Стратегик-шериклик муносабатларининг янги босқичи      

31.03.2022 17:03:54

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған 29-30 март кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда Туркия билан мамлакатимиз ўртасидаги дўстона алоқалар ҳар томонлама ривожланмоқда. Мазкур ташриф доирасида Туркия президенти Р.Т.Эрдоғаннинг олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик шериклик кенгашининг иккинчи йиғилишида иштирок этиши ва Қўшма баёнот ҳамда қатор икки томонлама ҳужжатларнинг қабул қилиниши дўстлик алоқаларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Қўшма баёнот мазмунида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишончга асосланган кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, стратегик шериклик муносабатлар даражасини юксалтириш, сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш каби масалалар ўрин олганлиги давлатимиз ташқи ва ички сиёсатида кўплаб янги имкониятлар эшигини очади.

Туркия Президенти ташрифи доирасида Тошкент вилоятида замонавий иссиқлик электр станциясини ишга тушириш ҳамда Сирдарё вилоятида шундай станция қурилиши белгиланганлиги айниқса, катта аҳамиятга эга бўлди. Давлатимиз раҳбари электр станциясини бунёд этишда қатнашган муҳандис ва қурувчиларга миннатдорлик билдирди. Президентлар рамзий тугмани босиб, Қибрай туманидаги ИЭСни ишга туширди ва Ховос туманида ИЭС қурилишини бошлаб бердилар. Айтиш керакки, бу ҳодиса том маънодаги тарихий воқеага айланди.

Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида кўп қиррали Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 9 та ҳужжат имзоланиши ҳам диққатга сазовор. Бу тарихан илдизи туташган халқларнинг ўзаро дўстлик ва ҳамкорлигини юқори босқичга олиб чиқади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған Кўксарой қароргоҳидаги Фахрий меҳмонлар хиёбонига кўчат ўтқазди. Бу йил Ўзбекистон билан Туркия ўртасида дипломатик алоқалар йўлга қўйилганига 30 йил, Стратегик шериклик муносабатлариўрнатилганига 5 йил тўлди. Ишонамизки, ушбу ниҳол ҳамкорлик ривожида янги давр бошланаётгани, муштарак эзгу ниятларнинг рамзи бўлди.

 Ойбек НАБИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+