Янгиликлар 624
Шўрчида хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган давра суҳбати бўлиб ўтди
Партиянинг Шўрчи туман Кенгаши томонидан туманнинг Ёшғайрат маҳалласида жойлашган 65-умумтаълим мактабида маҳалла фуқаролари иштирокида «Жамиятда хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш – давр талаби!» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида партия туман Кенгаши ва Аёллар қаноти Кенгаши вакиллари, халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгаши депутатлари, бошланғич партия ташкилоти аъзолари, партия фаоллари, мактаб ўқитувчи-педагоглари ва маҳалла фуқаролари иштирок этишди.
Суҳбат аввалида Халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгаши депутати Ўрол Шерханов томонидан мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир фармон ва қарорлар, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар ҳамда партия томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги олиб борилаётган ташаббуслар борасида маълумот берилди.
Сўзга чиққанлар юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.
Шунингдек, ҳозирги вақтда аёллар мамлакат аҳолисининг қарийб 50 фоизини ташкил этиши, уларнинг барча соҳаларда самарали меҳнат қилиши, шу жумладан, сиёсий бошқарув, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаолият кўрсатиши учун барча шарт-шароитлар яратилгани, бугунги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этаётгани ҳам эътироф этилди. Ўзбекистонда аёллар сайлов жараёнларининг барча босқичларида фаол қатнашиши учун эркаклар билан тенг шароитлар яратилганлигини ҳисобга олиб, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш сиёсатини кучайтириш муҳим масала эканлигига урғу берилди.
– Суҳбатда хотин-қизларнинг сиёсий фаоллиги, хусусан, электорал маданиятини ошириш, сиёсий онгини юксалтириш, жамиятда уларнинг фаоллигини янада кучайтиришга катта аҳамият бердик, - дейди «Адолат» СДП Шўрчи туман «Аёллар қаноти» Кенгаши раиси Сайёдхон Шоймуратова. – Асосий мақсадимиз – хотин-қизларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнидаги фаол иштирокини юксалтириш, сиёсий ва ҳуқуқий билимини, ёш авлод тарбиясидаги масъулиятини янада оширишда партия қуйи ташкилотлари олдида турган вазифаларни таҳлил қилишдан иборат. Шунингдек, партиямиз аъзоси бўлган фаол хотин-қизларнинг ана шу жараёнлардаги ташаббускорлик ва етакчилик қобилиятини юксалтириш, бу борадаги илғор иш тажрибаларини оммалаштиришдир.
Давра суҳбат якунида давомида фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.
Анзура ҚУДРАТОВА,
«Адолат» СДП
Шўрчи туман Кенгаши
«Аёллар қаноти» фаоли
Фикрингизни қолдиринг