Скандинавча юриш - ёшариш ва саломатлик гарови

26.08.2021 17:08:13

Ҳозирги кунда ривожланиб келаётган “Скандинавия таёқчалари орқали юриш” нафақат соғлом бўлишда бизга кўмакдош, балки йўқотилган саломатликни ҳам тиклашда энг самарали усул ҳисобланади.  Бу “шимолча”(“Nordic walking”), “скандинавча” ва бундан ташқари,  “финча” юриш деб ҳам номланган. Замонавий қўллаш тахминан 1940 йиллар атрофида бошланган. Финландиянинг чанғи(лыжа)да учишни касб қилиб олганлар, ўзларини қиш мавсумидан бошқа пайтда тартиб (форма)да сақлаб туриши учун ушбу таёқчаларда шуғулланганлар.


-
Скандинавча юришнинг инсон саломатлигини тиклашдаги таъсири ҳақида гапириб берсангиз.    Эксперт: Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Фахрийлар Кенгаши раиси, и.ф.н.  Экология,  инсон ва табиат хавфсизлиги фанлари Академияси ҳақиқий аъзоси, академик Комилжон ака Шодиметов. Қаҳрамонимизнинг ушбу спорт турини оммалаштириш ва аҳолига соғлом муҳит яратиш борасида кузатувлари ва ташаббускор маҳоратларига тўхталмасдан иложимиз йўқ.

 - Маълумки, бугунги кунда кам ҳаракатли ҳаёт тарзи кўп касалликларни келтириб чиқармоқда. Скандинавия таёқларида юриш бундай касалликларни даволаш дастурига қўшимча, самарали  усул ҳисобланади.

   Маълумотларга кўра, Скандинавияча услубда юриш:

  • бир вақтнинг ўзида тананинг юқори ва пастки қисмидаги мушакларнинг тонусини( активлигини) таъминлайди;
  • бўйин ва елка масаласидаги гавдани мағрур тутиш учун қад – қоматни ростлашга ғоят қулай;
  • тепаликка кўтарилишга ёрдам беради;
  • ҳаракатдаги мувозанат ва мослашишини яхшилайди;
  • ҳаракат - таянч аппарати бўлган муоммоси бор кишиларни тўла ҳаётга қайтаради.

   Шунингдек, пульмонологлар шимолча юришни жуда кўп тарғибот қилишади. Чунки, у ўпкаси касал кишилар учун фойдали бўлиб, машқ қилдириш ва шамоллатишга (вентиляция) ёрдам беради. Унинг ёрдамида, организмга энг қулай ҳолатда  кислород етказилиб,  таъминланади.

-  Скандивания усулида юриш кишини ёшартириши ростми?

- Албатта. Таёқчалар билан юриш инсонни нафақат соғлом бўлишида, балки ёқотилган соғлиқни тиклашда кўмаклашиши ёшариш учун йўл эмасми? Руҳан соғлом инсон доим тетик ва бақувват бўлади. Тез қаришликнинг сабаби ҳам саломатликни ёқотишдан бошланади. Бу юришда киши гавдани тик тутиб, олдинга интилган ҳолда қадам ташлайди. Мушаклар кўп ҳаракат қилгани боис, қон айланиши яхшиланиб киши кайфиятига ҳам таъсир қилади. Ўз–ўзидан кўтаринки руҳ инсонни доим шижоатга ва серғайратликка чорлайди. Руҳан ва жисмонан соғлом инсон ёш жиҳатидан анча кичик кўриниши табиий. Чунки барча аъзоларни меъёрида, соғлом ишлаши, танада ҳеч қандай муаммо йўқлиги, ташқи кўринишни ҳам узоқ вақт ўз ҳолича сақлаб қола олади.

-Скандинавия таёқларини танлаш ва фойдаланишда маълум қоидалар мавжудми?

- Бу спорт тури учун махсус таёқлардан фойдаланилади, у умум эътироф этилган (классик) чанғиларга нисбатан узунлиги қисқароқ. Энг муҳими таёқларнинг узунлигини тўғри танлашда. Нотўғри танланган таёқлардан фойдаланиш тиззага, тўпиқ ва елкага ҳаддан ташқари ортиқча юк туширади.

Иккита турдаги таёқлар мавжуд: стандарт узунлиги чекланган ва телескопик бўлиши мумкин. Фарқи юришда таёқнинг сопини бармоқ билан қисиб юрмаслик учун тасма бойланган. Шимолча юриш учун таёқлар  – енгил бўлиб, улар алюминийдан, углепластика ва бошқа композит материаллардан  ишлаб  чиқарилади. Таёқча билан юришдан олдин унинг узунлиги ўзига мослаштириб олиши керак. У қуйидаги формула билан аниқланади: ўз одамни бўйини 0,68га коэффицентга кўпайтирилади. Яъни, бўйи 174 сантиметр бўлса, узунлиги 118-120 сантиметр  этиб таёқларни созланиши  танланиши (174х0,68 =118,32) керак.

-Таёқлар ёрдамида юриш техникаси билан ҳам таништирсангиз.

    - Юриш техникаси қўл, оёқ, сон ва тана ҳаракати худди юргандек, ритмли бўлиши лозим. Қарама-қарши қўллар ва оёқлар навбатма-навбат олдинга ва орқага ҳаракатланади, худди юргандагидек, фақат жадал (интенсив). Энг муҳими, тўғри суръатда ҳаракатланишга мослашиб, олиш керак. Қўлни олди-орқага йўналтириш ҳаракати қадамнинг миқдорини белгилайди. Агар қўлларни ва оёқларни  узоқроқ йўналтирсангиз, унда ҳаракат сон, кўкрак қафаси, елка-гарданга юк кўпаяди.  Таёқлар олдинга ҳаракат қилишга ёрдам бериши, яъни, у гавдани олдинга итариб юбориши керак.

- Машқ қилиш қанча давом этиши керак?

- Бунинг барчаси шуғулланувчининг имконияти ва мақсадига боғлиқ. Машқлар учун умумий қоидалар ўртамиёна тезликда, Халқаро Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ВОЗ), Nordic walkingнинг соғломлаштириш даражаси: соғлиқ учун афзаллиги бир ҳафтада 5 марта 30 минутдан юришни тавсия этади.   

- Скандинавия услубида юриш билан шуғулланишдан аввал сизни қандай касалликлар қийнаган. Бу спорт тури билан шуғулланиб ўзингизда қандай ижобий ўзгаришлар сездингиз?

- Юнусобод туманидаги “Буревестник” номли Скандинавча юриш гуруҳи аъзоси, бўлгунимга қадар, Тошкентдаги “Кардиология” марказида қон томиригам юрак-қон томирлар тизимидаги касалликларимни жарроҳлик операцияси қилдириб, унга “стент” ва юракка “кардиостимулятор” қўйдириб, даволатган эдим. Операциядан сўнгги пайтларда ўзимни ҳолсиз ҳис этиб, озгина  юрсам  ҳам чарчашни бошладим. Бундай ҳолатимни  тиклаш учун Скандинавча юриш машқини бажараётган гуруҳларга қизиқиб, оддий юришдан ушбу шимолча, таёқчалар ёрдамида юришга ўрганишга киришдим. Бир ойдан сўнг,  гуруҳга қўшилиб, Скандинавия таёқчалари билан машқ қила бошлагач, соғлигим тиклана бошлади. Унга қўшимча, ёз пайтида велосипед ҳам миндим. Вақти-вақти билан поликлиникага бориб, кўрикдан ўтиб, кардиограммасини текширтирганимда, юрак фаолияти (кардиограмма) яхши ишлаётганини, қўйилган аппарат маромида ишлаб, турганини билдиришди, ўзимни яхши ҳис эта бошладим ва мана ҳозир гуруҳдаги энг фаол таёқчада юриш ва машқларни бажараётганлардан бири бўлиб қолдим.

-Кимларга ушбу спорт тури билан шуғулланиш мумкин эмас?

