Соғлиқни сақлаш соҳасида улкан ўзгаришлар кутилмоқда

20.11.2021 16:11:33

Бугун соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, соҳани Юртбошимиз 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси орқали асосий масалалардан бирига айлантирди. Жумладан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, шошилинч ҳамда аҳолининг заиф қатламларига тиббий ёрдам кўрсатиш каби масалаларга эътибор қаратилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва қулайлиги борасида бир қатор кўрсаткичларнинг ижобий томонга ўзгаришига эришилди.

Ушбу амалга оширилаётган ишларни давомийлигини таъминлаш мақсадида соҳадаги кадрлар масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилиб, уларнинг касб маҳорати, тажрибаси ва салоҳиятини оширишга қаратилган сезиларли ишлар қилинмоқда.

Шу ўринда Президентимиз фармонига асосан Мусаев Беҳзод Анваровичнинг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланганлиги ҳам бежиз эмас.

Чунки Беҳзод Мусаевнинг ўтган даврдаги меҳнат фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, унинг узоқ йиллар давлат бошқарувининг турли бўғинларида самарали фаолият олиб бориб, Ватанимиз равнақига сезиларли ҳисса қўшиб келаётганлигини англаш қийин эмас.

Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, 2020 йил 14 майдан Президентимиз Фармонига асосан Бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосар этиб тайинланган Беҳзод Мусаев фаолияти давомида бевосита соғлиқни сақлаш тизими, ундаги жараёнлар ва соҳанинг баланд-пастидан ҳам етарлича хабардор. Янги вазир 2020 йил 30 июлидан собиқ Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов даволанаётганлиги сабабли бир вақтда Вазир вазифасини ҳам бажарган.

Меҳнат фаолияти давомида «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган Беҳзод Мусаев Солиқ тизимида ишлаган даврида ҳам тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратиб, хусусий тармоқни ривожлантириш, солиқ имтиёзларини жорий этишда фаол қатнашган.

Тиббиёт асбоб-ускуналарини хориждан олиб кириш борасида божхона божларини камайтиришда ҳам унинг ҳиссаси бор.

Пандемия шароитида Соғлиқни сақлаш вазири лавозимида жойларга бориб ҳақиқий аҳвол билан танишган, беморлар билан юзма-юз суҳбатлашган ҳамда чекка ҳудудлардаги эпидемиологик вазиятни ўз назоратига олган.

Тез тиббий ёрдам хизматини тубдан яхшилашни назарда тутувчи қатор ташаббусларни илгари суриб, амалиётга татбиқ қилган. Аҳолининг репродуктив саломатлик ҳақида ўз фикр -мулоҳазаларини билдириб, оналар ва болалар саломатлигига алоҳида эътибор қаратган.

Пандемия даврига қарамай Республикамиздаги Онкологик вазиятга урғу бериб, хорижий мутахассисларни жалб этиш, тиббиёт анжомларини жойларга ўз вақтида етказилишини ўз назоратига олган.

Ҳозирги кунда Беҳзод Мусаев ҳудудлардаги шифокорлар ҳузурида бўлиб, уларнинг муаммоларини ўрганаётгани ва ҳудуд масъулларига алоҳида топшириқлар бериб, ижросини шахсан ўзи назоратга олаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Янги вазир ўз иш фаолиятида тиббиёт соҳасини ривожланган давлатлар даражасига олиб чиқишга эътибор қаратиб, мавжуд тиббиёт марказлар ва шифохоналарни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлашга алоҳида урғу бермоқда. Шу билан бирга, айрим муассасаларда мавжуд тиббий ускуналардан мақсадга мувофиқ фойдаланилишини таъминлаш борасидаги масъуллар фаолиятини танқид қилди.

Юқорида айтиб ўтилган соҳадаги ўзгаришлар ва тезкорлик билан амалга оширилаётган муҳим тадбирлар ҳамда туну кун тинимсиз меҳнатларнинг самараси ўлароқ яқин орада юртимиз тиббиётида, соғлиқни сақлаш соҳасида улкан ижобий ютуқларга эришишимиз шубҳасиз!

Иброҳимова Мадинахон Мухторовна,

 “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши туманлараро ижрочи котиб

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+