Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар - инсон манфаатлари йўлида

12.04.2022 15:04:56

 Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият деб эълон қилинган. Шунга асосланиб, инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлигини тан олиб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсонни фаровон ҳаёти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги мезонларини таъминлашни энг асосий вазифа қилиб белгилаб олган Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан, Тайлоқ туман Кенгаши томонидан “Суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш - энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарур”  мавзусида  давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш, чинакам мустақиллигини таъминлаш билан бир қаторда, соҳа фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларда партиянинг фаол иштирокини таъминлаш, бу борада маҳаллий Кенгаш депутатлари фаоллигини ошириш, ҳамда фуқароларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда партия фаоллари ва соҳа вакиллари олдидаги долзарб вазифаларни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбирда, партия вилоят  кенгаши, туман адлия бўлими, суд-ҳуқуқ соҳаси вакиллари, туманда фаолият юритаётган халқ қабулхонаси, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва оммавий ахборот воситалари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда суд-ҳуқуқ соҳасида қабул қилинаётган қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳияти, уларни амалга ошириш механизмлари хусусида маърузалар қилишди. Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг долзарб бўғини бўлмиш адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш, фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ҳамда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва итоат қилиш ҳиссини шакллантириш   борасида стратегик қадамлар ташланаётгани, бугун мамлакатда олиб борилаётган барча соҳалардаги ислоҳотлар, демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тарзда тус олаётгани, бу туб ўзгаришлар халқ манфаатлари йўлида олиб борилаётган амалий ишларнинг ифодаси эканлигини таъкидлаб ўтишди.

Азамат Гаффаров, туман Адлия бўлими бошлиғи - бугунги тадбирда жуда яхши таклифлар билдирилди. 2021 йилда малака оширишга борган чоғимда ҳар бир хона ва бинонинг кириш қисмига Конституция моддалари чиройли қилиб битилган, уни ифодалаб берувчи суратлар ҳамда изоҳлар билан атрофини тўлдиришгани кўз ўнгимда намоён бўлди. Жумладан, Конституция хиёбонини ташкил этиш, ҳамда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида, “Ҳар бир адолатчига бир дарахт” акцияларини амалиётга жорий этиш ўзининг ижобий самарасини кўрсатади. Келинг “Конституция хиёбони” билан бир қаторда ҳар бир ташкилот, мактаб, боғча, олий таълим барча идораларда Конституция бурчакларини ташкил этиб, ундан моддаларни келтириб, изоҳи билан аҳолига намоён этишни ҳам йўлга қуйишда ташаббускор бўлайлик.

Мулоқот давомида тадбир ташкилотчилари фуқаролар ўртасида қонунларга ҳурмат ва амал қилиш ҳиссини шакллантириш йўлида суд-ҳуқуқ соҳаси вакиллари ва партия ходимлари самарали ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш борасида ўзаро келишиб олдилар.

Нилуфар Акрамова,

“Адолат” СДП Тайлоқ туман Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+