Таълим сифатини юксалтириш - муҳим вазифа

28.12.2022 20:12:05

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси айнан бугун инсониятнинг ниҳоятда мураккаб даврни бошидан кечираётган вақтда, халқаро майдонда қарама-қаршилик ва можароларнинг натижасида барқарорлик ва ривожланишга жиддий хавф солинаётган пайтга тўғри келди. Дунё ҳамжамиятида юз бераётган хавф-хатарлар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ албатта. Ҳақиқатдан ҳам бугун жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишда ҳамда тараққиётга эришишда фақатгина жасоратли бўлиш, машаққатли меҳнат ва билим зарур - деди Президент.

2023 йилга мўлжалланган Мурожаатномада Давлатимиз Раҳбари олтита устувор йўналишни санаб ўтди.

Шунга кўра, Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади. Бу қўйилган масала бежиз эмас, албатта. Чунки, мамлакатимизда кўзланган улкан мақсадларга билим ва тарбия орқали эришиш мумкин.

Президентимиз таъбири билан айтганда, таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир. Шунинг учун ушбу соҳада бошланган ислоҳотларни давом эттириш ва ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим-тарбияси, замонавий билимларни чуқур эгаллашлари учун соҳага янги технологияларни жорий этиш муҳимдир. Чунки, ёшларнинг чуқур билим ва ҳаётий кўникмаларга эга бўлишлари Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар қаторидан жой олишида муҳим ўрин тутади.

Фарзандларимиз фундаментал билимлар билан биргаликда хорижий тиллар, ахборот технологиялари каби илм билан қуролланмоқлари лозим.

2023 йилдан мактаб таълими халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилинади. Бу ишларни тизимли йўлга қўйиш, янги дарсликларни ишлаб чиқиш, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади. Шунингдек, илғор таълим стандартлари ва методикаларини жорий этиш учун алоҳида илмий институт ва лабораториялар ташкил қилинади.

Мактабларда сифатли таълим тизимига ўтилиши эса ўқитувчилар ва муаллимларнинг масъулиятини янада оширади.

Мактаб бу муқаддас даргоҳ. У ерда келажак авлод фақат билим эмас, тарбия ҳам олади. Айнан мактаб таълими ва тарбиясини олган ўқувчи келажакда шахс бўлиб шаклланади ва жамиятга кириб келади. Шу сабабли келажак авлодимизга таълим тарбия берадиган билимли, касбий маҳоратга эга замонавий фикр ва дунёқарашга эга педагоглар керак бўлади. Таълимни сифатли ва натижали амалга оширишда устозлар зиммасидаги масъулият жуда катта. Шунинг учун мурожаатномада президент «Мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифаларимиздан бири бўлади» дея таъкидлади. Чунки, айнан ўқитувчилар Ўзбекистоннинг эртанги кунини белгилайдиган шахсларни тарбиялайди.

Мурожаатномада келгуси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар асосида ўқитиш йўлга қўйилиши, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразмда бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш тажрибаси келаси ўқув йилидан, қолган вилоятлар, Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилиши ва бунинг учун 2,3 триллион сўм маблағ йўналтирилиши таъкидлаб ўтилди. Энг қувонарлиси, келаси йил 70 та янги мактаб қурилиши ва 460 таси кенгайтирилиши ҳамда хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланиши, келаси беш йилда уларнинг сони мингтага етказилиши баробарида ўз ўзидан синфларда ўқувчилар сонининг ҳозиргига нисбатан камайишига ва фарзандларимиз сифатли таълим олишига эришилади.

Мурожаатномада юртбошимиз бежиз «Нажот мактабда, нажот таълимда, нажот билимда» дея таъкидламади. Айнан таълим, тарбия ва билим, бир сўз билан айтганда маърифат - дунёни ўзгартира оладиган кучдир. Таълимни сифатли, натижали амалга оширишга эса бугун ва барча замонларда устозлар масъул, биз эса устозларга шарт-шароит яратиб беришга масъулдирмиз.

Ишончим комилки, Мурожаатномада кўзда тутилган барча дастур ва мақсадлар юртимизнинг янада ривожланишига, халқимизнинг фаровон яшашига, ёшларнинг билимли ва ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлиб етишишига хизмат қилади.

Гулнисо Саидова,

Партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати

Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+