Янгиликлар 458
Сирдарёликлар билан янги Сайловолди дастурнинг мазмун-моҳияти, истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди
Ҳар бир сиёсий партиянинг сайловларда муваффақиятли иштирок этиши турли соҳаларни ривожлантиришда кўламдор натижаларга эришиш имкониятини берадиган, халқчил Сайловолди дастурни ишлаб чиқиш ва уни аҳолига тақдим этишга узвий боғлиқ.
Хабарингиз бор, жорий 21 август куни Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловида иштирок этиш учун 5 та сиёсий партияга ижозат берилганди.
Шу мақсадда ҳудудларда оммавий эшитув тадбирлари, сайловчилар билан учрашувлар ташкил қилиняпти. Улардан навбатдагиси Ховос шаҳарчасидаги “Темирйўлчилар” маданият саройида ўтказилди. Унда депутатлар, “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” аъзолари, партия фаоллари, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Маърузачилар томонидан бу йилги сайлов тизимининг ўзига хослиги, яъни аралаш сайлов тизимида ўтаётгани, Сайлов кодекси ва “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Тадбир давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов сўзга чиқиб, “Адолат” СДПнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури лойиҳасидаги ғоя ва таклифлар, дастурнинг мазмун-моҳияти, ишлаб чиқиш жараёнлари хусусида маълумот берди.
Қизғин савол-жавобларга бой ўтган тадбирда иштирокчилар янги Сайловолди дастурда кўплаб соҳалардаги узоқ вақтдан буён ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш, ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган муҳим таклифлар илгари сурилаётганини эътироф этди. Шунингдек, партия фаоллари вилоятдаги туман-шаҳарларда аҳоли билан шундай учрашувларни тизимли ташкил қилишга келишиб олдилар.
Маълумот учун, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мавжуд 150 та депутатлик ўрнининг 75 тасига танлов мажоритар сайлов тизими асосида ўтказилади. Яъни сайловчилар мавжуд 5 та сиёсий партия томонидан илгари сурилган (овоз бериш бюллетенида исм-шарифи мавжуд бўлган) аниқ номзодга овоз берса, қолган 75 та депутатлик ўрни пропорционал сайлов тизими асосида ўтказилади. Соддароқ қилиб айтганда, бундай тизимда сайловчилар аниқ номзодга эмас, балки сиёсий партияга овоз беради.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон "Адолат" СДП ҳам муҳим сиёсий жараёнда муносиб иштирок этиш, айниқса, ҳар бир инсоннинг манфаати ва ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш ва адолатли жамиятни барпо этиш йўлида партия бор имкониятини сафарбар қилишга жиддий киришди.
“Адолат” СДП
Сирдарё вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг