Таълим-тарбия замон талабларига мослашмоқда

06.10.2020 13:10:10

 

Таълим-тарбия – ҳар қайси давлат ва жамиятнинг нафақат бугунги, балки эртанги кунини ҳам ҳал қиладиган энг муҳим ва устувор масаладир. Таълим тизимига берилаётган эътиборни кўриб, мамлакат келажагига бемалол баҳо бериш мумкин. Дарҳақиқат, ушбу соҳа миллат эртасини ҳал қилади. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний  “Тарбия ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат ё фалокат масаласидир” дея бежиз  таъкидламаганлар.

Мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантиришга  устувор аҳамият қаратилмоқда. Янги мактаб, техникумлар ҳамда олий ўқув юртлари билан бирга чет элдаги нуфузли университетларнинг филиаллари очилмоқда, олий таълим муассасаларига қабул квоталари оширилмоқда, кўпгина йўналишлар бўйича сиртқи бўлимлар фаолият кўрсатмоқда.

Буларнинг барчаси таълим-тарбия жараёнларининг сифати ва даражасини замон талаблари асосида тубдан яхшилаш, заҳматкаш устозларимиз, мазкур соҳада фаолият кўрсатаётган барча фидойи инсонлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш, уларнинг қадр-қимматини юксалтиришга қаратилгани билан айниқса аҳамиятлидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида ўқитувчиларни шахсан қутлаганлари, ўқитувчи ва зиёлиларга, шу орқали бутун халқимизга мурожаат йўллаганлари  мамлакатимиз таълим тизими учун янги давр бошланаётганининг яққол далилидир.

Мен ҳам юртбошимизнинг маърузаларини ҳаяжон билан тингладим. Нутқларининг аввалида вилоятимиз ҳокими Эркинжон Турдимовга мурожаат қилар экан “Мирзо Улуғбеклар етишиб чиққан замин...” дея Самарқандимиз ҳақида сўзлаганларида тўлқинланиб кетдим, қани яна 20 ёшга ёшарсаму, ёшлик шижоати ва шашти билан янгиланишлар, ўзгаришларга ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшсам, деган фикр ўтди.

Президентимизнинг нутқларини тинглаб туриб вилоятимизда ҳоким сифатида фаолият юритган даврлари ёдимга тушди. Вилоят ҳокими сифатида Шавкат Миромонович энг аввало таълим тизимига катта эътибор қаратдилар. Шу пайтларда Самарқанд шаҳри 3 та туманга бўлинган, мен Боғишамол туманида халқ таълим бўлими мудири лавозимида фаолият олиб борар эдим. Мактабларнинг аҳволи ночор, иссиқлик тизими ишламайди, ёмғир - қорли мавсумларда томидан чакки томиб турарди. Шундай оғир вазиятларда  вилоят ҳокими ҳар бир мактабга бориб, ўзи шарт-шароитларни ўрганиб чиқарди. Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастури республика бўйича 2004 йилда ишлаб чиқилган бўлса, Шавкат Миромонович томонидан 2001 йилда вилоятимизда ушбу тизим асосида иш олиб борилар эди. Кечагидек ёдимда, Темирйўл туманидаги  24-сонли тўкилиб қолган, эски мактабни замон талаблари асосида таъмирлаб, барча керакли жиҳозлар билан таъминланишида ўзлари бош-қош бўлдилар.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида энди мактаб директори лавозимини танлов асосида, мактабни келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича энг яхши дастурга эга номзод эгаллашини таъкидлаб ўтдилар. Шундай экан, биз депутатлар ҳам эртанги порлоқ келажагимиз, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун олиб борилаётган эзгу ислоҳотларни амалиётга татбиқ этайлик. Ислоҳотларга камарбаста бўлайлик.

 

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+