Янгиликлар 1808
“Сойибобод” маҳалласининг йўллари қачон обод бўлади?
Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг «Муаммо билан юзма-юз» лойиҳасига мезбонлик қилган Гулистон туманининг «Сойибобод» маҳалласи аҳолиси меҳмонга келган депутатга дастлаб шу савол билан мурожаат қилди. Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати Орифжон Қудратов аслида шу маҳаллада истиқомат қилади. Вилоят марказидаги кўп тармоқли болалар шифохонасида шифокор бўлиб ишлагани боис ўз сайловчилари билан ҳафтанинг маълум бир кунида учрашиб, муаммоларни ўрганишга вақт ажратади. Шу сабабли депутатнинг маҳаллага навбатдаги ташрифи «Муаммо билан юзма-юз» лойиҳаси доирасида бўлиб ўтди. Аҳолининг хақли эътирозига сабаб бўлаётган ички йўллар таъмири билан боғлиқ масала эса депутат эътиборига биринчилардан бўлиб ҳавола этилди. Яъни маҳалланинг «Камолот», «Синчалак», «Намуна» кўчалари таъмирталаб аҳволда эканлиги аҳолига қатор ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Шунингдек депутат Орифжон Қудратов ён дафтаридан маҳалладаги симёғочларнинг алмаштирилиши, мавжудларини таъмирланиши, ҳудудга автобус қатновини қайтадан йўлга қўйиш, йўл кира ҳаққини асоссиз оширилиши каби масалалар ҳам мурожаат сифатида жой олди.
-Маҳалланинг ички йўллари таъмири билан боғлиқ депутатлик сўровини мутассаддиларга жўнатганмиз. Лекин ҳанузгача ижобий жавоб ололмадик. Ҳар доим дастурга киритилиши ёки келгуси йил таъмирланиши ҳақида маълум қилишади. Бироқ амалий ишдан дарак йўқ. Ўтган йили ичимлик суви билан боғлиқ масалада юборган депутатлик сўровимиз ўз натижасини бериб, маҳаллага сув минораси ўрнатилди. Муаммо деярли ҳал бўлди. Агар йўллар таъмирига масъуллар ҳам депутатлик сўровига амалий жавоб берганида эди бугун «Сойибобод»нинг ички йўллари обод бўлиб қоларди. Энг муҳими халқ биздан рози бўларди, дея муносабат билдирди биз билан суҳбатда депутат Орифжон Қудратов.
Энг муҳими аҳоли билан мулоқотлар давомида ўз ечимини кутаётган масалалар ўртага ташланди, ҳамжиҳатликда қилинса бўладиган ишлар режаси тузилди. Зеро адолат бор жойда ҳар қандай масалага ечим бор.
Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят
Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг