неъматжон билан Тошкентга бордик, тўй жойидан Ойимни излаб топдим, олдига бордим, елка қоқиб сўрашди, гўёки менга уни меҳри қолмагандек эди. Қишлоққа қайтгач, Ойим анча ўзгарган, атрофга бефарқроқ эди. Сабабини тушунмагандим.  Бу мени хамон юрак бағримни халигача қийнайди. Сўнги олдига кирганимда неварасини коляскада итариб юрган эди, бироз гаплашиб ўтирдим, эртаси куни тонг сахар хунук хабар келди. 

Оналар доимо ёрдамга келади, улар ёнимизда бўлмаса, хам.

Ўғли Зокиржон. 08.02.2021

 

Келинлардан Фароғатнинг қайнонаси ҳақида эслаб...

Мен Роҳатой қайнонам ҳақида, келин бўлишимдан олдин опам Зарофатдан эшитиб келар эдим. Чунки, опам уларнинг укаси Расулмат аканинг аёли эди. Менинг онам оламдан эрта ўтиб кетгани туфайли, опамникида Сирдарёда  улар билан яшардим. Қайнонам укасини ва жиянларини кўргани келиб турарди. Мен у пайтларда Тошкентдаги педагогика институтининг 2-курсида сиртдан ўқир эдим. Қайнонам опамни келини сифатида ёқтиргани сабабли, шу келган вақтларида, мени кузатиб, ўз ўғли Камолжон акага келин қилиши ҳақида кўнглидан ўтказиб қўйган экан. Мен Камолжон акани ҳам олдиндан танир эдим, у тоғасиникига келиб-кетиб юрарди. Мен опамни уйига келгунга қадар, институтга кириш учун тайёргарлик кўраётганида, тоғаси Расулмат ака унга агар “қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича инженер бўлмоқчи бўлсанг, мен раҳбарлик қилаётган давлат хўжалиги (совхоз) да слесарь бўлиб, ишлаб техникани ҳозирдан ўрган” - деб маслаҳат берган экан. Шунга амал қилиб, унинг уйида туриб, устахонада ишлаган ва кейинчалик институтга қабул қилингач, ундан кейин, ундан яна устоз сифатида маслаҳатларини, йўл-йўриқ олиш учун (энди Расулмат ака “Дўстлик” тумани биринчи котиби лавозимда эди)  ҳамда қариндош сифатида келиб турарди.

Роҳатой  қайнонамни совчиликка келганини яхши эслайман. У ўзи билан бирга катта лагандай келадиган патирлардан 10 тасини олиб келганди. Поччам Расулмат ака ўз қишлоғи нонларини соғинган эканми, уни дарров олиб, синдириб, иштаҳа билан танновул қила бошлади, аммо у опасининг совчиликка келганини билмас эдилар. Бироз вақт суҳбатлашиб ўтиришгач, қайнонам, мени ўғли Камолжон акага сўраб келганини айтибдилар. Поччам эса ҳазиллашибми-ростданми, йўқ беролмайман дебди. Шунда улар усталик билан ўз сўзида, унда синдирган нонимни бутун қилиб берасан, ёки розилик берасан деб туриб олибди.  Шунда мен бу аёлнинг ўта уддабурон, эканлигига  тан берганман. Шундай қилиб, бизнинг тўйимиз бўлиб, мен уларнинг келин бўлганман.

Мен онамдан эрта ажралганим учун уларни бошдан-бош ўз онамдай қабул қилдим, онамга меҳр берганимдай меҳр бердим. Улар ҳам мени келин қилганликларидан мамнун эканликларини, Мен ҳам ҳар доим  сезиб турардим ва уларга қизларидай бўлишга ҳаракат қилар эдим. Онамга қилаолмаган барча яхшиликларимни унга раво кўргим келарди.

Камолжон ака институтни тугаллагач, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигига йўлланма берилиб, шу ерда ишлаб яшашга тўғри келгани учун биз Тошкентда қолдик. Мен Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида ишладим. Бошқа жойда бўлишимизга қарамай, биз тез-тез қайнонам ва укалар ва сингилларимиз кўргани Сайрамга борардик. Улар ҳам бизларни меҳр билан хурсанд бўлиб, кутиб олишарди. Агар бориб қолганимизда бирон-бир тўй, марака бўлса, қайнонам мени бирга олиб борарди ва фахр билан мени “Тошкентлик келиним” деб, ҳаммага кўз-кўз қилгиси келарди. Мен ҳам уларни турмуш ўртоғининг эрта вафотидан кейин, 8 фарзандни ўзи ҳам ота, ҳам она ўрнида вояга етказиб, уларни ҳаммасини Тошкент, Самарқанддаги олийгоҳларда билим олишларига шароит яратиб берганликларини, оилали, уйли-жойли қилганликларини айтиб бергим миннатдорчигимни билдиргим келарди.

Мени қайнонам ўз қизларидай кўриб, ўз дардларини мен билан бўлишар эди. Жумладан, Камолжон акани 2 синглиси ва 4 укаси мен келин бўлиб тушганимда ҳали турмуш қуришмаган эдилар. Ҳар бирини тўйларини бошлашдан олдин мен билан ҳам маслаҳатлашар эди. Тўйга керакли нарсаларни бамаслаҳат олардик ва ўтказар эдик. Бунда унга қўлимиздан келганича кўмаклашиб, ёрдам бериб, бирга чиройли қилиб, ўтказишни вазифамиз деб билардик.

Қайнонамнинг ниятлари пок экан,  ўз орзуларига эришди, фарзандлари укаларига ўхшаб ўқимишли, лавозимли бўлишди, келинлари ўзиларига ўхшаган меҳр-оқибатли, кўплаган невара-эвараларнинг бувиси бўлди.

У ўзи олий маълумотли бўлмагани учун ҳамма вақт фарзандларини билимли бўлишига ҳаётини охиригача катта эътибор берди. Эсимда, қариндошларимизнинг бирини тўйига катта папка кўтариб келиб қолди. Ойи бу нима десам, Неъматжон ўғлимни докторлик ҳимояси учун диссертацияси деди. Мендан ушбу диссертацияни ёқланишини тезлатишга ёрдам берсанг, институтда ишлайсан, танишларинг кўп деди. Мен албатта ҳаракат қилиб кўраман деб, (шу пайтларда бошқа республиканинг фуқаролари, хатто республикамизда олийгоҳни битириб, диссертация тайёрласа, ҳам ҳимояга қўймаётган давр эди) папкани олиб қолдим. Шундагина унинг юраги таскин топгандай бўлди, юзларида табассум пайдо бўлди. Неъматжонни  докторликни Тошкентда ҳимоя қилишга рухсат ололмаган бўлсакда, ўзининг билимдонлиги ва қатъий ҳаракатлари билан Олмаотада докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, мана ҳозир Жанубий Қозоғистон университетининг профессори, фан доктори. 

Қайнонам бизнинг тўнғич ўғлимиз Илҳомжонни, невараларинг ичида каттаси бўлгани учун жуда яхши кўрар эди.  Унинг қоши-кўзи қоп-қора келишган йигит бўлгани учунми, мени “Брежнев ўғлим” деб эркаларди. Шу неварамни тўйини кўрсам армоним йўқ

Ойим невараси Илҳом билан

дер эди. Мен худо ҳоҳласа, ҳамма невараларингизни тўйини кўрасиз деб, тинчлантирардим. Улар бу орзуларига ҳам эришди, Илҳомжонни тўйига ўзлари бош бўлдилар. Аммо, бир ҳафтадан сўнг оламдан ўтди. Охиратлари обод бўлсин.

Мен фарзандларга қаттиқ қўл бўлишни  ва шу билан бирга меҳрли бўлиш кераклигини, ҳар қандай қийинчиликларни енгиб, ҳаётни давом эттиришни, тушкунликка тушмасликни қайнонамдан ибрат қилиб олдим десам хато қилмайман. Ҳаётимдаги барча қийин вазиятларда уни эслайман. Мен уни онамдай яхши кўрганимни улар ҳаётдан кўз юмганидан сўнг яна ҳам ҳис қилдим. Тушларимда у дарвозадан бир сават патир билан кириб келиб, қўйиб кетар, мен эса патирларни тушимнинг ўзида қайинукаларим, қайнисингилларимга тарқатиб чиқардим.

Мен 2008 йил пенсияга чиққанимдан кейин энг аввало қилган ишларимдан бири, қайнонамнинг номига “Роҳат-Фароғат нури” даволаш маркази очдим (расмда)     

Руҳлари шод бўлсин деб, у ерда кўпгина кам таъминланган беморларни бепул даволанишини таъминладим.

Ҳар бир ўқиган номозимда уларнинг Қайнонамни номини тилга олиб, дуолар қилиб, руҳи-покларини шод этишга ҳаракат қиламан. Оллоҳим уларга жаннатдан жой ато қилсин деб дуолар қиламан.

“РОҲАТ-ФАРОҒАТ НУРИ” тиббий саломатлик марказида даволанувчи  врач қабулида

Роҳатой аянинг келини Фароғат Шодиматова

 

 

Оналарнинг оёғи остидадир
Равзаи жаннату жинон боғи.
Равза боғи висолин истар эсанг
Бўл онанинг оёғин туфроғи.

Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.
Тун, кунингга айлагали нурпош
Бирисин ой айла, бирисин қуёш.

Муаллиф: Алишер Навоий

 

 

 

Ўғиллари Камолжон, Зокиржон, Неъматжон ва ҳамда

 невараси Икромжон Шодиматовлар томонидан тайёрланди.

февраль 2021й.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+