Сизда ахборот олиш маданияти борми?

06.03.2021 15:03:00

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан Самарқанд давлат чет тиллар институтида “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Ахборот хуружлари – глобал таҳдид” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлар идораси Самарқанд вилоят вакили, Самарқанд вилоят ташкилий бошқарма юридик таъминот бўлими юрист-консульти, катта лейтенант Ҳамидулла Сагдуллаев, вилоят ички ишлар бошқармаси Кибер жиноятга қарши курашиш гуруҳи катта тезкор вакили лейтенант Шохрух Жабборов, Самарқанд давлат чет тиллар институти ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Шерзод Суюнов, партия вилоят Кенгаши масъуллари, талаба ёшлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Давра суҳбатида ёшларда ахборот олиш ва узатиш маданиятини шакллантириш, интернетнинг салбий жиҳатлари ва унинг оқибатлари, интернетдан тўғри ва мақсадли фойдаланишга ўргатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси М.Бабабекова очиб берар экан, ёшлар тарбияси нафақат ота-она, маҳалла, таълим муассасалари, балки сиёсий партиялар олдига ҳам долзарб, кечиктириб бўлмайдиган вазифалар қўйишини, бугунги глобаллашув жараёнларии чуқурлашаётган бир шароитда ёшларни салбий ахборотлар таъсиридан асраш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини қайд этиб ўтди.

Албатта, кўпчилик инсонлар интерентни одам онгини заҳарловчи салбий тармоқ деб билади. Аммо барчамизнинг қай тартибда ундан фойдаланишимиз интернетнинг салбий ёки ижобий тармоқ эканлигини кўрсатади. Бу тармоқ орқали кишилар ўзига керакли маълумотларни излаш, бепул таълим олиш, тил ўрганиш, маълум бир касб-ҳунар сирларидан ҳам хабардор бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам ёшларда интернет маданиятини шакллантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, интернет манбаларидан ўз ўрнида тўғри фойдаланиш масалаларига бағишланган тарғибот-ташвиқот ишларини кенг олиб бориш бугунги давр талаби.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда ахборот технологиялари аллақачон ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Интернет тизими бутун дунёни қамраб олиб, ахборот маконининг муҳим бўғинига айланди. 50 миллионлик аудиторияга эришиб, оммалашиш учун радиога 38 йил, телеведнияга 13 йил, керак бўлган ҳолда, бу босқични интернет 5 йилда босиб ўтди, унинг бугунги кундаги ривожи ғоявий таъсир ўтказишнинг миқёси ва кўламини кескин даражада ўсишига олиб келди. Интернет орқали амалга ошириладиган ва катта маблағ талаб қилмайдиган ғоявий таъсир ва таъзийқнинг ўзига хослиги шундаки, у ўқувчи, тингловчи ёки томошабинга сездирилмасдан амалга оширилади ва бевосита қурбонларни келтириб чиқаради. Бунда ғоявий таъсир халқнинг, миллатнинг менталитети, кишилар онги ва дунёқарашига таъсир ўтказишга, анаънавий қадрятларини йўққа чиқаришга қаратилганлиги билан  барчани ташвишга солади.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлар идораси Самарқанд вилоят вакилининг таъкидлашича ахборот технологияларининг энг ажиб мўъжизаси бўлмиш интернет дунёни ягона ахборот маконига айлантирди. Интернетнинг кўплаб ижобий томонлари борлиги билан бир қаторда, унинг салбий томонларини ҳам бугун англаб етдик. Шундай салбий ҳолатлардан бири бу ахборот хуружлари саналади. Оилада ана шу “ахборот хуружи”га қарши қай тариқа иммунитет пайдо қилинган бўлса, Ватанга, қадрятларимиз, менталитетимизга қарши хуружларга нисбатан ҳам ўз вақтида ёш авлод онгида тўғри тасаввур ҳосил қилиб бориш долзарб вазифамизга айланди. Шу босидан ҳам мана шу каби тадбирларни фақатгина олий ўқув юртларида, касб–ҳунар коллежларида эмас, баъзи хонадонларнинг бузилиб кетишигача сабаб бўлаётган ахборот технологияларидан фойдаланиш маданиятини юксалтириш мақсадида маҳаллалар қошида мутасадди идоралар билан ҳамкорликда кенг йўлга қўйиш самарали натижаларни беради деб ўз таклифларини билдириб ўтди. Дарҳақиқат, биринчи Президентимиз Ислом Каримов айтганларидек, “Болаларимизнинг онгини ва ҳаётини бузадиган, эртанги кунига мутлақо ишончини йўқотадиган мана шундай ғояларга қарши биз қурол билан эмас, ғоя билан курашишимиз зарур. Бизнинг ғоямиз кучли бўлиши лозим. Авваламбор, ўзимиз, ҳаётнинг ўзида синалган ўз ғоямизга ишониб майдонга чиқишимиз даркор”.

Мавзу юзасидан сўзга чиққан Самарқанд вилоят ташкилий бошқарма юридик таъминот бўлими юрист-консульти, катта лейтенант Ҳамидулла Сагдуллаев, вилоят ички ишлар бошқармаси Кибер жиноятга қарши курашиш гуруҳи катта тезкор вакили лейтенант Шохрух Жабборовлар бугунги кунда интернет ғоявий кураш ва тарғиботнинг асосий майдонига айланганлигини экстремистик ва террористик қарашларни тарғиб қилишдаги ўрни мисолида ҳам кўриш мумкинлигини таъкидлади. Сўнгги йилларда террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилувчи 10 мингдан ортиқ веб-сайтлар мавжуд бўлиб, уларга хизмат кўрсатувчи порталлар сони тоборо ортиб бораётганлиги, шунинг учун ҳам ахборот олиш ва ундан фойдаланиш маданиятини кучайтириш, хавфсиз интернет муҳитини шакллантириш юзасидан олиб борилаётган ишлар барчамизга улкан масъулият талаб қилишини билдириб ўтди. Шундай салбий йўлларга адашиб кириб қолган, саргардонликда юрганлар ҳақида келтирилган маълумотлар иштирокчиларни янада сергакликка чорлади.

“Кимки ахборотга эга бўлса, у, дунёга эгалик қилади” – деган фикр бугунги кунда ўз исботини топмоқда. Шундай экан, бугунги кунда ёшларда ахборот олами имкониятларидан оқилона фойдаланиш малакасини шакллантириш ҳаётий – амалий аҳамиятга эга. Биз, ёшларда бунда маданиятни таркиб топтириш учун у ёки бу ахборотни эшитар экан, ҳеч бўлмаганда “Бу ахборотни ким ўзатаяпти?”, “Қандай мақсадда узатаяпти?” деган саволларни ўз-ўзига бериши, унга асосли жавоб топишга ҳаракат қилиши кераклигини ёшлар онгига сингдириб бориш даркор. Шундагина улар турли бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолишини, қабул қилинаётган маълумотларга кўр курона эргашишининг олди олинади.

Тадбир якунида шаклланган ахборот олиш маданияти миллий манфаатларимиз ва қадрятларимизга зид бўлган хабар, маълумотларга нисбатан ўзига хос қалқон ролини ўташи, ёшларнинг дунёқараши ва собитлигини таъминлаш йўлида хизмат қилиши мумкинлиги хусусида хулоса қилинди. Йиғилиш сўнгида иштирокчилар томонидан фикр мулоҳазалар билдрилди.

 

Муҳиба Бобобекова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+