Таълим кредити ажратишнинг янги тизими жорий этилмоқда

05.08.2021 16:08:00

Бугун мамлакатимизда салоҳиятли, етук кадрларни тарбиялаш устувор вазифага айланган.

Амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотларнинг негизида айнан ёш авлод вакилларининг камолоти кўзланади. Негаки, юртимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи, яқин ва порлоқ келажаги ҳам айнан ёшлардир.

Ўтган давр мобайнида давлатимиз раҳбарининг ёшлар манфаати, келажаги, ҳуқуқларини ифода этувчи 55 та фармон, 117 та қарорлар имзоланганлиги ёшларга қаратилаётган юксак эътибор ва рағбатнинг ёрқин ифодаси, десак ҳеч муболаға бўлмайди.

Айниқса, жорий йил мамлакатимизда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилиниши ҳам ёшларга эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

Ўтган давр мобайнида олий таълим муассасалари сони 127 тага етказилиб, 26 та хорижий университетларнинг филиаллари очилди. Охирги 5 йилда олий ўқув юртларга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 мингтага етказилди. Давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилиб, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг нафар қизларга олий ўқув юртларига кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани минглаб оилаларга кутилмаган қувонч ва шодлик олиб кирди.

Маълумки, бу йил мамлакатимизда мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларини қарийб 560 минг нафар ёшлар тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяди. 

Айтиш жоизки, ҳар йили юз минглаб ёшларимиз талаба бўлиш истагида юртимиздаги олий таълим муассасаларига ҳужжатларини топширади. Шуларнинг ичидан билимли, шижоатли ва албатта омадлилари талабалик мақомига муяссар бўлади.

Жорий йилда ҳам 1 миллион икки юз мингдан зиёд мамлакатимиз ёшлари яхши ниятлар билан юртимизда фаолият кўрсатаётгани олий ўқув юртларига ҳужжат топширди.

Дунё бўйлаб ўқиган, замонавий илм ва ҳунарларни пухта эгаллаган, ёш авлодини айни шу руҳда тарбиялаган халқлар, давлатлар жадал ривожланиб келмоқда.

Шу кунга қадар ота-оналар фарзандини олийгоҳда ўқитиш учун 22-28 фоиз ставкадаги таълим кредитини 3 йил муддатга олиб келмоқда эди. Бу эса айниқса, узоқ ва чекка жойларда яшайдиган оилаларга оғирлик қилаётган эди.

Жорий йилнинг 30 июль куни Президентимиз томонидан қабул қилинган “Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5203-сон қарори ёшлар ва уларнинг ота-оналари учун янги имконият эшигини очмоқада.

Қарорга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан республикадаги барча олий таълим ташкилотлари бакалавриатининг кундузги таълим шаклида ҳамда магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун таълим кредити ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилади.

 Бунда:

- тижорат банклари таълим кредитларини Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратади;

-таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади;

-таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади;

- “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилалар фарзандларидан таълим кредити учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.

Шунингдек, Қарорга мувофиқ, Молия вазирлиги ҳузурида Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ташкил этилди.

- Жамғармага 2021 йилда камида 1 триллион сўм, кейинги йилларда ҳақиқий талабдан келиб чиқиб маблағлар ажратилиши белгиланди.

Қарорда белгилаб берилган аниқ вазифалар Давлатимиз Раҳбари томонидан ёшларимизнинг замонавий билим олишлари учун яратилган кенг имкониятлардан бири сифатида нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида Ўзбекистон ёшларининг юксак даражаларга кўтарилиши учун замин яратади, деб ишонамиз.

 

Гулнисо САИДОВА,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

Марказий аппарати бошқарма бошлиғи

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+