Янгиликлар 1133
Сурхондарёда донорлик акцияси давом этмоқда
Сурхондарёда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан мунтазам йилда икки маротаба “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида ўтказилаётган беғараз донорлик акцияси давом этмоқда.
Бугун ҳам донорлик акциясининг давоми сифатида партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳамда вилоят ИИБ, вилоят ЙХҲБ ҳамкорликда 3 декабрь - “Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан вилоят қон қуйиш марказида беғараз донорлик акцияси кўтаринки кайфиятда ташкил этилди. Унда вилоят Ички Ишлар бошқармаси ходимлари кўнгилли донорлар сифатида фаол иштирок этишиб, бемор болажонлар учун қон топширдилар.
Мазкур акцияни ташкил қилишдан кўзланган мақсад тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож болажонларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда меҳр-оқибат ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилишдан иборат эди.
Айтиш жоизки, ўз хоҳиши билан ушбу савобли ишга ҳисса қўшиб инсонлар қон топширишади. Албатта, кимнингдир саломатлиги йўлида бу каби хайрли ишларни амалга ошириш халқимизнинг қанчалик бағрикенг ва олийжаноб эканлигини яна бир бор кўрсатиб беради. Кимгадир малҳам бера олиш имконияти барчада борлигини англашнинг ўзи ҳаммани савоб ишга бошлайди. Акция давом этар экан, барча-барча инсонлардан бемор кичкинтойларга ёрдам бериш учун қон топширишлари энг олий инсоний фазилатлардан бири саналади. Бу ҳар бир соғлом киши учун одамийликдир.
Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Термиз шаҳридаги вилоят қон қуйиш марказига вилоят Ички ишлар ходимлари ана шундай эзгу мақсад билан кириб келишди. Кўнгилли равишда қон топшириш орқали беморлар ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилиш уларнинг қалб амрига айланди.
Шерали Абдиев, вилоят ИИБ подполковниги, акция иштирокчиси:
-Турли хасталиклар туфайли хасталанган беморлар саломатлигини муҳофаза қилиш, қонга эҳтиёжмандларга яқиндан кўмак бериш тадбирдан кўзланган асосий мақсаддир. Беғараз кўмак туфайли бир дардманд инсонни ҳаётга қайтариш мумкин. Муҳими, пок ниятда бошланган тадбирда барчамиз фаол қатнашдик. Партия ташаббуси остидаги ушбу хайрия тадбири юртимизда саховатли инсонлар кўплигини намоён этиш билан бирга, одамларни бир-бирига меҳр-мурувватли бўлишга ундаши билан аҳамиятлидир. Айтиш мумкинки, мазкур тадбирни қўллаб-қувватлаш билан биргаликда, бу каби хайрли тадбирларни келгусида партия ва ички ишлар органлари биргаликда барча тизимларимизда ўтказишни режалаштирдик.
Акция доирасида эзгу ишга қўл урган кўнгиллиларга партия ташкилот вакиллари томонидан миннатдорлик билдирилиб эсдалик совғалари топширилди.
Гулшод Турсоатова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг