Янгиликлар 1461
“Сўнгги қўнғироқ”қа илк табрик
Ҳар биримизнинг ҳаётимизда “сўнгги қўнғироқ” ўзгача ҳис-туйғуларни жунбушга келтиради. Ҳаяжонлантиради. Тўлқинлантиради. Ёшлантиради. Ёшартиради.
Худдики, айнан шу қўнғироқ илк жаранглаб бизни йўлга бошлаган кундан эътиборан ҳанузгача жиринглаб танлаган йўлимиздан адашмасликка, чалғимасликка, алданмасликка, ортга чекинмасликка ундаб келаётгандек.
Давлат раҳбарининг юртимиз ҳаётидаги нуфузли саналардаги табриги биз учун одатий ҳол бўлиб, ундан ўз фаолиятимиз тараққиёти учун керакли вазифаларни белгилаб олар эдик.
Бу йилги битирувчи ўғил-қизларимизга ҳавасим келди. Чунки республика Президентининг мактаб битирувчиларига илк табриги ёшларимизга алоҳида берилаётган эътиборнинг яна бир амалий ва тарихий исботи бўлди. Демак, ёшлар юртнинг нуфузи, ишонган кучи, тараққиёт мезони, келажак тимсолига айланибди.
Таъкидлаш жоизки, қисқа муддатда мактабгача таълим, олий ва ўрта махсус таълим тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди. Охирги тўрт йилда 134 та янги мактаб қурилиб, 2 минг 965 та мактаб реконструкция қилинди.
Шу билан бирга, юртимизда мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги замонавий Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар барпо этилмоқда. Ҳозирги вақтда республикамизда 10 мингдан зиёд давлат умумтаълим, 171 та нодавлат, 18 та давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактаблар фаолият кўрсатмоқда.
Албатта, бугун мактаб бўсағасини тарк этаётган ёшларимизнинг келгуси мустақил ҳаёти, билим олиб касб танлаши учун керакли шароитлар яратилган ва бу жараён давом этмоқда. Жумладан, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 137 та олий ўқув юрти, 339 та касб-ҳунар мактаби, 193 та коллеж ва 196 та техникум ўғил-қизларимизга энг замонавий билимларни беришга, илғор технологиялар ёрдамида илм уммонидан баҳраманд бўлишига барча имкониятлар мавжуд.
Бундан ташқари, ўз касбий маҳоратини оширмоқчи бўлган ёшларимизга ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий маълумот олиш имконияти ҳам яратилган. Шу мақсадда 71 та олий таълим муассасасида сиртқи, 18 та олийгоҳда кечки бўлимлар фаолият кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мактабни битириб чиқаётган йигит-қизларимиздан биронтаси эътибордан четда қолмайди. Уларнинг ҳар бири халқимиз, Ватанимизнинг чексиз меҳри ва юксак эътиборини ҳис қилиб яшайди.
Дарҳақиқат, республика Президентининг мактаб битирувчиларига илк табриги ёшларимизга алоҳида берилаётган эътиборнинг яна бир амалий ва тарихий исботи бўлди. Демак, ёшлар юртнинг нуфузи, ишонган кучи, тараққиёт мезони, келажак тимсолига айланиб улгурибди.
Шахсан мен мазкур табрикда юксак ишончни, шахсий масъулиятни, оталарча меҳрни, авлод ҳавфсизлигини, аждодлар мажбуриятини, боғбоннинг серҳосил дарахтлари меваларининг такрорланмас исини ҳис қилдим.
Зеро, табрикдаги ҳар сўзнинг залвори, меҳри, ор-номуси, виқори ва қадри ҳар бир ўғил-қизнинг қалбини забт этганига асло шубҳа йўқ.
Гулруҳ АГЗАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг