Янгиликлар 2156
Суд – ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳатлар – қонун устуворлиги гарови
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият деб эълон қилинган. Шунга асосланиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлигини тан олиб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсонни фаровон ҳаёти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги мезонларини таъминлашни устувор вазифа қилиб белгилаб олган. Партиянинг сайловолди дастурида қонун ва адолат устуворлигига эришиш, адолатнинг қарор топишида эса суд тизимини комплекс ривожлантириш, судларнинг мавқеини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти эканлиги белгилаб берилган.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, 2020 йилнинг 3 сентябрида “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этиш ҳамда суд жараёнида очиқлик, шаффофликнинг таъминланишида муҳим босқични бошлаб берди.
Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш, чинакам мустақиллигини таъминлаш билан бир қаторда соҳа фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳатларда партиянинг фаол иштирокини таъминлаш, бу борада маҳаллий Кенгаш депутатлари фаоллигини ошириш ҳамда фуқароларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда партия фаоллари ва соҳа вакиллари олдидаги долзарб вазифаларни белгилаб олиш мақсадида Самарқанд вилоят жиноий, маъмурий, иқтисодий, фуқаролик ишлари судлари, вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари, вилоят адлия бошқармаси, прокуратура вакиллари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида видеоконференция ўтказилди.
Видеоконференцияда сўзга чиққанлар бугунги кунда суд-ҳуқуқ соҳасида қабул қилинаётган қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳияти, уларни амалга ошириш механизмлари хусусида тўхталиб ўтишди. Жумладан, жиноят ишлари бўйича вилоят суди судяси Б.Алиқулов сўзга чиқиб, қуйидагиларни таъкидлади: “Муҳтарам Президентимиз раислигида 2020 йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида судлар олдига ўта муҳим вазифалар қўйилди. Энг асосийси, суд идорасига келган ҳар бир шахс Ўзбекистонда адолат борлигига ишониши кераклиги, бу Давлат раҳбарининг талаби эканлигини Президентимиз алоҳида таъкидладилар. Мамалакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз кетар экан, суд тизимининг бошқа органлардан холи бўлиши зарурлигига урғу берилди. Бугунги кунга қадар амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг дастлабки натижаларига маҳлиё бўлиб қолмасдан, жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантириш, шу орқали мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтириш, бунинг учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айлантириш лозим”лиги хусусида гапирди. “Ҳақиқатдан ҳам, бундай муҳим ўзгаришлар, суднинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик, судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган чоралар соҳа ходимларининг ўзига бўлган ишончини оширди. Мен “Адолат” партиясининг Сайловолди дастури билан танишганимда айнан мана шу жиҳатларга эътибор қаратилганлигининг гувоҳи бўлдим. Таклифим партия билан ҳамкорликда ишларни тизимли ташкил этишимиз, жойларда, айниқса маҳалла фуқаролар йиғинларида “Юридик хизмат” тизимини жорий этишимиз, бу билан фуқароларимизнинг ўз ҳуқуқ ва бурчларини тўлақонли англаб олишлари учун ҳафтанинг маълум бир кунини “Юридик хизмат куни” деб белгилаб олишимиз керак” – деб ўз сўзига якун ясади судья Б.Алиқулов.
Сўзга чиққан Пастдарғом туман иқтисодий суди раиси Луқмонбой Асатов томонидан партия ташаббуси билан бугунги конференциянинг ташкил этилган соҳадаги ислоҳотларни халққа етказишда айни муддао эканлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, “Судлар тўғрисида”ги Қонунда судларга Конституция ва бошқа қонунларда, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишга қаратилган вазифалар юклатилган бўлиб, суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгани, фуқароларнинг ҳуқуқий билимини янада ошириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида судьялар, маҳаллий Кенгаш депутатлари умумтаълим мактабларига ташриф буюриб, ҳафтанинг маълум бир кунида ўқувчилар билан мастер-класслар ўтказилса мақсадга мувофиқ бўлишини эътироф этиб ўтди.
Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси юридик таъминлаш бўлими бошлиғи майор Муродилло Каттақулов, юристконсульт Ш.Махаматкулов ва терговчи С.Файзиевлар сўзга чиқиб, партиянинг Сайловолди дастурида кўзда тутилган тергов органларининг тарқоқлиги, мамлакатда ягона тергов органи –Тергов қўмитасини ташкил этиш ташаббуссини қўллаб-қувватлашларини билдиришди. Шу билан бир қаторда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, пиёда ва ҳайдовчиларининг хавфсизлигига жавобгарликни кучайтириш, бу борада кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш мақсадида ҳайдовчиларни тайёрлаш автомактабларида ўтказиладиган имтиҳонларда маҳаллий Кенгаш депутатларини жалб қилиш, умумтаълим мактабларида, мактабгача таълим ташкилотларида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатувчи автомайдончалар ташкил этиш, ушбу машғулотларни йўл-транспорт хавфсизлиги хизмати ходимлари ва автомактаблар мураббийларини жалб қилган ҳолда ўтказиш юзасидан таклифлар ўртага ташланди.
Конференцияда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг судяси Фахриддин Қаршиев, маъмурий ишлар бўйича вилоят суди судьяси Ш.Тўхтаевлар ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан судлар олдига қўйган талабни бажариш ҳар бир судья фаолиятининг асосий мақсади эканлиги, суднинг ҳақиқий “Адолат қўрғони” бўлиши лозимлиги, ушбу вазифаларни амалга оширишда албатта маҳаллий Кенгаш депутатлари ва партия фаоллари билан ҳамкорликда ишларни ташкил этиш фойдадан ҳоли бўлмаслиги юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Конференцияда иштирок этган вилоят Кенгаши депутати Тозагул Холиқова, Самарқанд туман депутати Дилдора Шукурова, Зуҳра Қуддусова, Пастдарғом туман депутати Шохруххон Холмаматов, Булунғур туман Кенгаши раиси, туман депутати Насибали Мамадиярова, Ёшлар Парламенти аъзолари Юлдуз Шамсиддинова, Тоҳир Ўсаровлар жойлардаги соҳага оид муаммолар, уларнинг ечими хусусида суд-ҳуқуқ соҳаси вакилларидан жавоблар олишди. Билдирилган таклифлар бўйича ҳамкорликда фаолият олиб боришга келишилди. Бир сўз билан айтганда конференция жонли мулоқотларга, савол-жавобларга бой тарзда ўтди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидламоқчимизки, Ўзбекистон – барчамизнинг умумий уйимиз. Унда истиқомат қиладиган ирқи, дини, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар ҳар бир фуқаро эркин, адолатли, тинч ва фаровон яшашга ҳақли. Зеро “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат ҳар бир инсон учун” тамойилини амалга оширишда барчамиз бирдек масъулмиз.
Муҳиба БАБАБЕКОВА,
Самарқанд вилоят партия Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг