Янгиликлар 2058
Тафаккурни торайтирувчи техникалар
Бугунги кунда кўпчилик ёши улуғ кишилар ҳозирги давр ёшлари билан ўзларининг ёшлик давридаги болаларни жуда кўп солиштиришади. Аммо ҳозирги замон фарзандларини ўраб турган муҳитни инобатга олсак бу сал адолатдан узоқроқ. Чунки, ҳозирги замон болалари, наинки ёшлар, балки катталар онги ҳам бизга кўринмас куч орқали бошқариляпти.
Техника тараққиёти. Албатта, бусиз бугунги ҳаётимизнинг бир дақиқасини тасаввур қилишнинг иложи йўқ. Табиийки техника тараққиётининг дастлабки босқичлари инсонлар учун хизмат қилган. Узоқни яқин қилувчи машиналар, телефон, телевизор, интернет... Ҳозирчи, улардан инсон онгини торайтириш мақсадида фойдаланилмоқда. Биргина, тв орқали кунига 100 марта бериб бориладиган рекламалар, савиясиз сериаллар, қўрқинчли персонажга эга мултьфильмлар бизнинг онгимизни ривожлантиради деб ўйлайсизми, аксинча, улар инсон онгини фақат торайтиради. Ачинарлиси катта-ю кичик ҳамма интернетга муккасидан кетган. Агар техникалардан фойдали мақсадда қўлланилса, бу албатта яхши, аммо, болаларни ва ҳатто ўзимизни ҳам доим нозорат қила олмаймиз. Гуёки бизни шу техникалар тарбиялаяпти. Кўринмас занжир орқали бизни жарлик томон еткалаб бораяпти гуё.
Қўйида келтирилган воқеа юқоридаги фикримнинг исботи.
“Самарқандда тик-токер йигитлар лайк йиғиш мақсадида ўзини томдан ташлагани ҳақида “Бу кун” информацион дастури хабар қилади. Маълум қилинишича, йигитлардан бири энди юра олмаслиги ҳам мумкин.
“Мен дўстим билан Тик-ток ижтимоий тармоғида қизиқиб профиль очдик. Обуначиларимизни кўпайтириш мақсадида иккаламиз томга чиқдик ва томдан ўзимизни ташладик. Дўстим ҳозир шифохонада, докторларнинг айтишича у оёққа турмаслиги ҳам мумкин экан”, дейди томдан ўзини ташлаган йигитлардан бири”.
Битта лайк учун шу даражага борадиган “манқурт”га қачон айланиб улгурдик. Биз кимнинг авлодларимиз, кимдан ибрат олаяпмиз? Ижтимоий тармоқларда миллий қадрятларимиз, урф-одатларимизни оёқ ости қилиб ҳаёсизларча ҳар хил мақом қилаётган қизлар, ғурур-ор нималигини ҳам унутиб оғзига келган сўзларни тафаккур элагидан ўтказмасдан “қўйиб” юбораётган йигитларни кўриб ёқа ушлайсан.
Автобусда 8-9 ёшлардаги бола билан онаси чиқдию бўш ўриндиққа ўтирди. Йўл бўйи телефонда суҳбатлашиб келаётган онага қараб фарзанди, “Уф, бетайин танишларингиз жонга тегди қачон телефонни бўшатасиз, ўйиним қизиқ жойига келиб қолди” деб хархаша қилар, она эса бепарволарча болани силтаб, хунук сўзларни ишлатиб жим кетишни талаб қилар эди.
Бу ёқимсиз ҳодисани кузатиб кетаётган 7 ёшли ўғлим “Аяжон, бу бола нега тарбиясизлик қилаяпти, уйдагилари, устозлари ўргатмаганми катталарни ҳурмат қилишни, кўпчилик бор жойда халақит бермай кетишни” деб қолди.
Ўйланиб қолдим. Аввало, онанинг ўзида ўргатадиган нимадир бўлса ўргатади-да. Боланинг бу ҳолатга келишида оиладаги муҳитнинг ўрни катта. Ҳозир биз ўрганиб қолганмиз фарзандимиз қорни тўқ, усти бут бўлса, ташқи томондан қараганда саломатлиги жойида бўлса бўлди. Қорнинг очми ма овқат, пул керакми мана пул мени тинч қўй деганча телефонга шунғиймиз ёки сериалларни тагига ётиб оламиз. Уларнинг ҳаётини томоша қилиб, уларнинг дарди – ҳаёли билан ўзимизни ҳаётимизни издан чиқиб кетаётганини сезмаймиз ҳам.
Тадқиқотларга кўра, инсонда қанча кўп бўш вақт бўлса, у уни шунча бефойда нарсаларга сарфлар экан. Келинг азизлар кеч бўлмасдан вақтни тўғри бошқаришни ўрганайлик. Бу – келажакдаги муваффақиятларимизнинг олтин калити! Унутманг, кимгадир кўпроқ, кимгадир камроқ вақт берилмаган – ҳаммага бир хил вақт ажратилган.
Телефон, телевизор, интернетдан фойдаланмаслик керак, деб айтишдан йироқмиз. Техника тараққиётидан мақсадли фойдаланиб, ватан равнақига ҳисса қўшайлик. Фарзандларимиз, ёш авлод биздан ўрнак олсин. “Қуш уясида кўрганини қилади”. Ёшлар ҳам биздан кўрганини қилади, биз айтганимизни эмас.
Лола САЙИДОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг