Янгиликлар 1259
Суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш – энг муҳим вазифамиз
Ўзбекистон “Адолат” СДП Когон туман Кенгаши томонидан туман ҳокимлиги кичик залида “Суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш – энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарур” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Халқ депутатлари туман Кенгашига “Адолат” СДПдан сайланган депутатлар ҳамда фаоллар иштирок этдилар.
Йиғилишни партия туман Кенгаши раиси М.Ҳамроева кириш сўзи билан очиб, олиб борди. М.Ҳамроева маърузасида даставвал Қонун устуворлиги ва суд-ҳуқуқ соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Қонун устуворлиги ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги асосий вазифалар ҳақида тўхталиб, аввало суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш – энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон мамлакатимизда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши лозимлиги алоҳида айтиб ўтилди. Акс ҳолда, буюк немис файласуфи Иммануил Кант айтганидек, “Адолат йўқолган пайтда ҳаётнинг қадрини белгилайдиган бошқа ҳеч нарса қолмайди”.
Ушбу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Мамлакатимизда судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши керак. Маъруза давомида бугунги кунда судьяларимизнинг адолатни ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида оқлов ҳукмларини чиқараётгани, ҳеч шубҳасиз, суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг катта ютуғимиз эканлиги айтилди.
Тадбир давомида депутатлар ҳам сўзга чиқиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати В.Қодирова коррупция иллати ҳақида сўз юритиб, ушбу жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи омилга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаслигимизни алоҳида қайд этди. Коррупцияни оқибатлари билан курашишдан кўра унинг барвақт олдини олиш учун бирлашмоғимиз кераклиги айтилиб, ана шунда адолатли жамиятни барпо этган бўламиз, - дея сўзини якунлади депутат В.Қодирова.
“Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг