Янгиликлар 2282
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари – партия нигоҳида
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан “Суд хуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар - қонун устуворлиги гарови” мавзусидаги видеоконференция ўтказилди.
Мазкур тадбир Қорақалпоғистон Республикаси Жиноят ишлари бўйича Суди билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Видеоконференцияда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари, туман (шаҳар) Кенгаши раислари ва партиянинг маҳаллий Кенгашларидаги депутатлари иштирок этишди.
Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н.Қаипбергенов кириш сўз билан очди ва олиб борди.
Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асослар, ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиётини такомиллаштириш, судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш ва уларнинг мақомини ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, энг аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида айтиб ўтди.
Жумладан, ўтган қисқа даврда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд кадрларини танлашнинг демократик ва шаффоф механизмини шакллантириш бўйича тизимли ишлар жорий этилди. Ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Юртимизда биринчи марта маъмурий судлар ташкил этилди.
Шунингдек, туманлараро, туман иқтисодий судлари фаолияти йўлга қўйилди.
Суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларини мустақил ҳал этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди.
Яна бир муҳим янгилик — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши таъсис этилди. Натижада судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, бу борада очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш имкониятлари кенгайди.
Дунёнинг тараққий этган давлатлари илғор тажрибасини чуқур ўрганиш асосида мамлакатимизда судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинганлигини ва бундан ташқари ушбу соҳа бўйича амалга оширилган ишлар ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари буйича суди катта мутахасисси Ф.Ибрагимов айтиб ўтди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари, Халқ депутатлари Чимбой тумани Кенгаши депутати Р.Отарбаев Президентимизнинг «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг аҳамиятига алоҳида тўхталди. Унда судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш йўлга қўйилаётганлигига алоҳида урғу берилди. Бундан ташқари мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган оқилона ислоҳотларда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг фаол иштирокини таъминлаш, маҳаллий кенгаш депутатлари фаоллигини ошириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда партия фаоллари олдидаги долзарб вазифаларни белгилаб олишга қаратилган масалалар илгари сурилди.
Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида ҳам суд тизимини комплекс ривожлантириш, судларнинг мавқеини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш адолатли жамият қуриш бўйича муҳим вазифалар белгиланиб олинганлиги таъкидланди.
Қизғин фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб олишга эришдилар.
Ажинияз ПАХРАТДИНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг