Янгиликлар 3981
Спортга эътибор – энг яхши допинг
Машҳур футбол жамоасининг муҳим ўйини олдидан мураббий футболчилар олдига кўза қўйиб, “Ичидаги суюқликдан бир хўпламдан ичинглар, у – допинг, кучингизга куч қўшиб, ўйиндаги ғалабамизни таъминлайди”, дебди. Чиндан ҳам ўша ўйинда йигитлар ҳар доимгидан кўп ғайрат кўрсатиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонадилар. Муваффақиятни нишонлаш чоғида “Устоз, кейинги ўйинда ҳам допингдан фойдаланайлик”, деган таклифга мураббий кулиб “У крандан оқиб турган оддий сув эди, ўзингизга бўлган ишонч ютуққа етаклади”, деб жавоб берган экан.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳақида ОАВ орқали хабардор бўлиб, шу воқеа ёдимга тушди. Бинобарин, Президентимизнинг “Спортчиларнинг руҳий тайёргарлиги паст бўлса, уларнинг мусобақаларда юқори натижаларга эришиши қийин. Ҳар бир спортчига психология ва диетология ҳаводек зарур” деган гаплари айни ҳақиқатдир.
Бугунги кунда спортчиларга қаратилаётган ҳурмат ва эътибор улар учун энг катта руҳланиш, ижобий маънодаги допингдир. Бунинг инъикосида юртимиз вакиллари ўтган йилги Осиё ўйинларида жами 70 та, жумладан, 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллаган эди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса халқаро мусобақаларда жами 442 та, жумладан 145 та олтин, 134 та кумуш ва 163 та бронза медали қўлга киритилди. Бу муваффақиятлар, албатта, фахрланишимизга арзийди.
Аммо, 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик аҳволи қониқарли эмаслиги ўйлантириб қўяди. Демак, фойдаланилмаган имкониятлар бисёр. Сўзимиз аввалида тилга олинган омилни инобатга олиб, уларни нафақат жисмонан, балки психологик тайёрлов ҳам зарур.
Видеолселектор йиғилишида умумтаълим мактабларидаги ўқувчилар жамоавий спорт ўйинларига тўлиқ жалб этилмаётгани танқид остига олинди. 2 мингдан зиёд мактабда спорт заллари йўқ, 3 мингдан ортиғида эса таъмирталаб. Бу нима деган гап ахир? Ҳамма ишни давлатга ташлаб, қўл қовуштириб ўтираверамизми? Ушбу оғриқли нуқта биз – сиёсий партия фаолларидан ҳам хушёрлик талаб этади. Жумладан, “Адолат” социал-демократик партияси мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантиришни устувор мақсадлари қаторига киритган экан, спорт таълимини ҳам назардан соқит қилмаслиги лозим. Ҳар қандай маълумотни қабул қилишга шай палла – болалик ва ёшлик чоғида спорт саводхонлиги долзарб аҳамият касб этади. Зеро, спорт ёш танламагани билан “Ёшликда олган билим тошда ўйилган нақшдир”, деганларидек болаликдан у билан дўст тутинган афзал. Биринчидан, ёш тафаккур кўникмаларни тез ўзлаштиради. Иккинчидан, ёш болада қўрқув бўлмайди, курашга дадил киришади, жароҳат олган тақдирда ҳам юрагини олдириб қўймайди.
Мактаб ўқувчилари ўртасида спорт мусобақалари ва жисмоний тарбия фанидан олимпиада ташкил қилиб, уларда ғолиб бўлганларни олий таълим муассасаларига квотадан ташқари имтиёзли асосда қабул қилиш ҳамда уларга спорт тоифаси бериш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, бундай ёшларни тайёрлаган жисмоний тарбия ўқитувчилари иш ҳақига қўшимча устама, юқори тоифа ва унвонлар бериш таклиф этилди. Шундан келиб чиқиб, партия Сиёсий Кенгаши ўз олдига вазифалар белгилаб олди. Ёшлар ўртасида спорт мусобақалари ташкиллаштириш ва уларни рағбатлантиришга қаратилган фаолиятимизни ривожлантириш зарур. Ҳар бир олий таълим муассасалари, йирик корхона ва ташкилотларда бадиий жамоалари ва спорт клубларини ташкил этиш, улар ўртасида ўзаро мусобақалар ўтказиш яхши самара беради.
Спорт билан шуғулланишни нафақат шифокор ва валеологлар, балки психологлар ҳам тавсия этадилар. Зеро, спорт бола руҳиятида ўзгариш ясаш орқали уни ички дардлардан ҳам халос этишга қодир. Айниқса, кўп вақтини партада ва уйга вазифаларни тайёрлаган ҳолда ўтириб ўтказувчи мактаб ўқувчилари учун спорт жисмоний ҳамда ақлий ривожланишига катта туртки беради.
Сўнгги пайтлар ёш болалар ва уларнинг ота-оналари ўртасида спортга қизиқиш юксалди. Айниқса, Олимпиада ўйинларида юртдошларимиз қозонган ғалабалардан сўнг фарзандларимизнинг спортчиларга хавас билан қараши кучайди. Бугун Ҳасанбой, Фазлиддин, Шаҳрам, Шаҳобиддин, Руслан, Бектемир, Ихтиёр, Муроджон, Рустам, Ришод, Диёрбек, Магомед, Элмурод каби ўзбекнинг мард ўғлонлари чин маънода келажак авлод учун йўлчи юлдузга айланди.
Фарзандини спортга жалб этишни кўнглига туккан ота-онадан алоҳида масъулият талаб этилади. Зеро, спорт боланинг ҳам жисмонан, ҳам маънан ўсиши, соғломлигини кафолатлаши лозим, бу йўлда босим ва тан жароҳатларининг олдини олиш кўндаланг туради. Хозир болани бирваракайига бир қанча спорт турларига йўллаш кўп учрайди. Яъни, бола бир вақтнинг ўзида шахмат, футбол, бокс, сузиш билан тенг шуғулланаётган ҳолатлар кузатилаётган бўлиб, бу мутахассислар томонидан оқланмайди. Чунки бунда нафақат тана, балки асаб учун ҳам босим тушади. Шунингдек, спорт билан дўст тутиниш ўқувчининг асосий таҳсилига халақит бермаслигини ҳам ўйлаш даркор.
Фарзандини дарсдан кейин банд қилишни истаган ота-оналар турли спорт секцияларини излаш ҳаракатига тушадилар. Бунда боланинг қизиқишлари билан бирга имконият ва характерини ҳам ҳисобга олиш даркор. Ўзига мос спорт турини танлаган инсонгина ундан тўлиғича фойда топа олади.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, спорт билан шуғулланаётган 6-12 ёш оралиғидаги ўғил болага бир кунда 1800-2400 миқдорда калория зарур. Спортчи қизларга эса 1600-2200 атрофидагиси етарли. Демак, Юртбошимизнинг спортни диетолгия илмига таянган ҳолда ривожлантириш таклифи жуда ўринли.
Спорт ва соғлиқ синоним сўзлардир. Спорт иммунитетни оширади, касалликларга курашувчанликни кучайтиради, таянч-ҳаракатланиш, юрак қон-томир, нафас олиш системасини барқарорлаштиради, ўзига нисбатан ишончни оширади. Шундан келиб чиқиб, спортга оид ислоҳотлар ҳозирда такомилга етказилаётган партиямиз сайловолди дастуримизда ўз аксини топиши тўғри қарордир.
Дурдона АЛИМОВА,
“Адолат” СДП Матбуот хизмати ходими

Фикрингизни қолдиринг