Сирдарёдаги митинг коррупцияга нисбатан ўта муросасиз кайфиятда ўтди

11.10.2019 16:10:39

10 октябрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан партиянинг Сирдарё вилоят  Кенгашида “Биз коррупцияга қаршимиз” шиори остида  тарғибот митинги ташкил этилди. Акция тарзида ўтган ушбу митингда партия фаоллари, ходимлар, депутатлар, партия электорати бўлган соҳа вакиллари, ёшлар, кўплаб партия ихлосмандлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари  иштирок этишди.

Маълумки, коррупция жамият илдизини тубидан қўпорувчи иллатдир. Унга қарши барчамиз бир ёқадан бош чиқариб  курашмасак, мамлакат келажагини халокатга олиб бориши шубҳасиз. Шу боисдан, бунга йўл қўймаслик ва коррупция жиноятига бутунлай барҳам бериш учун фуқароларимиз онгида коррупцияга қарши нафрат, уни содир этишга бўйин бермаслик туйғусини шакллантиришимиз лозим. Афсуски, бу иллатнинг содир этилишига кўп ҳолларда фуқароларимизнинг ўзлари билиб-билмай сабабкор бўлиб қолишмоқда. Айнан партиянинг дастурий мақсади ҳам коррупция жиноятига қарши курашиб, бу йўлда фуқароларимиз ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш орқали кўзланган натижага эришишдир. Митингда сўзга чиққан партиянинг Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева юқорида келтирилган фикрларни баён этиб, коррупцияга қарши курашиш йўлида барчамиз бир куч бўлиб бирлашишимиз лозимлигини алоҳида таъкидлади.

– Бу йўлда бизга ҳеч қандай куч қарши келолмайди! Чунки, бу иллатни батамом йўқ қилиш пойдеворини биз адолат устига қурамиз! Биласизки, адолат хеч қачон енгилган эмас! – дейди баралла партиянинг вилоят Кенгаши раиси.

Ушбу айтилган хитоблар, баралла янграган шиорлар йиғилганлар қалбини тўлқинлантириб юборди ва бир овоздан мақуллашди. Бу эса ўз навбатида хайқириқлар садоси остида жўр бўлиб кетиб, гўё коррупцияга нафратни бутун коинот узра ёйгандек бўлди. Шу билан бирга, депутатлар, партия фаоллари ҳам сўзга чиқиб, бу борада партия томонидан олиб борилаётган аниқ ислоҳотлар, изчил режалар билан халқни таништирди. Бу йилги бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайловлар олдидан ишлаб чиқилаётган партия сайловолди дастурида коррупция жиноятига қарши курашиш бўйича бандлар киритилгани, келгусида ушбу йўналишда қатор қонунлар яратилиб, уларни кенг ҳаётга татбиқ этишда партия саъй-ҳаракатлардан тўхтамаслиги алоҳида тилга олинди.

Шунингдек, митинг чоғида кўплаб сайловчилар томонидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди. Айни пайтда иштирокчилар томонидан яратилаётган қонунларнинг моҳиятан кучсиз эканлиги, уларда фуқаролар манфаатлари акс эттирилган бўлса-да, амалий ечими кўзга ташланмаётганлиги, ёки айрим қонун ҳужжатларида коррупцияга шароит яратиб берадиган бандлар мавжудлиги санаб ўтилди. Асосли келтирилган далиллар, фикр ва таклифлар инобатга олиниши, бўлғуси сайловолди дастурида қонунчиликда йўл қўйиладиган бу каби хатоларни тузатиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилаётгани эътироф этилди. Шундан сўнг барча йиғилганлар коррупцияга қарши биргаликда курашишда партия қаноти остида ҳаракатланишга овоз бердилар.

Митинг давомида шоу концерт ҳам уюштирилиб, таниқли санъаткорлар иштирокидаги қизғин тадбирларга айланиб кетди. Шу куни партия рамзи туширилган логотип, байроқлар митинг иштирокчилари қўлида баланд хилпиради. Мазкур митинг ва унда кечган жараёнлар барча йиғилганлар қалбидан чуқур жой эгаллади.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+