Сиёсий Кенгаш раиси ҳудудларда муаммоларни ўрганмоқда

19.03.2021 20:03:45

Жорий йилнинг 17 март куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов Қорақалпоғистон Республикасида таълим ва фан соҳасидаги ислоҳотлар, ютуқлар ҳамда муаммоларни ўрганиш мақсадида Нукус шаҳрида бўлди.

Дастлаб Сиёсий Кенгаш раиси иштирокида Қорақалпоқ давлат университетида “Таълим ва фан соҳасидаги ислоҳотларда Ўзбекистон “Адолат” СДП иштироки” мавзусида учрашув ташкил қилинди. 

Партия Сиёсий Кенгаши раиси таълим ва илм-фан соҳасидаги ислоҳотлар, ютуқлар ва муаммолар бўйича профессор-ўқитувчилар ҳамда илмий тадқиқотчилар билан ўзаро фикр алмашди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда илм-фан соҳаси давлат томонидан қўллаб-қувватланиб, жамиятимиз ва давлатимиз ҳаётига, хусусан, иқтисодиётимизнинг барча жабҳаларига замонавий фан ютуқларини жорий этиш, мутахассисларга шароит яратиш, уларнинг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шунга қарамай, мазкур соҳада ечимини кутаётган масалалар мавжудлиги, уларнинг ечимини топиш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга ҳам аҳамият қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Хусусан, мамлакатимиз рақобатдошлигини истиқболли таъминлашнинг муҳим омили сифатида мамлакат илмий салоҳиятини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг ролини ошириш, олимларни, айниқса, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инновацион иқтисодиётга ўтиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлашга партия томонидан эътибор қаратилаётганлиги алоҳида таъкидланди. Бундан ташқари, партия таълимни ривожлантириш бўйича ўз Сайловолди дастурида аниқ вазифаларни белгилаб олган.

Учрашувдан сўнг партия фаоллари таълим жараёнида талабалар учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишиш мақсадида Қорақалпоқ давлат университетининг талабалар турар жойи­даги шароитларни кўздан кечиришди.

Бугунги кунда университетда жами 15 162 нафар талаба кундузги таълим шаклида таҳсил олмоқда. Университет талабалар турар жойи комплекси 6 та бинодан иборат бўлиб, жами 1340 ўринга мўлжалланган. 2022-2023 йилларда яна 2 та 400 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи биносини қуриш масаласи манзилли рўйхатга киритилган.

Ўрганишлар давомида партия Сиёсий Кенгаши раиси талабалар уйидаги истиқомат қилувчи қўшни Туркманистон давлатидан келиб таълим олаётган ёшлар билан инглиз тилида суҳбатлашди. 

Тадбир якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

***

Шунингдек, Сиёсий Кенгаши раиси Нукус шаҳридаги “Чимбой чойхона” МФЙ аҳолиси билан учрашди.

Учрашув доирасида ушбу маҳалладаги “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан суҳбатлашиб, уларнинг мурожаатларини тинглади.

— Бугун камбағалликни қисқартириш, «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ҳамда «Темир дафтар»га киритилган фуқароларга ёрдам бериш муҳим масалага айланди. Уларга нафақат моддий ёрдам кўрсатиш, балки жамиятда ўз иш ўрнига эга бўлишига кўмаклашиш орқали рўйхатдан чиқариш лозим. Бу рўйхатга киритилган аёллар ва ёшларнинг муаммоларини имкон қадар депутатлик корпусларимиз орқали ҳал қилиш асосий вазифаларимиздан бири, — дея таъкидлаб ўтди партия Сиёсий Кенгаши раиси.

“Чимбой чойхона” маҳалласи раиси Н.Қурбановнинг таъкидлашича, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг ижтимоий ҳолатини яхшилаш ва бандлигини таъминлаш борасида доимий иш олиб борилмоқда. Жумладан, маҳаллада “Аёллар дафтари”га киритилган жами аёллар сони 44 нафар, шундан 21 нафарининг муаммоси ижобий ҳал қилинган. 20 нафар ишсиз хотин-қизлардан 3 нафарининг бандлиги таъминланган. Боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган хотин-қизлардан 7 нафарига моддий ёрдам ажратилган. Тиббий ёрдамга муҳтож 5 нафарига кўмак берилган, 3 нафарига психологик ёрдам кўрсатилган.

Учрашувда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммолари тингланди. Хусусан, фуқаро Замира Ержанова фарзанди болаликдан аутизм касаллигига чалиниб, ногирон бўлиб қолганлигини айтиб, умумтаълим мактабларида ушбу касалликка чалинганларга таълим берадиган синфларни очишда амалий ёрдам сўради. Джиенбаева Жанар уй-жойга муҳтожлиги борлигини маълум қилди. Бу муаммолар депутатлик корпусларимиз орқали ўрганиб чиқилиб, ижобий ечим топишга ҳаракат қилиниши айтилди. 

“Маҳаллабай” ишлаш тизими орқали олиб борилаётган очиқ мулоқот ва тадбирлар доирасида аниқланган муаммолар таҳлил этилиб, уларнинг ҳал этилиши назоратга олинмоқда.

Шунингдек, Сиёсий Кенгаши раиси Нукус шаҳридаги ижтимоий объектлар, жумладан, Беруний туманидаги 59-сонли умумтаълим мактаби ва «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан суҳбатлашди.

***

Партия етакчисининг Хоразмдаги учрашувлари ҳам аниқ таклифларга бой бўлди.

Жорий йилнинг 18 март куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов Хоразм вилоятида бўлиб, вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов билан учрашди. Унда партия етакчиси Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят шаҳар ва туман Кенгашлари биноларини реконструкция ва таъмирлаш масаласини илгари сурди. Шунингдек, партия фаолларининг мурожаатига асосан Хоразм “Маъмун” академиясида тиббиёт соҳасига оид лаборатория мавжуд эмаслиги масаласи кун тартибига олиб чиқилди. Вилоят ҳокими Б.Абдуҳалимовнинг таклифини қўллаб-қувватлади ва қисқа фурсатларда “Маъмун” академиясида тиббиёт соҳасига доир лаборатория ташкил этилиши режалаштирилди.

Шундан сўнг партия етакчиси иштирокида Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалида “Таълим ва фан соҳасидаги ислоҳотларда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг иштироки” мавзусидаги учрашув ташкил этилди. Тадбирда профессор-ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчилар, ёш олимлар, бўлажак шифокорлар, партия ходимлари, депутатлар, БПТ раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Б.Абдуҳалимов ўз нутқида таълим ва фан соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ҳамда соҳадаги камчиликлар хусусида сўз юритди.

Маърузадан сўнг тадбирнинг савол-жавоблар қисми очиқ ва аниқ таклиф ҳамда тавсияларга бой бўлди. Жумладан, Хоразмдаги айрим рус тилидаги мактабларда ҳар бир синфда 47-50 нафардан ўқувчилар ўқитилаётгани ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириш даражаси ва таълим сифатига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Шу боис туризм ривожланиб бораётган ва хориждан келаётган сайёҳлар сони кундан-кунга ортиб бораётган мазкур ҳудудда рус мактаблари сонини ошириш масаласи илгари сурилди. Бундан ташқари, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалида рус тили фани фақатгина биринчи босқич талабаларига ўқитилиши бир неча тилларни мукаммал ўзлаштириши лозим бўлган бўлажак шифокорлар учун бир қатор муаммоларни келтириб чиқараётгани, шунингдек, нафақа ёшидаги шифокорларнинг аксариятида компьютер саводхонлиги етарли даражада шаклланмаганлигини эътиборга олиб, улар учун махсус компьютер ўргатиш курсларини ташкил этиш лозимлиги тўғрисидаги таклиф партия фаоллари томонидан эътиборга олинди.

Шунингдек, магистратурада таълим олишда давом этаётган талабаларнинг фарзандлари учун Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали қошида мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов ва Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали директори Рашид Рўзибоев томонидан таклиф қўллаб-қувватланди ва филиал қошида МТМ барпо этилиши режалаштирилди.

Шундан сўнг турли давлатлардан келиб таҳсил олаётган талабалар томонидан мазкур олий таълим муассасасида байрамона ташкил этилган миллий таомлар кўргазмаси ташриф буюрувчиларнинг ҳайратига сабаб бўлди.


Кўргазма доирасида Баҳром Абдуҳалимов 10 дан зиёд давлатлардан, жумладан, Покистон, Ҳиндистон, Арабистон, Эрон, Қозоғистон, Аф­ғонистон, Туркманистон ва бош­қа давлатлардан келиб таҳсил олаётган талабалар билан инглиз ва бошқа хорижий тилларда суҳбатлашди.

Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида партия емакчиси Урганч шаҳридаги “Байналмилалчи” МФЙда бўлиб, маҳалладаги “Аёллар дафтари” рўйхатидан ўрин олган аёллар билан учрашди. Уларни қийнаб келаётган муаммолари билан қизиқди. Жумладан, бандлик, уй-жой, моддий ёрдам ва бошқа масалалардаги баён этилган муаммолар партия фаолларининг диққат марказида бўлди.

Хусусан “Байналмилалчи” маҳалласида яшовчи кам таъминланган оила аъзоси Назира Раҳимова 8 жон икки хонали уйда яшаётгани ҳамда моддий томондан қийналаётганини билдирди. Шу маҳаллада яшовчи  Анабиби Жабборова уйини таъмирлашга қўли калталик қилаётганини, 2-гуруҳ ногирони Дилбар Жуманиёзова дори-дармон сотиб олиш учун моддий томондан қийинчиликлар бўлаётганини, Муҳаббат Муратова моддий ёрдамга муҳтожлигини, Роҳат Матяқубова эса маҳалладаги кўп қаватли уйларнинг ертўласида шароит яратиб яшаётганини айтиб, кўмак сўрашди. Шунингдек, бошқа аёлларнинг муаммолари ҳам эшитилди ва барча мурожаатлар эътиборга олинадиган, уларнинг ижобий ечимини топиш чоралари кўриладиган бўлди.

Бир сўз билан айтганда, партия Сиёсий Кенгаши раисининг сафари ёшларнинг илм-фанга бўлган ҳурмат ва эътиборини мустаҳкамлаш, партиянинг кенг омма орасидаги мавқеини ошириш ҳамда мамлакатимиз тараққиёти ривожи учун саъй-ҳаракатларни жадаллаштиришда аҳамиятли бўлди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоят кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+