Сифат танлови – соғлом овқатланиш гарови!

20.11.2020 09:11:50

“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш Маркази Тошкент вилояти бўлинмаси, Тошкент вилояти Давлат солиқ Бошқармаси Сайёр солиқ текширувлари бўлими,  Тошкент  вилояти мактабгача таълим бошқармаси  билан ҳамкорликда партиянинг “Тиббий маданият-соғлом жамият асоси” лойиҳаси доирасида “Сифат танлови – соғлом овқатланиш гарови!” мавзусида онлайн - семинар бўлиб ўтди.

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Б.Мамиров бошқарган йиғилишда   партиянинг туман ва шаҳар Кенгашлари раислари,  депутатлар, соҳа  вакиллари, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгашлари ва  “Ёшлар парламенти” аъзолари, БПТлар, партиянинг фаол аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашган тадбирда давлатимиз раҳбарининг “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида қайд этилган устувор вазифалар,  бугунги кунда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш  ҳақида сўз юритилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, носоғлом овқатланиш ва носоғлом турмуш тарзи юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, саратон ва бошқа сурункали хасталиклар, шунингдек, семизлик, қамқонликка олиб келмоқда. Бу эса, аҳолининг яхши яшашига ва сиҳат-саломатлигига салбий таъсир қилмоқда. Биргина кенг тарқалган камқонлик анемиясининг ўзи жиддий эътибор қаратиш лозим бўлган муаммолар сирасига киради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунёда 2 млрд. (26 фоиз) инсон темир моддаси, А витамини каби одам организми учун ўта зарур бўлган органик микроэлементларни талаб даражасида истеъмол қилмайди. Шу туфайли 155 миллион бола (7 фоиз) ўсиш ва ривожланишда орқада қолаётганлиги, 52 миллион бола (2 фоиз) эса сурункали чарчашдан азият чекмоқда.

Халқимизнинг соғлом турмуш тарзига, хусусан, миллатимиз тақдирига дахлдор долзарб масалалар юзасидан мамлакатимизда зарур чоралар кўрилиб, ушбу соҳадаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий ва ташкилий механизмлари яратилди.

Бироқ мамлакатимизда бу соҳада қатор комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, муаммолар тўлиқ ҳал этилмаяпти. Аҳоли орасида ҳали ҳам овқатланиш рационига тўлиқ риоя қилмайдиганлар сони кўплигича қолмоқда.

Халқимиз овқатланиш рационида ёғ ва қанднинг улуши юқори бўлиб, микроэлементлар, айниқса, йод ва темир моддаси танқислиги кузатилмоқда.

Юртимизда 18 ёшдан 64 ёшгача бўлган аҳолининг 16,4 фоизида жисмоний фаолликнинг камлиги, 25 фоизи тамаки маҳсулотларини, 19 фоизи спиртли ичимликларни истеъмол қилиши ва соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслиги бу борадаги ҳолатни янада ёмонлаштирмоқда. Натижада, мамлакатимизда катта ёшдаги аҳолининг 50 фоизи ортиқча вазндан, 34 фоизи қон босими ошишидан азият чекмоқда. Бу эса, ўз навбатида, қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, бош мия қон айланиши фаолиятининг бузилиши, бўғин касалликлари ва бошқа бир қанча хасталикларнинг ривожланишига олиб келмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 40 ёшдан 64 ёшгача бўлган аҳолининг 34 фоизини қон айланиши тизими касалликлари ривожланиши билан ўн йилдан ортиқ вақт хасталанганлар ташкил қилади.

Вилоят эндокринология ва кардиология диспансерларидаги “Семизлик”, “Қандли диабет”, “Юрак-қон томир касалликлари” “Камқонлик” ва “Онкологик касалликлар” каби овқатланиш билан боғлиқ касалликларнинг статистик кўрсаткичлари  йилдан-йилга ошиши кузатилмоқда. Демак, ушбу ҳудудларда аҳолининг тўғри овқатланиши бўйича ишлар етарли эмас.

Фаррух Сарманов —  Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати, вилоят Кардиология диспансери бош шифокори:                                           

Коронавирус пандемияси оқибатларидан олинган дунёвий сабоқлар касалликнинг оғирлиги ва ўлим ҳолатларининг катта қисми жисмоний фаоллик ҳамда овқатланишнинг меъёр ва қоидаларига амал қилмаслик нотўғри турмуш тарзи туфайли келиб чиқадиган йўлдош касалликлар билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсатди. Хусусан, таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган таом ва ширинликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш, шунингдек, етарли даражада витамин ва минераллар истеъмол қилмаслик оқибатида ёшларда рационал ўсиш ва ақлий ривожланишда ортда қолиш, катталарда эса юрак қон-томир, эндокрин, хавфли ўсма каби инсоннинг эрта ўлимига сабаб бўлувчи мудхиш касалликлар ривожланиб кетмоқда. Бунинг  учун ҳар қандай танаффуслардан ҳоли тизимли истеъмол интизомини шакллантирмоқ керак.

Тадбир якунида тегишли қарор қабул қилиниб, аҳолининг соғлом овқатланиши ва соғлом турмуш тарзи  борасида тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари фаолиятини ўрганиш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди. Бунинг учун  партиянинг маҳаллий Кенгашлари, депутатлар, мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиб, жойларда танқидий-таҳлилий ўрганишлар ўтказиш ҳамда натижалари юзасидан сессияларга таклифлар тайёрлаш  келишиб олинди.

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+