Янгиликлар 1938
Сиз яхши қўшнимисиз?
Қўшниларнинг турли тоифалари бўлади. Бири раҳмдил инсонлар, яна бошқаси ҳасадгўй, яна бирлари эса…
Ҳозир улар ҳақида эмас балки, қўшничиликнинг олий қадрият экани, ота-боболаримиз бу қадриятни асрлар бўйи эъзозлаганликлари хусусида сўз юритмоқчиман.
Бир танишим ҳикоя қилади. “Болалигимни яхши эслайман. Бир девор жўжабирдай болали қўшнимизнинг топгани қаровулчилик ва томорқасидан бўлганлиги учун ота-онам қўшнини ўчоғидан тутун кўтарилмагунча хотиржам бўлмас эди. Онамга: “Онаси палов қил, гўштни кўпроқ сол, қўшнига ҳам узатиб қўясан” дердилар.
Отамнинг ҳар куни қўшнининг ҳолидан бу қадар хабардор туриши бизни оғринтирар ҳам эди. Энди билсам, отам қўшни гўштсиз овқат еганида ўзининг тансиқ таом истеъмол қилишга виждони йўл қўймаган экан. Йиллар ўтиб, ўша қўшнининг жўжабирдай болалари катта бўлишди. Ҳар бири ҳаётда ўз йўлини топди. Аммо улар бизни кўрса, қўлларини кўксиларига қўйиб салом беришади, қадрдонларини кўргандай севинишарди. Ҳозир анча кексайиб қолган онамни ёнига кириб дуоларини олишади. Отам вафот этганларида ҳам биз билан елкама- елка туришди. Бу албатта отам боғлаган қўшничилик риштасининг оқибати.
Бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди. Кеч куз эди. Эрталаб турсам, отам бир ой аввал сотиб олиб берган сариқ ботинкамнинг бир пойи йўқ. Отам: “Ташқарида қолдирибсан, итлар олиб кетган кўринади” дедилар.
Мен хафа бўлдим ва бир пой ботинкамни омборхонага ирқитдим, бошқа нима ҳам қилардим. Аммо, бир куни қўшнимизнинг мендан бир синф юқорида ўқийдиган ўғлида ўзимнинг ботинкамни кўргандай бўлдим! Келибоқ омборхонага югурдим, аммо бир пой ботинкани тополмадим. Бўлиб ўтган воқеани отамга айтдим, отам “Ҳа, эсладим, ўша боланинг тоғаси ҳам бозорда худди сеникидай ботинка сотиб олганини кўрган эдим”, дея, менинг гумонларимни тумандай тарқатиб юбордилар.
Йиллар ўтиб, шу воқеага доир сирни очдилар. Отам қўшнининг ўғлини йиртиқ пойабзалда мактабга қатнаётганини кўриб, менинг яп-янги ботинкаларимни ўша ёлғонни ўйлаб топиб, қўшнига: “Ўғлимга тор келиб қолди, болангиз кийсин, агар хафа бўлмасангиз”, деб олиб чиқиб берган эканлар. Бундай қилишларига сабаб менинг таъмирланган, ямоқ солинган ботинкамни беришга истиҳола қилган, янгини олиб беришга эса пуллари бўлмаган...
Ҳа, биз ана шундай оталарнинг зурриёдимиз. Қўшнининг ҳаққини энг муқаддас ҳақ, деб билган отамиз. Аммо бугун қўшничилик муносабатлари бизнинг наздимизда асл рангини, моҳиятини йўқотгандек. Йиллаб бир бирининг юзини кўрмайдиган қўшнилар орамизда қанча экан? Қўшнимизга қараган деворни унинг пастқам деворидан икки баробар баланд қилиб кўнгли тинчиган қўшнилар-чи, орамизда камми? Ўзининг қасрнамо ҳовлисига ярашмай турган қўшнининг тўкилиб тушай, деган ҳовлисидан кўчириб юборишни мақсад қилганлар-чи? Афсуски, улар ҳам бизнинг замондошимиз, биз билан бир ҳаводан нафас олаётганлар. Миллион -миллион сўм сарфлаб тўйлар қилаётган, аммо ночоргина кун кечираётган қўшнисига бир дона нонни раво кўрмайдиган қўшнилар йўқ дейсизми?!
Қўшнининг қўшнидаги ҳақлари ниҳоятда улуғ. Юқоридаги саволларга жавоб тополмай қанчалар қийналсак, бу ҳақнинг бир чимдимини адо этаолмаётганимиз, бизни ундан-да кўпроқ қийнайди.
Арзимаган сабаблар билан юзкўрмас бўлган қўшнилар, бир -бировига ҳасад ичқоралик билан қарайдиган қўшнилар шуни билсинларки, қиёматда қўшнидан қўшнининг ҳаққи ҳам сўралур.
Яхши қўшни-тақдирнинг инояти. Халқимиз бежизга “Ҳовли олма, қўшни ол”, демайди. Қўшни яхши-ю ёмон кунингда доим ёнингда бўлади, ҳол сўровчинг бўлади. Агар қўшнингизнинг феъли нокасроқ бўлса, сиз уни ислоҳ қилиш йўлларини қидириб топиб, ўртада иноқчиликни пайдо қилинг, бу ишингизнинг мукофоти улуғдир. Чунки, сиз қўшнингиз билан бир ўзингиз эмас, балки унинг фарзандлари - авлодлари билан биродарлик риштасини пайдо қилган ҳисобланасиз.
Қўшничилик ҳақида соатлаб сўзлаш, қоғоз қоралаш мумкин. Лекин, биз мулоҳазамизни мухтасар қилиб, хулосамизни айтиб қўя қолмоқчимиз, қўшничиликнинг қоидаси - иттифоқ, аҳиллик, инсоф ва оқибат. Агар сизнинг муносабатларингизда мана шундай туйғулар барқарор бўлса, демак сиз яхши қўшнисиз.
Гавҳар ИСАЕВА,
Халқ депутатлари туман кенгаши депутати,
Аработа маҳалла фуқаролар йиғини раиси
Фикрингизни қолдиринг