Янгиликлар 495
Тадбиркорлик ривожи учун янги шароит ва имкониятлар
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, тадбиркорлик фаолиятига қаратилган ҳар қандай тўсиқларга муросасиз бўлиш, инвестициявий жозибадорликни оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар жадал олиб борилмоқда.
Бу борада тадбиркорларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бизнесни юритишда улар билан биргаликда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш юзасидан давлат органлари масъулияти оширилиб, улар учун қатор енгилликлар, қулайликларни ўз ичига олган кўплаб меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган.
Давлатимиз раҳбари ҳам Президентлик фаолиятининг илк кунларидаёқ тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун барча шарт-шароитларни яратишга катта эътибор қаратди. Ишбилармонлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ва тўсқинлик қилиш, уларнинг ишини асоссиз тўхтатиб қўйиш президент сиёсатига қарши чиқиш, деб баҳоланди.
Сўнгги етти йилда соҳага доир кўплаб қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларга асосан, рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилиб, муддатлари қисқартирилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди. Юртимизда тадбиркорларга яратилаётган шароитлар, берилаётган имкониятлар туфайли янги субъектлар кескин кўпайиб, аввалдан ишлаётганлари ўз фаолиятини янада кенгайтирди.
Бир вақтлар одамлар тадбиркорлик қилишга қўрқиб қолган, ўзининг бизнес вакили эканини яширадиган даврларни ҳам кўрдик. Мамлакатимизда чинакам тадбиркор қиёфаси, ҳақиқий ишбилармонлик муҳити Янги Ўзбекистонда шаклланди, десак муболаға бўлмайди. Бугун юртимизда тадбиркорлик иқтисодиётимиз локомотивига, соҳа вакиллари эса замонамиз қаҳрамонларига айланди.
Давлатимиз раҳбарининг соҳага бўлган юксак эътибори натижасида юртимизда «тадбиркор бўламан», деган инсонлар сони орта бошлади. Соҳа йилдан йилга ривожланиши ортидан тадбиркорликнинг турли йўналишларига жадал кириб келаётган юртдошларимиз кўпайиб боряпти. Керак бўлса, битта маҳаллада ўнлаб тадбиркор иш бошлаяпти. Энг муҳими, ўзгаришларни, янгиланишларни бизнес вакиллари ҳам кундалик фаолиятида сезиб, ҳис қилиб турибди.
Лекин бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари тарқоқ ҳолда ва ниҳоятда кўп миқдорда қабул қилингани сабабли тадбиркорлар эркинлигини таъминлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда зарур бўлган қонунчилик ҳужжатини топиш ҳамда амалда қўллашда ортиқча вақт сарфлаш каби қийинчиликлар юзага келмоқда.
Шундан келиб чиқиб, тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишда замонавий тенденциялардан келиб чиқиб бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида илғор халқаро тажрибада синалган бир қанча янги ҳуқуқий нормалар асосида «Ўзбекистон Республикасининг Тадбиркорлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Куни кеча Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан қабул қилинган ушбу Кодекс 8 та бўлим, 29 та боб ва 315 та моддадан иборат. Ҳужжат билан тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи 8 та яхлит қонун ва 10 дан ортиқ қонуности ҳужжатлар унификация қилинмоқда ва кодификациялаштирилмоқда.
Шу ўринда «хўш, ушбу кодекс лойиҳасини ишлаб чиқишга нега зарурат туғилди?, мазкур ҳужжатда қандай янги нормалар белгиланмоқда?» деган ҳақли савол туғилиши табиий.
Аввало айтиш керакки, Кодексни қабул қилишдан асосий мақсад фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароитлар яратишга, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашга қаратилган уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Шундан келиб чиқиб тадбиркорлик Кодексида тадбиркорлар манфаатларини, эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган қуйидаги янги нормалар белгиланмоқда:
Хусусан, тадбиркорлик субъектларини кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда. Унга кўра, кичик тадбиркорлик субъектлари – ходимлар сони 100 нафаргача, календарь йил давомида жами даромади 35 минг БҲМгача, ўрта тадбиркорлик субъектлари – ходимлар сони 101-250 нафар, календарь йил давомида жами даромади 35 минг БҲМдан 350 минг БҲМгача, йирик тадбиркорлик субъектлари – ходимлар сони 250 нафардан ортиқ ва календарь йил давомида жами даромади 350 минг БҲМдан ортиқ бўлган тадбиркорлик субъектлари киради. Бунда кичик тадбиркорлик субъектлари тоифасига якка тартибдаги тадбиркорлар, микрофирмалар ва кичик корхоналар кириши белгиланди.
Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратилиши уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва сифатли расмий статистика маълумотларини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Кодексда якка тартибдаги тадбиркорларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилаётгани эса уларга эндиликда фаолиятларини янада кенгайтиришга ва кўпроқ даромад олишларига кенг имконият яратади.
Мазкур ҳужжатда тадбиркорлик фаолиятига давлат органлари аралашувини мумкин қадар чеклашга қаратилган нормалар ҳам белгиланиб, улар фаолияти устидан давлат назорати соҳасида бир қатор янгиликлар жорий этилмоқда. Хусусан, назорат қилувчи органлар томонидан назорат тартибини белгиловчи қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш тақиқланмоқда. Давлат назоратининг 4 та статистика ва бошқа ахборотларни таҳлил қилиш, мониторинг, профилактик тадбирлар ва текширув шакли белгиланмоқда. Бунда давлат назоратининг фақат текширув шаклида аниқланган қоидабузарликлар юзасидан тадбиркорга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши мумкинлиги назарда тутиляпти.
Муҳим жиҳатлардан яна бири шуки, эндиликда асоссиз текширувларни олдини олиш, тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 38 та давлат органининг 147 та назорат функциялари ва Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 20 турдаги текширувлар рўйхатлари мазкур Кодексга илова сифатида тасдиқланиб, текширувлар фақат шу рўйхат асосида ўтказилиши белгиланяпти. Бу ўз навбатида, давлат органларининг тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашуви ҳолатларига чек қўяди, десак янглишмаймиз.
Тадбиркор фаолиятидаги барча текширувлар профилактик тадбирлар ўтказилгандан сўнггина амалга оширилиши ва илк бор назорат қилувчи органларнинг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилиши ва эндиликда назорат қилувчи орган «хавфни таҳлил қилиш» бўйича ўтказиладиган текширув тўғрисида тадбиркорни текширувга камида 10 иш куни қолганда уни олдиндан хабардор қилиши қатъий белгилаб қўйилгани айни муддао бўлди. Зеро, бу тадбиркорлик эркинлиги кафолатларини таъминлашга хизмат қилади.
Кодекснинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда эндиликда тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзларнинг ягона реестрини шакллантирилиши, улар учун давлат субсидиясини ажратиш мумкин бўлган йўналишлар рўйхати белгиланмоқда. Қолаверса, тадбиркорларга қўшимча мажбуриятларни юклашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қабул қилингандан кейин бир йил давомида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тақиқланиши белгиланди. Шубҳасиз, ушбу янгиликлар тадбиркорлар томонидан яқин ўрта муддатга мўлжалланган ўзларининг бизнес режаларини белгилаб олишларига кенг имкон яратади.
Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик кодекси бугунги кунда тарқоқ ҳолда бўлган тадбиркорликка оид қонунчилик ҳужжатларини ягона ҳужжатга бирлаштириш, тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини барқарорлаштириш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини кескин камайтириш, шунингдек, тадбиркорлик ҳуқуқи соҳасида ягона ёндашувни белгилашга хизмат қилади.
Абдуғани УМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг