Суғурта қилдирувчилар қандай ҳолларда давлат божини тўлашдан озод этилади?

16.09.2024 17:09:58

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида одам савдоси жинояти учун жазо чораларини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамалар марказида бўлди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, одам савдосига қарши курашиш, мазкур жиноятдан жабрланганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бироқ, шунга қарамай одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ҳамон содир этиб келинмоқда. Чунки бугунги кунда инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар, жумладан, одам савдоси жинояти учун мутаносиб санкциялар белгиланмаган.

Фракция аъзолари томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига одам савдоси жиноятини содир этганларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш билан боғлиқ ўзгартириш киритиш назарда тутилмоқда.

Депутатлар қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, бир қатор таклифлар беришди. Ушбу ҳужжат инсонлар, шу жумладан хотин-қизлар ва болаларга нисбатан одам-савдоси каби жиноятлар содир этилишининг олдини олишга, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилиши қайд этилди.

Шундан сўнг, йиғилишда “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига суғурта қилдирувчиларни мажбурий суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар бўйича давлат божини тўлашдан озод этишга қаратилган қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси обдон кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан, суғурта қилдирувчиларни мажбурий суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар бўйича давлат божини тўлашдан озод этиш орқали уларга янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши истеъмолчиларининг мажбурий суғурта турлари бўйича суғурта ходисаларида келиб чиққан низолар юзасидан судга даъво аризалари киритганда давлат божидан озод қилинишига сабаб бўлади.

Мунозаралар ва савол-жавоблардан сўнг, ҳар иккала қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+