Янгиликлар 4129
Сўнгги беш йил сарҳисоби: муаммо ва ечимлар
Шу кунларда мамлакатимиз сиёсий партиялари вилоят, туман кенгашларининг ҳисобот-конференциялари ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 25 октябрь куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгашининг VIII сайловолди ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Унда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партиянинг туман-шаҳар Кенгаши раислари, делегатлар, фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Даставвал тадбирни Тошкент вилояти Кенгаши раиси Умид Шоумаров кириш сўзи билан очиб берди ва конференциянинг кун тартибидаги масалаларига тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг У. Шоумаровнинг ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар бўйича ҳисоботи тингланди, шунингдек келгусидаги вазифалари белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, партия фаоллари ва депутатлар учун жойлардаги ҳақиқий ҳолат юзасидан очиқ фикр алмашиш ҳамда муаммоларни чуқур ўрганиб, уларнинг ечими юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини баён этиш ҳаётий заруратдир. Бинобарин, улар фуқароларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, одамларни ўйлантираётган, қийнаётган муаммо ва масалаларни ҳал қилиш борасида ҳуқуқ ва ваколатларга эга. Бироқ электорат билдирган ишончни оқлаш, парламент ва депутатлик назорати институтлари самарадорлигини ошириш каби ўта муҳим масалаларда партияларнинг “мудроқ”лиги Президентимиз томонидан танқид қилингани барчани янада ҳушёр бўлишга ундади.
Партия сайловолди дастуридаги ваъдаларни бажариш, партия электорати бўлган ижтимоий соҳа вакиллари қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, шунингдек, мавжуд муаммолар юзасидан кечиктириб бўлмайдиган амалий чораларни кўриш, долзарб ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича партиянинг позициясини мунтазам равишда билдириб бориш муҳим экани қайд этилди.
Партия лойиҳалари ижросини таъминлаш, партиянинг аҳоли билан тизимли мулоқотини йўлга қўйиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда партиянинг ҳудудий ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларига алоҳида вазифалар белгилаб олинди.
Танқидий-таҳлилий, ишчан руҳда бўлиб ўтган конференцияда сўнгги беш йилликда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар шунингдек, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди.
Сўзга чиққан партия фаоллари партиянинг ғоявий ва мафкуравий дастурларини такомиллаштириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга партиянинг позициясини аниқлаштириш ва уни кенг жамоатчиликка етказиш чораларини кучайтириш лозимлигига урғу бердилар.
Шунингдек, жорий йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайловига бўлиб ўтадиган сайловларнинг ҳар қачонгидан ҳам очиқ, ошкора ва шаффоф ўтишини таъминлашда партия фаолларининг ҳуқуқий билимлари ва саводхонлигини ошириш, уларни сайлов жараёнларида кўникмаларини шакллантириш, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар билан батафсил таништириш, самарали сайловолди дастурини ишлаб чиқиш, сайлов жараёнларига пухта ҳозирлик кўриш, сиёсий партияларнинг сайлов кампаниясидаги иштирокини таъминлашга доир масалаларда фикр-мулоҳазалар тингланди.
Конференцияда партия ташкилотларида масъулиятни ҳис киладиган, замонавий дунёқараш ва билимларга эга кадрлар заҳирасини шакллантириш ҳамда шу орқали партиянинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва партия ташкилотлари фаолиятини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Шу билан бирга, партияда кадрлар билан ишлаш тизимини ривожлантириш, ходимлар учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш, партия ҳудудий кенгашлари моддий-техника таъминотини янада яхшилаш борасида вазифалар белгиланди.
Йиғилиш давомида партиянинг бошланғич ташкилотлари фаолиятини жонлантириш юзасидан муҳим таклифлар билдирилди.
Қайд этилишича, бугунги кунда партия вилоят Кенгаши қошида партия аъзолари сони 41436 нафар, БПТлар сони 654 тага етди. Бу кўрсаткич сўнгги беш йил ҳолатига солиштирилганда аъзолар сони 25682 нафарга, БПТлар сони 172 тага ўсгани кузатилди.
Тадбир давомида кун тартибидаги масалалар бўйича партиянинг вилоят Кенгаш раиси, депутатлик гуруҳи раҳбари, назорат тафтиш комиссияси, Ижроқўм аъзоларининг ҳисоботлари тингланди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг навбатдаги Қурултойида иштирок этиш учун делегатлар сайланди.
Куннинг иккинчи ярмида вилоят Кенгашининг I Ташкилий Пленуми ўтказилди. Пленум иштирокчилари томонидан Кенгаш Ижроия Қўмитаси раиси ва аъзолари сайлаб олинди.
Муҳаммаднаби Дутураев, Бекобод туман Кенгаши раиси:
-Ўтган 5 йил мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта ўзгаришлар, муҳим воқеаларга бойлиги билан тарихга муҳрланди. Ўтган йиллар мобайнида аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш натижасида, аҳолининг ижтимоий аҳволини яхшилаш, уларнинг яшаш шароитларини, турмуш даражасинии юқори поғоналарга кўтариш учун партиямиз, хусусан вилоят ва туман-шаҳар Кенгашларидан сайланган депутатларимиз томонидан ижобий ишлар амалга оширилди. Айни кунларда биз кейинги беш йилликнинг энг муҳим сиёсий тадбирига яқинлашмоқдамиз. Ушбу сайловлар кескин руҳда, муросасиз курашлар остида, ошкоралик принципларига таянган ҳолда ўтиши кутилмоқда. Бу муҳим сиёсий жараёнда барчамиз ҳар қачонгидан-да фаол ва масъулиятли бўлишимиз шарт. Айниқса депутатларимиз ва БПТ аъзоларининг ташаббускорлиги муҳим аҳамиятга эга.
Гўзал Жўраева, Оҳангарон туман Кенгаши раиси:
- Бугунги конференция жиддий ва ўта танқидий-таҳлилий руҳда ўтди. Унда партия олдида турган долзарб масалалар муҳокама этилди. Мавжуд камчиликлар бартараф этиш ва истиқболдаги режаларни белгилаб олдик. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатлари учун хизмат қилар экан, биз ҳам биринчи навбатда айни мақсад сари дадил ҳаракат қилмоғимиз керак. Бўлажак сайловлар юксак савияда ўтишини, жамият ривожида туб бурилишларга, халқ фаровонлигини янада юқорига олиб чиқишга хизмат қилишига барчамиз бирдек ўз ҳиссамизни қўшишимиз талаб этилади.
Конференция сўнгида муҳокама этилган барча масалалар ва билдирилган таклифлар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Фотима САТТАРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг