Сиёсий куч ўз йўлини таниб ва танлаб олиши керак

13.09.2021 17:09:45

“Миллий тикланиш” ДП лидери, ҳурматли Алишер Қодиров “Адолат” СДПнинг учта муҳим ғоясини ўз сайловолди дастурига киритгани ҳақидаги асосли эътирозларимизга муносабати бизнинг партия талабини қаноатлантирди. Энг муҳими, Алишер Қодировнинг бир хулосаси бизга жуда маъқул келди. Мана ўша фикр: “Халқимиз биздан ғояларнинг муаллифини аниқлаш эмас, Ўзбекистонни ўзгартиришни талаб қилмоқда”.

Ҳеч шубҳасиз, барча партиялар халқ фаровонлиги, юрт ободлиги, инсон манфаатлари ҳимояси, ватанимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини ошириш йўлида ҳаракатланмоқда. Мақсади бир, унга борувчи йўллари, мафкураси турлича бўлган сиёсий кучларнинг фаолиятини халқимиз ҳис қилиб турибди. Ва айни пайтда партия у ёки бу ғояларни кун тартибига қўяркан, бетакрор, таъсирчан, самарали усулларга таяниши, ўзига хос аниқ стратегияга эга бўлиши ҳам жуда муҳим. Ва ҳар бир сиёсий куч ўз йўлини таниб ва танлаб олиши йўлида қўйилаётган ғояларнинг муаллифлик ҳурматини жойига қўйса, нур устига аъло нур.

“Кўриниб турибдики, бу мавзуларга қарашларда адолатчилар билан ўхшашликлар бор. Буни ҳеч ёмон томони йўқ”. Шу гап билан ҳурматли А.Қодиров адолатчилар томонидан илгари билдирилган эътирозларни тан олган. Демак, Қодиров  сиёсий мардлик қилди. Яшанг!

Яна бир гап. Чамамизда, сиёсий кучларни бирлаштириш, алоҳида мавқе (статус)га эга лидерларни “оптималлаштириш” масаласи ҳам илгари суриляпти чоғи. “Агар, “Адолат” номзоди ушбу ташаббусларни амалга ошишидан манфаатдор бўлса, Президентлик сайловида партияларимизни битта номзод кўрсатиши масаласини муҳокама қилишга тайёрман” дея таъкидлайди Алишер Қодиров ўз муносабатида.  

А.Қодиров сайловда иккита партия битта номзодни тавсия қилишни муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди. Аммо, биз бунга қаршимиз. Чунки, бу гапи билан А.Қодиров ўз номзодини сайловдан четлатилишига розилик деб ўйладик ва биз бунга қуйидагича жавоб берамиз:

Жаноб Қодиров, бемалол сайловда иштирок этаверинг, биз “Миллий тикланиш” ДПни бир ташкилот сифатида ҳурмат қиламиз. Мамлакатимиз Президентлигига номзодлик ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Сизнинг бошингизга бундай бахт қуши қўнган экан, биз мамлакатимиз имиджини ўйлаган ҳолда Сизга ҳурмат билан қараймиз. Ва шу ўринда биз ҳурмат қиладиган “Миллий тикланиш” партияси сайловдек катта сиёсий жараёнда четда қолиб кетган партия бўлмаслиги учун сайловда иштирок этиши тарафдоримиз.

Хуллас, халқимизда “Чиранма ғоз, ҳунаринг оз” деган мақол бор. Бирлашишни таклиф қилаётган “Миллий тикланиш” партияси бошқа партияларга бирлашиб ўрганган, аммо минг чирангани билан мақсадга қўли етмаган партия. “Фидокорлар”, “Ватан тараққиёти” партиялари билан бирлашиб нима бўлганлигини тарих яхши билади. Биз мамлакатда социал-демократик мафкурали партия сифатида майдонга чиққанмиз. Консерватив мафкурали партия билан бирлашиш учун эмас...

Дунё тарихида Президентлик сайловларида иштирок этиш учун номзодини илгари суриб, аммо плагиат бўйича айбловдан кейин номзодини қайтариб олишга мажбур бўлинган холатлар ҳам учраб туради. Алишер Қодиров ҳам шунга ўхшаб номзодини олмоқчи бўлса,  “Йўқ, асло бундай қилманг” деймиз. “Миллий тикланиш” ҳам сайловларда қатнашсин, эҳтимол курашларда тобланиб, чиниқиб, етилиб, келгуси фаолияти учун асқотарли сабоқ чиқариб олар...

 

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+