Сўхликлар нега сарсон?

15.01.2021 14:01:58

 

Барчамизга маълумки, Фарғона вилоятидаги Сўх тумани анклав ҳудуд ҳисобланади.  Вилоят марказига келиш учун 4 та кириш-чиқиш постларидан ўтиш керак. Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги ПФ-5156-сонли фармонига асосан 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш учун рухсат ёзуви стикерини расмийлаштириш тартиб-таомили бекор қилиниб,  хорижга чиқиш учун биометрик паспортлар бериш (хорижга чиқиш паспорти) тизими жорий этилди. Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, фуқаролар фақат янги турдаги хорижга чиқиш биометрик паспорти билан чегарадан ўтказила бошланди. Албатта, мазкур паспорт жаҳон стандартлари талабига жавоб беради. Аммо, ҳозирда Сўх тумани аҳолиси учун  бу борада муаммолар юзага келмоқда.

Аввало, аҳоли иш юзасидан Фарғона шаҳрига бориш учун чегарадан ўта олмаяпти. Туманда 80 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг орасида тиббий ёрдамга муҳтожлари бор. Айнан тиббий муолажа зарур бўлган кексаларимиз ҳам қийин аҳволга тушиб қолишган. Уларни хорижга чиқиш учун биометрик паспорт  билан таъминлаш, хизмат кўрсатиш ишлари етарли даражада йўлга қўйилмаган. Бу борадаги ишларни қониқарсиз аҳволда, десак ҳам адашмаймиз. Қонунчилигимизда янги паспорт­лар тегишли тартибда 10 кун муддатда берилиши кўзда тутилган бўлса-да, бизда ойлаб паспортини ололмаётган фуқаролар бор. Сўхлик сайловчилар томонидан ҳам айнан хорижга чиқиш биометрик паспортини олишга ёрдам бериш масаласида кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Паспорт тизимидаги мутахассисларнинг иш ҳажми кўпайиб, кўп минг сонли сўхликларни хорижга чиқиш учун биометрик паспорт билан таъминлашни узоқ вақт кутишга тўғри келаётгани ҳамда Сўх туманининг ҳудудий жойлашувидаги ўзига хосликларни инобатга олиб, туман аҳолисига (истисно тариқасида) амалда қўлланилаётган биометрик паспортдан вақтинча фойдаланган ҳолда кириш ва чиқишга рухсат бериш муддати муайян вақтга узайтирилса, мақсадга мувофиқ бўларди.  

Субҳонали НИШОНОВ,

 халқ депутатлари Сўх тумани

Кенгаши депутати

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+