 

  • Кучли юрак хуружи юз берган беморларга;
  • Сурункали касаллик авж олган пайтда;
  • Глаукома- кўзни ожизликкача олиб келувчи оғир касаликка чалинганларга;
  • Яқин кунларда инфракт ва инсульт касаллигини бошдан кечирганларга;
  • Ҳарорат юқори даражага кўтарилганда;
  • Қон босим баланд ҳолда юрувчи беморларга - скандинавияча усулда машқ қилишни тавсия эмаймиз.

- Саломатлигида ҳеч қандай муаммоси йўқ инсонлар ҳам скандинавча юриш билан машғул бўлиши керак деб ўйлайсизми?

- Скандинавия таёқчалари орқали юришни бутунлай соғлом  ёшу-қари инсонларга ҳам таклиф қилган бўлар эдим. Бу усулдаги ҳаракат ҳали бизга азоб бериб улгурмаган танани ўз ҳолича сақлашда катта ёрдам беради. Кўпгина инсонлар мени таклифим билан скандивания таёқлари билан юришни ўрганяптилар. Ўзларида бўлаётган ўзгаришлардан мамнун ҳолда раҳматлар айтишади. Албатта бундан қаттиқ севинаман. Чунки кимнингдир сиз туфайли ҳақиқий бойлиги бўлмиш соғлиғини тиклаши ва доим кўтаринки руҳда юриши бизга ҳам катта энергия улашади. Барчага бу спорт тури билан шуғулланиб, соғлом ҳаёт қуришларини тавсия этаман.

- Одатий қадам ташлаш билан айнан скандинавча юришнинг саломатлик учун фойдасидаги фарқлар ҳақида  тўхталиб ўтсангиз.

- Бу спорт тури мушакларни янада кўпроқ ва омилкорлик билан машқ қилдиради. Оддий юришда юк фақат оёққа тушади, шимолча юришда эса, юқори гуруҳ мушаклар – қўлнинг елкагача белбоғигача, орқа елка, қорин мускуллари мушаклари ишлайди. Шу боис умуртқа дам олади – юк ундан таёқларга тушади. Бу айниқса, семиз кишиларга, радикулит ва остеохондроз билан азобланаётганларга жуда муҳим, чунки, улар учун оддий юриш қувонч бағишламайди: тез чарчайди, умуртқада ва оёқларида оғриқ пайдо бўлади.

Оддий юришда 60 фоизгача юк (нагрузка) тушса, Скандинавча юришда бу юк 90 фоизгача етади.

- Скандинавча юришни юртимизда оммалаштириш учун қандай чора тадбирлар амалга оширилмоқда?

- Соғлом турмуш тарзига бағишланган Соғлиқни Сақлаш ва Жисмоний тарбия  ва спорт Вазирликларининг ҳар шанба куни Тошкент шаҳарининг у ёки бу истироҳат боғида ўтказаётган марофонлари, ОАВларидаги ҳар куни шу мавзуга бағишланган кўрсатувлар,  ёшлар қаторида, пенсионерларни ҳам физкультура ва спортни оммавийлигидан кенг фойдаланишга қарата бошланган тарғибот  ва амалий ишларнинг кўлами қай даражада катталашганидан дарак бермоқда.

  Мен ўзим ушбу усулда юришнинг сир-асрорларини  чуқур ўрганиб, ўзимнинг тажрибаларим киритилган  “Скандинавчи юриш” деб номланган ўзбек ва рус тилидаги қўлланма тайёрладим. Кўпчилик фойдаланиб, саломатлик учун ҳизмат қилса биздан мамнун инсон бўлмасди.

-Қизиқарли маълумотлар ва мароқли суҳбат учун ташаккур!

     Ҳар бир неъматни вақтида қадрига етиш биз учун фарздир. Соғлиқни жойидалиги катта бахт бўлса, уни ёқотгач қилинган ҳаракат зоедир. Шундай экан берилган имкониятлардан кенг фойдаланиб нафақат бугунимиз учун, балки эртанги кунга соғлом муҳитни ҳозирдан яратайлик. Токи, танадаги дард бизни азоб чекишимизга мажбур қилмасин.

                                                                                                   Матлуба Аҳмедова

                                                                                                        суҳбатлашди

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+