Янгиликлар 510
Соғлом овқатланиш –саломатлик кафолати эмасми?
Болалик чоғларимизни эсласам энтикиб кетаман. Онамиз тандирда пиширган иссиқ, ширин кулчаларни анҳорга оқизиб, совитиб маза қилиб ердик. Бир томонда бодрингни, яна бир томонига помидорни думидан боғлаб, муздек қилиб еганларимиз ёдимда. Болалик беғуборлигидан биз ташвиш нималигини билмай ўсганмиз.
Оталаримиз катта қозонларда пишириб, Жамбулни шоҳлари устини безаган косадаги қўй гўштидан бўлган шўрвалар танамизга ҳузур бағишларди. Эҳ… деймиз. Бугунгидек оппоқ нонларни еб, ортганига ахлат қутиларига ташлаш қаёқда, дейсиз? Нонни увоғи ҳам нон, дея кўзга суртади ота –оналаримиз. Тегирмонда ишланган қорача буғдой унидан тайёрланган қотмароқ, аммо, мазаси оғизда қоладиган нонларни шўрвага бўкитиб ейишни завқи ўзгача эдида. Шуларни ўйлар эканман, у вақтларда бутун бошли шаҳарларда 3-4 та докторлар бўларди. Ўша докторларни 2 таси ҳам аёлларни акушер-гинекологлари эди. Оддий пахта ёғида таомлари пишган момоларимиз, сиҳат-саломатлигидан мақтаниб қўйишарди.
Бугун қайси касалхонага борсанг, ўша ер беморларга тўла. Навбат етмайди. Худди соғ одам қолмагандек. Бунинг сабаби иқлими, ё истеъмол қилаётган озуқаларимизми?
Бир эслайлик. Болалигимизда эрта тонгда дастурхонимизни ўрик, майиз, ҳатто тут майиз, ёнғоқ, қаймоқлар тўлдирса, бугунги дастурхонларимиз аввалгидан ўн баробар шоҳона. Колбаса, сариёғ, оддий қовурилган тухумни устига ҳам кетчуп, майонез суришадими, яна таркиби бутунлай зарар бўлган қабарта туз билан шиширилган ва сунъий равишда узоқ муддат сақланишини таъминлайдиган турфа химикатларга бой ширинликлар… Эҳе буларни номини узоқ санаймизу, соғлигимизни ўзимиз истаб бой бераётганимизни ўйлаб ҳам кўрмаймиз? Нега?
Ўша содда самимий даврларимизни эсласак, бугунгидек дастурхонларимизни ярим тайёр маҳсулотлар тўлдириб турмасди. Ота-боболаримиз илиги тўқ бўлади, деб битта қўйни сўйиб, ёғда яхшилаб қовуриб, хумларга жойлаб қўйишарди. Мактабдан қайтгач, бир бўлак гўштни олиб, қора нонимизга қўшиб еб, қўй ёки мол боққани далаларга отланардик. Оёқларимиз тупроқнинг қизиғида пишиб, бугунгидек шамоллаш касалликларини билмасдик, ҳар бир табиийликда бир ҳикмат бор эди.
Бугун ҳатто, кичик ёшдаги фарзандларимизнинг қўлида ёзнинг иссиқ кунларида ранг қўшилган музқаймоқлар, ширинликлар, чипс ва қотирилган лағмон маҳсулотларию, кимёвий қўшимчалар билан тўйинтирилган салқин ичимликлар… Бой боласи, дегандек қўлларига каттагина колбасани тутқазиб қўядилар ҳатто меҳрибон оналар.
Худди, инсон танасига бир майдону, унга бир машина «чиқинди»ни тўкилаётгандек… Шўрлик тана аъзоларимиз бу нотаниш моддалардан безиб, «дод» деб юбораётгандек назаримда. Балки, биз соғлом овқатланишни унутиб қўйганлигимиз учун ҳам бугун турли хил юқумли ва юқумсиз касалликлар сони ортиб бораётгандир. Юрак-қон томир касалликлари, юқори нафас йўли хасталиги… Ўсимта касалликларининг турини кўпайиб бориши ва касалликни аҳоли орасида ёшариб боришида ҳам ўзимизнинг эътиборсизлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб эмасмикан?
Рақамларга мурожаат қиламиз. 2024 йил I чорагида Ўзбекистонда 40 197 киши вафот этди. Шундан эркаклар сони 21,9 минг, аёллар сони 18,3 минг нафарни ташкил этди. Ўлим сабаблари эса қон айланиш тизими касалликларидан – 57,9%, ўсимталардан – 9,1%, нафас олиш аъзолари касалликларидан – 7,5%, бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан – 4,5%, овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан – 4,1%, юқумли ва паразитар касалликлардан – 1,2%, бошқа касалликлардан вафот этганлар эса 15,7% фоизни ташкил этади.
Бугун ёшлар ўртасида урф бўлган энергетик ичимликлар илк бор 1960 йилда Японияда дори воситаси сифатида яратилган. Кейинчалик Европа ва АҚШни «забт этгач», бизнесменлар бу маҳсулотни оммалаштириш учун таркибига бир қанча кимёвий моддаларни қўшишган.
2014 йилга келиб, ЖССТ ўсмирлар ўртасида энергетик ичимликлар кўп истеъмол қилинаётгани юзасидан хавотирли баёнот билан чиқди. 2017 йилда эса АҚШда 16 ёшли ўсмирнинг ўлимига кўп миқдорда истеъмол қилинган энергетик ичимлик сабаб бўлгани айтилди. Энергетик ичимликлардан заҳарланаётган ёшлар ҳақидаги хабарларни кун ора ижтимоий тармоқлар орқали ўзингиз ҳам ўқиб турибсиз.
Бу бугунги ёшларимизни ҳушёр торттириш ўрнига, аксинча уни қарамига айланиб бораётгани ачинарли ҳол. Бир куни иш хонада бир бола юрагини чангаллаганча йиқилиб тушди. Югур-югур, тўполон. Ҳали 23 ёшга кирмаган йигит 2 ёшли жажжи қизалоғини ташлаб, ёруғ оламни тарк этадими, деган хавотирда эдик. Сабаби, ўша туни билан компьютерга боғланган йигит энергетик ичимликларга муккасидан кетганлиги сабаб оғир аҳволга тушган экан.
Ҳозир дунёнинг қатор давлатларида бундай маҳсулотлар сотувига тақиқлар ўрнатилган. Ўзбекистонда ҳам бу борада маълум қонуний чекловлар амалда. Шифокорлар бу маҳсулотдан тийилишни тавсия қилсада, савдо расталаридаги харидор сони кескин ортиб бораётганлиги ҳақиқат.
Яна интернет тармоғидаги маълумотларни ўқий бошлайман. «Энергетик ичимликлар меъёрдан ортиқ ва сурункали истеъмол қилинса, бош мия, марказий нерв тизими, бўғимлар ва бошқа аъзоларга жиддий зиён етади. Таркибидаги кофеин — психостимулятор модда. У вақтинчалик тетиклик ҳиссини бағишлаб, чарчоқни аритиши, ақлий фаолиятни кучайтириши мумкин, аммо маълум бир вақтдан сўнг, масалан, 1 – 1,5 соат ўтгач, инсон организмида ҳорғинлик баттар кучаяди, бош оғриғи пайдо бўлади ва нафақат ақлий, балки жисмоний фаолият ҳам сусаяди.
Бундай маҳсулотларни тез-тез истеъмол қилувчиларда кейинчалик бўғимларда оғриқлар пайдо бўла бошлайди ва маълум бир асоратларга олиб келади. Маълумотларга кўра, энергетик ичимликлар асаб тизимини ишдан чиқарар экан. Руҳий касалликларга чалиниш хавфи ортиб, одамларда тажовузкорлик кучаяди. Болаларнинг зеҳни ўтмаслашиб, дарсларни ўзлаштириши пасайиб кетиши, ногирон, ақли заиф фарзандлар туғилиши айни шундай иллатларнинг ҳам асорати, десак хато бўлмайди».
Тангри ҳаммамизга ақл-идрокни бериб қўйибди. Ҳаммамизнинг мақсадимиз, фарзандларимиз бахтли саодатли яшасин, деймиз. Аммо, соғлом овқатланишни оила катталарни назоратга олмас эканмиз, овқатимиз таркибидан зарарли моддаларни чиқариб ташламас эканмиз, ҳалол пешона тери эвазига топилган даромадларимиз ҳам болаларимизни, ўзимизни соғлигимизни тиклашга, яна ўша фойдасидан зарари кўп бўлган дори-дармонлар қарамлигидан асрай олмайди.
Соғлом келажак учун соғлом турмуш тарзини одат қилиш вақти етмадими?
Орифжон Ўлмасов
«Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
раиси ўринбосари
Фикрингизни қолдиринг