Янгиликлар 1878
Спорт мактабида аҳвол қандай?
Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгашига фуқаролар томонидан Урганч шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактаби (Болалар сув спорти)даги болалар ёпиқ сув ҳавзасининг суви талаб доирасида эмаслиги тўғрисидаги мурожаати эътиборга олинди ва партия фаоллари, депутатлари ҳамда Хоразм вилоят Санитария эпидимиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси Урганч шаҳар бўлими вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, мазкур муассасада ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш жараёнида спорт мактабида карантин талабларига риоя қилинмаётгани, жумладан, мактабга кираверишда болаларнинг тана ҳарорати ўлчанмаётгани, тиббий тозаловчи воситалари қўлланилмаётгани, жамоа ходимларида тиббий ниқоблар йўқлиги аниқланди. Шунингдек, ёпиқ сув ҳавзасига кириш учун махсус оёқ кийимлар мавжуд эмаслиги боис ишчи гуруҳ аъзолари бироз муаммоларга дуч келишди.
Энг ёмон холатлардан яна бири мактаб шифокорининг иш вақтида махсус иш кийимида эмаслиги ҳамда кўча оёқ кийимида экани ишчи гуруҳнинг эътиборини тортди. Бу ҳолатнинг сабаби сўралганда, шифокор ҳаво иссиқлигини баҳона қилди.
Сув ҳавзасида спорт машғулотлари билан шуғулланаётган болаларнинг аксариятида маҳсус бош кийим ва кўз ойнакнинг йўқлиги хафсаламизни пир қилди.
Ўрганиш жараёнида хавзадаги сув тозалигини аниқлаш учун намуна олинди ва натижаси уч кундан сўнг маълум бўлиши билдирилди.
Ватанимиз келажаги бўлган ёшларга яратилган имкониятларда фарзандларимиз соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун масъул бўлган раҳбарлар виждонан ёндошсалар, кўзланган мақсадга эришамиз. Зеро, қайси жойда тартиб-интизом, эътибор кучли бўлса, шу жойда гўзал ва соғлом ҳаёт барқарор бўлади.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг