Сотувчи ва ҳайдовчида карантинни бузишга ҳуқуқ борми?

02.06.2020 11:06:04

Коронавирус инфекциясининг кенг тарқалиб бораётгани жаҳон аҳлини жиддий ташвишга солмоқда. Бу бало халқ, миллат, чегара, минтақа танламаслигини ҳар биримиз кўриб, ҳис қилиб турибмиз.

Шуни ҳисобга олган давлатимиз раҳбари коронавирус хавфидан республикамиз аҳолисини ҳимоя қилиш учун қатор чора-тадбирларни кўрмоқдалар. Президентимиз томонидан бу офатга қарши кураш бўйича қабул қилинаётган Фармон ва қарорларида вазирликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик олдидаги шу куннинг энг устувор вазифаси юртдошларимиз соғлигини сақлаш эканлигини таъкидламоқдалар. Мутахассислар ҳам  коронавирус инфекциясини олдини олиш бўйича энг ишончли чора бу- санитария, гигиена талабларига қатъий риоя  қилиб, вирусни юқтиришдан сақланиш, сабабсиз уйдан чиқмаслик лозимлигини алоҳида эслатяптилар.

Бироқ, баъзи фуқароларимиз бунга амал қилмаётганлари ачинарли ҳол. Ўрганишлар давомида аниқландики, Қаршининг “Эски шаҳар”даги  ер ости йўлидаги бир нечта ноозиқ-овқат дўконлари фаолият юритяпти. Бироқ, бу ерда сотувчилар ҳам, харидорлар ҳам санитария нормаларига амал қилишмаяпти. Харидорлар ва сотувчиларнинг аксарияти ниқоб тақмаган. Одам тирбандлигидан оралиқ икки метр мксофани сақлашни унутиб қўйишаётир. Худди шундай манзарани “Янги бозор”нинг ташқарисида ҳам учратиш мумкин.

Шу ўринда яна бир ачинарли ҳолатни олдини олишда мутасаддилар тезроқ чоралар кўришлари зарур. Айни пайтда республикамизнинг барча ҳудудларида қатновчи таксилар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда 3 нафар йўловчи билан ҳаракатланишлари белгиланган. Аммо биз ўрганган Қарши шаҳрида, қолаверса, Қарши-Бешкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган таксилар ҳам 4 нафар йўловчи билан эркин қатнаётганини қандай изоҳлаш мумкин. Бунинг устига такси ҳайдовчилари ўзлари хохлаганча нарх белгилаб олишган. Масалан, Қарши-Самарқанд йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган таксилар 250 минг сўмдан, Бешкент-Қарши йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган таксилар 5-10 минг сўмдан, Қарши шаҳар бўйлаб юраётган таксилар ҳам худди шундай ўзларича нарх қўйиб юраётгани  аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Энг ачинарли томони шундаки, такси ҳайдовчилари чўнтакни ўйлаб, карантин қоидаларини менсимасдан 4 нафар йўловчи билан ҳаракатланаяпти. Қарши шаҳри ва туманлардаги кўпгина озиқ-овқат дўконларида ҳам харидорлар оралиқ масофани сақламагани ҳолда, айрим сотувчилар ниқобсиз ишламоқда.

Кези келганда айтиш керакки, бугун давлатимиз халқ учун қайғуриб, карантин даврида жуда катта маблағ йўналтираётган бир пайтда, нега баъзи юртдошларимиз ўзини ва ўзгалар соғлигини асрашга ҳали-ҳамон панжа орасидан қараб келмоқда.

Дарвоқе, бугунги ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, ҳар биримиз  халқимиз азалдан улуғлаб келган тозалик, озодалик, орасталик ва саломатликка жиддий эътибор бериб, соғлом турмуш қоидаларига амал қилишимиз лозим. Бу нафақат карантин пайти, балки ҳамиша ўз саломатлигимизни асрашда муҳим эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Юксак тафаккур, темир интизом, сабр-тоқат ва чуқур масъулият кўрсатиш” ғоясини эндиликда барчамиз кунлик шиоримизга айлантириб, унга ҳар дақиқа,ҳар сонияда амал қилсак, коронавирус хавфини қисқа кунларда бартараф этиб, юртимиз келажаги учун ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

 

Руиддин  РАУПОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят

Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят

Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+