Сиёсий жараёнларга пухта ҳозирлик

26.11.2019 17:11:01

Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази Самарқанд вилоят бўлимида Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан муҳим сиёсий жараён Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларига сайловларга тайёргарлик ишлари доирасида партиянинг ғоялари ва дастурларини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Партиянинг вилоят кенгаши ходимлари, “Ёш адолатчилар” қаноти, депутатликка номзодлар, суд-ҳуқуқ соҳаси ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган ушбу тадбирда партия сайловолди дастурнинг суд-ҳуқуқ соҳасига оид йўналиши кенг муҳокама этилиб, ушбу тизимдаги ислоҳотлар натижаси таҳлил этилди.

Тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова маъруза қилди. Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида илгари сураётган ташаббуслари, олдига қўйган устувор вазифалари ҳақида иштирокчиларга маълумот берди.

Тадбирда таъкидланганидек, партия сайловолди дастурига суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотларга бағишланган бир қанча таклифлар киритилган. Жумладан, Тергов қўмитаси ташкил этиш ташаббуси илгари сурилмоқда. Натижада прокуратура, ички ишлар ва Давлат хавфсизлик хизматидаги тергов бўлимлари тугатилади. Бу орқали тергов ишлари адолатли ва қонуний ўтказилиши, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари бузилмаслиги таъминланиб, жараёнга идоравий манфаатлар аралашишининг олди олинади.

Шунингдек, туман, шаҳар ва вилоят миқёсида фаолият юритаётган фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий судларни бирлаштириш, туманлараро фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судларни тугатиб, ҳар бир туман ва шаҳарда ушбу тоифа ишларни кўрадиган судьяларни ихтисослаштириш таклиф этилмоқда.

Партия олдида турган вазифалар қаторидан адвокатура мавқеини ошириш, суд босқичида прокурор ва адвокат ваколати тенглигини таъминлаш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги барча маъмурий ишлар фақат суд томонидан кўрилишини таъминлаш ўрин олган. 

Маълумки, суд қарорларини ижро қилиш ваколати айни вақтда прокуратура ва ички ишлар органларига берилган бўлиб, бу ҳолат халқаро талабларга жавоб бермайди. Дастурда айни мана шу масалага эътибор қаратилган бўлиб, бу борада барча ижро билан боғлиқ ваколатларни, жазони ижро этиш муассасаларида суриштирув ва тергов ваколатига эга бўлмаган, холис орган – адлия идораларига бериш мақсадга мувофиқ эканлиги айтиб ўтилган. Шунда терговдан норозиликлар камаяди, ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг, қийноқ ва шунга ўхшаш тазйиқларнинг олди олинади.

Бунинг учун партия авваламбор судларнинг фаолиятини эркинлаштириш, уларнинг мустақиллигини амалда таъминлаш, суд жараёнида очиқлик, ошкоралик ва адолат тамойилларига қатъий амал қилинишини назорат қилиш, инсон ҳуқуқларининг бузилишига нисбатан қатъий жавобгарликни талаб қилиш ваколатларини ошириш тарафдори эканлиги қайд этиб ўтилди.

Қадимги юнон файласуфи Аристотель таъкидлаганидек, “Ҳақиқат баҳс-мунозара орқали руёбга чиқади”. Шу маънода суд жараёнида томонларнинг тенглиги ва холис тортишув тамойилларини кучайтириш, судлар масъулиятини ошириш, улар фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, суд фаолиятига доир маълумотларга эга бўлишнинг аниқ механизмини белгилаш борасидаги фикр-мулоҳазалар йиғилиш иштирокчиларида қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, дастлабки тергов ва суд жараёнида жамоат ҳимоячиси, жамоат айбловчиси, шунингдек, яқин қариндошларидан ёки қонуний вакилларидан бирининг ҳимоячи сифатида иштирок этишдаги ролини ошириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга  доир фаолияти бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш тартибини жорий қилиш, бу ишга оммавий ахборот воситалари вакилларини кенг жалб этиш масалалари тадбир иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.

Тадбир қатнашчилари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олди.   

Лола САЙИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+