Сув муаммосига оид келажакни кеча ҳал қилишимиз керак эди

19.01.2021 16:01:26

Эндиликда бутун жаҳонда аҳоли ва иқтисодиётнинг сувга бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш ўта жиддий муаммолардан бирига айланиб бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Ишончим комил, сув муаммосини ҳал қилишнинг минтақа мамлакатлари ва халқлари манфаатларини тенг ҳисобга олишдан бошқа оқилона йўли йўқ. Ўзбекистон БМТнинг превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан ишлаб чиқилган Амударё ва Сирдарё ҳавзалари сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциялар лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди”, дея алоҳида таъкидлаган эди.

Эътибор беринг, “превентив дипломатия” дегани нима экан: “томонлар ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлишининг олдини олишга, мавжуд келишмовчиликларнинг низога айланишига йўл қўймасликка, шунингдек, мавжуд можаронинг тарқалишини чеклашга қаратилган дипломатик ҳаракатлар”.

Минг афсуслар бўлсинки, сув билан боғлиқ аҳвол қардош ва қондош деб билган қўшни мамлакатлар ўртасида бугун келишмовчилик, низо ва можаро даражасига етиб қолаёзди. Йўқ, деб кўрингчи!

Яқиндагина Сўх туманида яйлов ва сув устида жанжал келиб чиқиб, Сўх анклавидаги Ленбург қишлоғи орқали Қирғизистон ҳудудига оқиб ўтадиган сувни талашиш оқибатида қадимий икки халқ ўртасида тўқнашув юзага келди. Одамлар қўзғалди. Отишмалар юз бериши оқибатида қон тўкилди...

Инсон табиатида норизоликлар аксарият етишмовчилик, йўқчилик ва тақчилликдан келиб чиқади. Бу ва бу каби жанжаллар ана ўша етишмовчилик ва йўқчиликлар оқибати эмасми?!

Ўзбекистонда сув ресурсларга бўлган талаб йилдан йилга ортиб бораётганлиги сир эмас. Соҳа мутахассисларининг бу борадаги фикрлари анчайин ҳавотирли. Уларга кўра, 2000 йилгача Ўзбекистонда кам сувли мавсум ҳар 6-8 йилда бир маротаба кузатилган бўлса, охирги йилларда бу жараён ҳар 3-4 йилда бир маротаба такрорланяпти.

Ўзбекистон Осиё қитъасининг қоқ ўртасида, океан ва денгизлар қирғоқларидан неча минглаб километр узоқликда жойлашган. Мамлакат дарёлари сувни қўшни мамлакатлардан олади.

Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (World Resource Institute) таҳлилига кўра, сув танқислигидан азият чекаётган 27 мамлакатлар ичида Ўзбекистон 25-ўринни эгаллар экан. Юртимиз сув танқислиги юқори бўлган мамлакатлар сирасига кириши ачинарли ҳолдир, албатта. Шунингдек, сув танқислигининг юқори даражаси Aфғонистон, Қирғизистон, Туркия, Италия ва Португалияда ҳам қайд этилган. Тожикистон Марказий Осиёдаги энг қуруқ мамлакат ҳисобланиб, рейтингда 15-ўринни эгаллаган.

Шу туфайли ҳукуматимиз сув муаммосига оид калажакни бугун ёки эртага эмас, кеча ҳал қилиши керак эди.

Хусусан, экинларни суғориш, бугун сув билан боғлиқ муаммоимизнинг энг аввали ҳисобланади. Чучук сув муаммо бўлган давлатлар мисолида Исроилни олайлик. Ушбу давлатнинг катталиги 22 минг квадрат километр, тақрибан, унинг ҳудуди Жиззах вилояти билан тенг. Бошқача қилиб айтганда, бизнинг унумдор еримизга 20 та Исроил давлати сиғади.

Исроилда нафақат сув, балки, унумдор тупроқнинг ўзи етишмас эди. Мамлакат тошлоқ ва саҳролардан иборат бўлиб, фақат ижтимоий ёрдам билан жон сақлар эди.

Бугун Исроил мева-сабзавотларни четга экспорт қилиш эвазига йилига 1,5 миллиард доллар фойда олмоқда. Бу, Ўзбекистоннинг бир йиллик пахта экспорти пулидан кўпроқ. Эндиликда, Исроил давлатининг қишлоқ хўжалиги бўйича эришган ютуқларини бутун дунё ўрганмоқда.

Кузатишимизча, Сув хўжалиги вазирлигининг water.gov.uz расмий веб-сайтидаги ҳар 10 та мақоланинг 8 тасида семинар, тадбир, мажлис ҳақида маълумотлар берилган. Тадбирбозлик эски шўро замонидан қолган бир иллат эди. Қанийди, ана шу иллатдан тобора узоқлашиб, мавжуд имкониятларимиз асосида вазиятни ўнглаш тараддудига тушсак. Қанийди, сув соҳасининг ҳақиқий билимдонлари, ўз эгалари муаммоларнинг ечими билан шуғулланса.

Бир сўз билан айтганда, агар, сув хўжалиги тизимига инновацион ислоҳотлар, илғор тажрибалар татбиқ этилмас, соҳанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилмас экан, 5-6 йилдан сўнг вазият бутунлай издан чиқиб кетиш хавфи бор.

 

Илхом ЖЎРАЕВ,

“Адолат” СДП Сиёсий

Кенгаши Марказий аппарати

Ахборот-таҳлил сектори мудири

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+