Янгиликлар 1904
Суд ишига тазйиқ ўтказаётган фуқаролар
Озод ва эркин ҳаёт нафаси, эртанги кунга ишонч, ойдин тонгларимиз мустақил Ўзбекистонимизни буюк келажак сари бошламоқда. Муҳтарам Президентимизнинг халқимизга, шу ерда умргузаронлик қилиб, меҳнат қилаётган ҳар инсонга бўлган юксак эътибори эса барча барчани мамнун этаётир.
Мен қарийб 20 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида судья сифатида фаолият юритиб келаман. Хизмат тақозоси туфайли халқ билан тез-тез мулоқот қиламан. Суҳбатлардан англадимки, халқимиз Президентимиз юритаётган шу кеча-кундуздаги сиёсатдан мамнун. Айниқса, матбуотда эълон қилиниб, шош-шув, қизғин баҳс-мунозара ва таклифлар ўртага ташланаётган “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони айни вақтида қабул қилинганлигини кенг жамоатчилик эътироф этаяпти.
Дарҳақиқат, судьяларнинг чинакам мустақиллигига эришиш, одамларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, коррупцияни олдини олиш, ҳалол, пок кадрларни тайёрлаш ва судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида эълон қилинган Фармон муҳокамага сабаб бўлаяпти. Шу ўринда мен ҳам ўз мулоҳаза ва таклифларимни оммавий ахборот воситалари орқали ёритишни лозим топдим.
Аввало, мен Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг хайрихоҳи сифатида партия вилоят, туман ташкилоти томонидан жойларда уюштирилаётган барча тадбирларда қатнашиб келаман. Негаки, партиянинг сайловолди дастурида ҳам:
“Биз суд тизимини комплекс ривожлантириш, судларнинг мавқеини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти, деб ҳисоблаймиз” деб ёзиб қўйилган. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг ушбу Фармони ҳам партиямизнинг фаолият йўналишига тўла мосдир.
Биз судьялар фаолиятида энг салбий таъсир қиладиган иллат ишни кўраётган вақтда фуқаролар, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан аралашувлар деб биламан. Суд процессида ноқонуний судьяга тазйиқлар қилинса, адолатсиз қарор қабул қилинишига олиб келади. Шу туфайли ҳам давлатимиз раҳбари Фармонида бундай ҳолатларни олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган.
Судья ҳар қандай шароитда ҳам адолатли қарор қабул қилиши керак,деб ҳисоблайман. Негаки, судда кўрилаётган ҳар бир иш ортида инсон тақдири ётади. Шунинг учун ҳам судья виждонни ўртага қўйиб, қолаверса, нохолис қарорлар қабул қилса, ҳам қонуний, ҳам инсоний нуқтаи назардан жазо муқаррар эканлигини унутмаслиги даркор.
Дарвоқе, коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш ҳақида ҳам йўл-йўриқлар кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, биз судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятимизни рағбатлантириш мақсадида “Ибратли судья” мукофоти ҳамда пенсияга чиққан судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилаётгани айни муддаодир.
Ҳозир Ўзбекистонда судьяларни вазифага тайёрлаш ва тайинлашда муаммо бор. Менинг таклифим, судьялар худди ривожланган давлатлардаги каби вазифага тайинлашдан аввал ҳар хил йўналишларда тест топшириб балл тўплашлари керак. Ана ундан кейин эса соҳага алоқадор мутахассислар саволига жавоб беришлари ва бу савол-жавоб тўғридан-тўғри онлайн тарзда ташкил этилиши шарт. Айни пайтда мамлакатимизда мингдан ортиқ судья фаолият олиб борадиган бўлса, уларнинг хавфсизлиги ҳам давлат томонидан мухофаза этилиши лозим.
Умуман, шундай жаннатмонанд юртдаги фаровон ҳаётнинг асоси нима ўзи деб савол қўйилса, албатта бу юртда қонун устуворлигига эришиш, одамлар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганлигини фахр билан айта оламан.
Муҳтарам Президентимизнинг ушбу Фармони ҳам халқимизнинг руҳияти, замон шиддати, орзу-интилишларимизга ҳамоҳанг тарзда яратилди. Шундай экан, келгусида мустақил давлатимизда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилганидек, инсон ҳақ-ҳуқуқлари тўла таъминланган жамият барпо этилади. Бунинг учун аллақачон ишлар бошлаб юборилди.
Музаффар РАУПОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро
суди раиси
Фикрингизни қолдиринг