Янгиликлар 1156
Таълим тизими такомиллашган мамлакатнинг келажаги буюк бўлади
2022 йилни мамлакатимизда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилиниши Ўзбекистонда ҳар бир соҳани ривожлантириш орқали инсон қадри юксалиб бораётганининг ёрқин ифодасидир.
Муҳтарам Президентимизнинг «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тўғрисида» ги Фармони лойиҳаси мамлакатимизнинг яқин келажагида амалга ошириладиган ислоҳотларнинг мақсад ва йўналишларини белгилаб бергани билан аҳамиятли бўлди.
Лойиҳадаги адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналишидаги мактабгача таълимнинг қамров даражасини 80 фоизга етказиш ва унинг сифатини такомиллаштириш, миллий мактабларни кўпайтириш ва ривожлантириш миллий дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча ўқувчи ўринларини яратиш ҳамда дарсликларни янгилаш, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1-4-синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизимини жорий этиш масаласи ҳар бир юртдошимизни тўлқинлантирмасдан қўймади. Чунки, таълим тизими такомиллашган давлатнинг келажаги буюк бўлган.
Шунингдек, олий таълимга қамров даражасини амалдаги 50 фоизга етказиш ва таълимни халқаро андозаларга мослаштириш, мамлакатда ишлаб чиқариладиган дори воситалари миқдорини ошириш, айниқса ҳудудларда бирламчи тиббий-санитария хизматининг фаолияти «бир қадам» тамойили асосида йўлга қўйилиб, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар ташкил этиш каби мақсад ва вазифалар «Инсон қадри учун» тамойилига бўйсундирилган.
Бу тамойилни ҳаётга татбиқ қилишда, Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган фуқаролар, айниқса биз- депутатларнинг фаол иштироки талаб этилади. Ушбу лойиҳа мазмунини пухта ўзлаштириб, унда белгиланган устувор вазифа ва чора-тадбирларни халққа тўлақонли етказиш олдимизда турган улкан вазифалардан бири ҳисобланади.
Ҳозирги кунда, партиямиз фаоллари билан биргаликда жойларда, чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган юртдошларимиз ҳузурида бўлиб, лойиҳанинг мазмун ва моҳиятини тарғиб қилишга қаратилган давра суҳбатилар ва учрашувларни изчиллик билан бошлаб юбордик.
Бу саъй-ҳаракатларимиз ўз навбатида Янги Ўзбекистонимизнинг буюк келажаги учун самарали хизмат қилиши шубҳасиздир.
Дилдора ИСКАНДАРОВА,
«Адолат» СДП Урганч туман Кенгаши раиси,
депутатлик гуруҳи раҳбари.
Фикрингизни қолдиринг