Янгиликлар 3207
Таҳрирсиз хат: “Нега мулкимдан маҳрум бўлдим?..”
Ўзим ҳуқуқшуносман. Самарқанд давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаганман. Ҳуқуқшунос бўла туриб уч йилдан буён Фуқаролик ишлари бўйича Қарши шаҳар туманлараро судининг судьяси (собиқ) А.И.Мирходжаевнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан азият чекиб юрибман.
Сўзимни қисқароқ қилсам, 2013 йилнинг 3 июнида Қарши шаҳар 1-сонли давлат нотариал идораси нотариуси Г.Худойқулов томонидан 2001 йилнинг 24 январида реестрда 3-242-рақам билан қайд этилиб, тасдиқланган васиятномага асосан 2002 йил 15 сентябрда вафот этган марҳум Базар Уруновнинг васиятномасида кўрсатилган мулк Қарши шаҳар Арслонов кўчаси 6-уйда яшовчи Мансур Базаровга (яъни марҳумнинг набираси) ўтказилган.
Ушбу ҳолат Қарши шаҳар хўжалик ҳисобидаги Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати томонидан 2013 йил 4 июнда берилган 2246-сонли маълумотнома билан ўз тасдиғини топган.
Мансур Базаров уйга эгалик ҳуқуқини қўлга киритгач, уни менга сотди. Мен билан Мансур Базаров ўртасида нотариал тартибда расмийлаштирилган 2013 йил 5 июндаги шартнома уй эгаси олди-сотди қилинаётган мазкур уй-жойнинг бир қисми бошқа шахсга сотилганлиги ёхуд сотилиши тақиқланмаганлиги, ҳадя қилинмаганлиги, айирбошланмаганлиги ёки қарз эвазига берилмаганлиги, гаровга қўйилмаганлиги, мазкур уй-жойнинг бир қисми юзасидан ҳеч бир низо ва тақиқлар йўқлиги тасдиқлаб қўйилган.
Уйни сотиб олгандан сўнг, уни таъмирлаб, чиройли ҳолатга келтириб, яшай бошладим. 2013 йил 19 ноябрда реестрда 11143-рақам билан қайд этиб, тасдиқланган ўзаро олди-сотди шартномасига асосан уй-жойни фуқаро Хуршид Хидировга сотдим.
Шу ўринда бир ҳақиқатни айтиб ўтишим керакки, мазкур уйни мен Мансур Базаровдан сотиб олаётган вақтимда ҳозир ишда даъвогар сифатида иштирок этаётган отаси Жўра Базаров ҳам иштирок этган. Уйни сотиб олишимга монелик қилмаслигини айтган. Бу сўзларимни тасдиқловчи гувоҳлар ҳам бор. Улар кейинчалик бу уйни фуқаро Х.Хидировга сотганлигимдан хабардор бўлишган ва эътироз билдиришмаган.
Бироқ кейинчалик, яъни орадан тўрт йил ўтиб, ота-бола Жўра Базаров ва Мансур Базаров уйни қайтариб олиш пайига тушишди. Шу мақсадда Жўра Базаров ушбу турар жойнинг бир қисмига оид, мен билан Мансур Базаров ўртасида тузилган шартномани бекор қилишни сўраб Фуқаролик ишлари бўйича Қарши шаҳар судига мурожаат қилди.
Давлат ва фуқаролар манфаатидан ўз манфаатини устун қўядиган (собиқ) судья А.И.Мирходжаев даъвогар Жўра Базаровнинг жавобгарлар Мансур Базаров ҳамда Қарши шаҳар 1-сон давлат нотариал идорасига нисбатан ворислик ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги даъвосини қаноатлантирди.
Мен уйни сотиб олган ва уни таъмирлашга кетган қанчадан-қанча пулларимдан айриладиган бўлдим. Х.Хидиров эса менга нисбатан уй-жой учун тўланган пулни қайтариб олиш учун Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилди. Мазкур фуқаролик иши Қашқадарё вилоят суди томонидан 2018 йил 17 декабрда кўриб чиқилиб, мендан Х.Хидиров фойдасига 216 миллион 814 минг сўм, давлат фойдасига 8 миллион 672 560 сўм давлат божи ундириш белгиланди.
Мен суддан чақирув қоғози олмадим. Демакки, судда қатнашмадим. Суд эса сиртдан менинг эътирозим, тўпланган ҳужжатларимсиз қарор чиқарди. Мазкур фуқаролик иши Қашқадарё вилоят судида 2019 йил 17 апрелда қайта кўриб чиқилиб, мендан Х.Хидировга 83 миллион 421 минг 500 сўм ундириш белгиланди. Ушбу суднинг 2019 йил 24 апрелдаги қўшимча ҳал қилув қарорига асосан даъвогар Х.Хидиров давлат фойдасига 5 миллион 493 минг 200 сўм тўлайдиган бўлди...
Маълумки, амалдаги қонунчилик талаби бўйича даъво муддати 3 йил. Бироқ Ж.Базаровнинг даъво аризаси тўрт йилдан сўнг берилмоқда. А.И.Мирходжаев эса юқоридаги моддани билиб туриб, ишни кўриб чиққан ва ноқонуний ҳукм чиқарган. Айнан биринчи инстанция судида йўл қўйилган хато туфайли яқин уч йилдан буён судма-суд овора бўлиб юрибман. Бир сўз билан айтганда, ана шу хато туфайли ўз мулкимдан маҳрум бўлиб қолдим.
Ҳурматли “Адолат” газетаси ходимлари! Сизлардан илтимос, менинг ҳуқуқларимни ҳимоя қилишда ва адолат қарор топишида ёрдам берсангизлар.
Отабек Саидов,
Қарши шаҳри
Таҳририятдан: Биз бу ўринда кимнидир ҳақ ёки ноҳақ дейиш фикридан йироқмиз. Фақат фуқаролар жуда оддий ҳолатларда ҳам овора бўлишаётгани, саволларига мутасадди идоралардан ўз вақтида жавоб олмаётгани уларнинг турли юқори ташкилотлар ёки таҳририятларга мурожаат қилишига сабаб бўлаётганини эслатиб қўймоқчимиз, холос. Яна бир гап. Биз юқорида эълон қилинган мактубни қисқартиришлар билан чоп этдик. Аризанинг тўлиқ матни ва унга илова қилинган ҳужжатларни тегишли идоралар эътиборига ҳавола этамиз. Умид қиламизки, таҳририят аралашувидан сўнг бу чигал масала адолатли ечим топади.

Фикрингизни қолдиринг